Шуҳрат Қаюмов - Матмусанинг дутори


Матмуса қўй сотгани 
Шаҳарга келиб қолди. 
Қайтишда битта қўйнинг 
Пулига дутор олди.

Уйга келгач, йўлакка 
Боғладию отини, 
Завқи сиғмай юракка, 
Чақирди у хотинни.

Мана, хотин, кўриб қўй, 
Мановни дутор дейди. 
Манов боғични парда, 
Манов ипни тор дейди.

Манов қулоқ, бу харрак, 
Яъни, эшак боладир. 
Шаҳарлик уни бундай — 
Бундай қилиб чаладир.

«Муножот» деб отини, 
Матмуса куй чалибди. 
Қулоқ солиб хотини, 
Роса қойил қолибди.

Депти: Раҳмат, шаҳарлик 
Яхши чолғу берибди. 
Фақат битта нарсага 
Ақлим етмай турибди.

Бир маҳал бобомда ҳам 
Шундай чолғу бор эди. 
Эсимдан адашмасам, 
Ўша ҳам дутор эди.

Лекин у чалмай туриб, 
Қулоғини бурарди. 
Бармоғи ҳам манов ип 
Устида югурарди.

Сен бўлсанг битта ерни 
Тутганча қолавердинг. 
Бир хил тингир-тинғирни 
Қуймасдан чалавердинг.

Жаҳли чиқиб Матмуса, 
Хотинини сўкибди. 
Кетган қўйи учун ҳам 
Аламини тўкибди:

«Эй, хотин, сен эрингга 
Нодон гапни деб қуйдинг. 
Нима бўлди? Ё қариб
Эс-ҳушингни еб қўйдинг?

Бобонг қўли дуторда 
Югурса, югургандир. 
Шўрлик керак пардани 
Тополмай қидиргандир.

Энди мен чалганимда 
Оғзингни юм, жим, депти. 
Бобонг парда қидирган, 
Мен уни топдим», депти.

Матмуса шундай қилиб, 
Кўкрагини керибди. 
Эрини доно билиб 
Хотин ҳам тан берибди.

Алқисса шу: Машшоқлар — 
Қидиришни ташласин. 
Керак пардани топган 
Матмусалар яшасин!

Эркин Воҳидов.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот