Фахриддин Ҳайит


   Фахриддин Ҳайитов - 1980 йил 21 Июнь куни Қашқадарё вилоятида туғилган.
   Истеъдодли шоир, моҳир журналист ва ташкилотчи раҳбар сифатида кўп йиллардан буён самарали фаолият кўрсатиб, ўзбек адабиётини ривожлантириш, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур туйғуларини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи ижодкорлардан.
   Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
   Меҳнат фаолиятини “Гулхан” журналида бўлим муҳаррири лавозимида бошлаган. Унинг инсон матонати, мунис ва муштипар ўзбек аёли ва она тимсоли ҳақидаги, шунингдек, миллат дарди ва юрт равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимизга бағишланган кўплаб публицистик асарлари халқимиз ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланган.
   Ўзининг публицистик асарларида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришларни юксак маҳорат билан ёритиб келаётгани учун 2014 йилда «Олтин қалам» Миллий мукофоти билан тақдирланган. 
   Истеъдодли шоир сифатида ўзининг шеърий асарларида юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, она Ватанга муҳаббат туйғуларини юксак бадиий маҳорат билан акс эттириб, мамлакатимиз адабий жамоатчилиги ва адабиёт ихлосмандлари эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.
   2003 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган анъанавий Зомин анжуманида унинг ижодий ишлари ўзбек адабиётининг таниқли намояндалари томонидан муносиб эътироф этилган. 
   Унинг “Илинж”, “Ҳар юракда бир Ватан”, "Ишқим сенга ҳавола", болалар учун "Шоколадли туш" номли китоблари халқ кўнглидан чуқур жой олган.
   Фахриддин Ҳайитов 2005-2008 йиллар давомида “Соғлом авлод” газетасида масъул котиб лавозимида фаолият олиб борди. Ушбу таҳририятда ишлаш жараёнида у ўзининг изланувчанлиги, истеъдоди ва ташаббускорлигини намоён эта олди.  
   2009 йилдан “Соғлом авлод” газетаси бош муҳаррири лавозимида фаолият кўрсатиб, газетани мазмунан бойитиш, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритиш борасида салмоқли ишларни амалга оширди.
   Унинг бевосита раҳбарлигида газетада давлат дастурлари моҳиятидан келиб чиққан ҳолда махсус рукнлар ташкил қилиниб, олим ва мутахассислар, таниқли ижодкорларнинг долзарб мавзулардаги мақолаларини чоп этиш орқали муштарийлар эътиборини қозонди. 
   Амалга оширилган кенг қамровли тадбирлар натижасида у раҳбарлик қилган даврда газета тиражи 2 баробарга ўсиб, 8 минг нусхани ташкил этган.
   Фахриддин Ҳайитов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фаол аъзоси сифатида ўзбек ва қардош халқлар ўртасида самарали ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, ёш ижодкорларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш ишларига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
   2017-2019 йилларда Қирғизистон, Қозоғистон давлатлари ижодкорлари билан ижодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида бир қанча ишларни амалга оширишда фаол иштирок этган.
   Замон билан ҳамнафаслиги, тиниб-тинчимаслиги боис газета таҳририятида кўпгина хайрли ишларни амалга оширди. Таҳририятнинг моддий-техник базаси янгиланди, иш ўринлари кенгайди.
   2018 йилнинг апрель ойидан мамлакат ёшларининг “Ёшлик” – адабий-ижтимоий журнали бош муҳаррири лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Таҳририят фаолиятини кенг йўлга қўйиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, журналнинг ҳам мазмунан, ҳам муқовалаш ва дизайн жиҳатидан сифатини ошириш, оммалаштириш, ёш ижодкорларни жамлаш, рағбатлантириш бўйича ишларни йўлга қўйди. Таржимон сифатида рус, қозоқ, қирғиз шоирларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб келмоқда.
   Фахриддин Ҳайитов “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги”, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган. 
   Тажрибали журналист, серқирра ижодкор ва фаол жамоатчи сифатида мамлакатимиз ижодкорлари ўртасида ҳурмат қозонган.
   Айни дамда "Тонг тушлари" тўплами чоп этилиш арафасида.