ТЕЛЕФОН ДАФТАРИ


Абдулла ОРИПОВ

ТЕЛЕФОН ДАФТАРИ

Сира ажаб эмас,
Шомдан то саҳар
Ўнлаб дафтарларга кўмилиб қолсам.
Телефон дафтари —
Лекин, бу дафтар...
Юрагим безиллар, қўлимга олсам.
Унда қанча-қанча дўсту қадрдон,
Таниш-нотанишнинг номлари бордир,
Бири Инсон эди, то ҳануз Инсон,
Бошқаси, афсуски иблисга ёрдир.
Бири бойиб кетган, қув, иззат талаб,
Балки ўзгартирган эски рақамин.
Бирови, кўзимнинг ёғини ялаб,
Мендан аллақачон узган қадамин.
Бировига эса ёқмабди мансаб,
Атрофин ялтоқи зотлар ўрабди.
Қай куни қирқ йиллик дўстига қараб,
Исминг нима эди, — дея сўрабди.
Манови камтарин, йўқсил танишим,
Кўнгли ўсмасмиди битта сўзимдан.
Мен ҳам ўзгардимми? Мўлми ё ишим?
Бир бор йўқламабман. Гина ўзимдан...
Фожиа эмасдир бу гаплар зинҳор,
Балки қай бирини тузатса бўлар.
Лекин дафтар ичра қатор ва қатор,
Марҳум дўстларимнинг номлари турар.
О, менинг қалби пок биродарларим,
Қонингиз не учун бемаҳал тинди.
Сиз йўқсиз — мен учун давралар ярим,
Куним кимларгадир қолмишдир энди.
Ҳа, номард бўлса ҳам ширин шу ҳаёт,
Ҳа, заққум бўлса ҳам ғанимат зумлар.
Биламан, ортига қайтмас коинот,
Биламан, тирилиб келмас марҳумлар.
Балки ўчирсамми номларин? Асло!
Чўчийман, ўзимдан дакки егандай.
Улар, рақамларин терсам мабодо,
Юлдузлар ортидан "Лаббай" дегандай.
1994 й.
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот