Тоҳир Саидов - Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист


   Сайидов Тохир Самандарович 1965 йилда Хоразм вилоятида туғилган. 2005 йили "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирланган. Миллий театрда 1991 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Т. Саидов кенг қамровли актёр. У илк ижро этган роллари билан томошабинлар эътиборини қозонди. Санъаткор ўз қаҳрамонларининг ички дунёсини очиш устаси. Ижодининг дастлабки палласиданоқ унинг ижрочилик йўналишида комик ҳамда ўткир драматизм рухи билан суғорилган образлар ижросига мойиллик сезилди. У театрда саҳналаштирилган 60 дан зиёд спекталларда ранг-баранг образлар яратди. Жумладан: "Уфқ” спектаклида Турсунбой, "Кундузсиз кечалар”да Сезгир, "Бир кошона сирлари”да Сарвар, "Қаллиқ ўйин”да Чоннама, "Қирол Лир”да Масхарабоз, "Гамлет”да Гамлет, "Етти фарёд”да Адольфо, "Тартюф"да Тартюф, "Шум бола”да Ҳожибобо, "Ўткан кунлар”да Ҳомидбой, "Яраланган оққуш ноласи”да Носир, "Имкон”да Рустамали, "Омон бўлгин, азизим”да Жорж, "Уйқусиз кеча”да Баҳром, "Тортадурман жабрини”да Шотурсун, "Дарахтлар тик туриб жон беради”да Маврусио, "Олтин қиз”да Қодир, "Оқибат”да Жеймс, "Жалолиддин Мангуберди"да Чингизхон каби турли характердаги қаҳрамонлар образини маромига етказиб ижро этди. Т. Сайидов театрдаги фаолияти билан бир қаторда фильм ва сериалларда ҳам ўзига хос ижодий фаолиятни амалга оширди. Булардан "Шайтанат”, "Кўнгил кўчалари”да гадой роли, "Сардор” сериалларида; "Суғдиёна”, "Чавандоз”, "18 квадрат” каби фильмларда 20 дан зиёд образларни маҳорат билан яратди. Актёр образ яратаркан, табиат инъом этган ўзига хос бетакрор, нодир овоз имкониятларидан тўла ва меъёрида фойдаланишга ҳаракат қилади. У театр жамоасида, ташаббускорлиги, тўғри сўзлиги билан ажралиб туради. Ҳар бир ишга виждонан ёндашади. Тўғрисўз, хушфеълли, маъсулиятни ҳис этадиган санъат одами. Т. Сайидов ўзининг ўта ҳаракатчанлиги, меҳнаткашлиги, мустақил фикрлаши, театр манфаатини ҳимоя қилиш қобилияти билан театр жамоасининг ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда.
  Устоз санъаткор айни вақтда Туркияда суратга олинаётган "Мендирман Жалолиддин" сериалида бош вазир - Низомул Мулк ролини ижро этмоқда.