Ойбек Вейсал ўғли Копадзе


  ОЙБЕК ВЕЙСАЛ ЎҒЛИ КОПАДЗЕ  - 1960 йилнинг 5 сентябрь куни Фарғона шаҳрида, зиёлилар оиласида таваллуд топган. Отаси - Вейсал Жумали ўғли Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном, Фарғона вилояти бош агрономи бўлиб ишлаган. Отаси 1973 йили вафот этган. Онаси - Гулхонум Муҳуби қизи меҳнат фахрийси, ҳозирда 98 ёшда.
  1977 йили Фарғона шаҳридаги №25 ўрта мактабни тугатган. 1978-1982 йиллари ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Театр ва кино актёри” мутахассислигини тамомлаган. 1993 йили Москвада Бутуниттифоқ давлат кинематография институтини “Сценарийнавислик ва киношунослик” бўлимини тугатган. 1995 йилдан Санъатшунослик илмий-тадқиқот институтини “Кино ва ТВ” бўлимида аспирантурани битирган. 2002 йили “Турк киносининг ривожланиш йўллари” мавзусида санъатшунослик фанлари номзодлик диссертациясини  ёқлаган. 
  1995 йилдан ҳозирги Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Тошкент” телеканалида катта муҳаррир вазифасида телевидениедаги фаолиятини бошлаган. Шу телеканалда бошланган муаллифлик дастури “Ракурс” - 10 йил мобайнида МТРК каналларида намойиш этилди. 1999 йили “Ёшлар” телеканалининг очилишида фаол иштирок этган ва ўз кўрсатувлари билан дастурларнинг савиясини оширишда ҳиссасини қўшди. 2009 – 2014 йиллари “Спорт” каналида бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатди. ТВдаги 20 йиллик фаолияти давомида кўплаб дастурларнинг дунёга келишида ўз ҳиссасини қўшган.
   2005 йили янги форматда биринчилар қатори “Миллий сериал” суратга олишга  киришди. 2006 йили “Муҳаббатим - қисматим” ва 2007 йили “Зебузар” сериаллари ТВ орқали кўп маротаба намойиш этилди.
    1995 йили биринчилардан бўлиб ТВ учун турк фильмларини таржима қилишга киришди. 2005 йилдан Тошкентда мунтазам равишда “Турк киноси ҳафталиклари”да намойиш этилган фильмларни таржима қилиб келмоқда.
   2002-2012 йиллари ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Телевидение ва кино режиссёрлиги” кафедрасида “Кино ва ТВ тарихи ва назарияси”дан дарс берган. 2015-2020 йиллардан Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети “ТВ ва радио” кафедраси доценти вазифасида фаолият кўрсатган.
   2016 йилдан Ўзбекистон Давлат Ёш томошабинлар театрида адабий бўлим бошлиғи лавозимида хизмат қилиб келмоқда.