Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари янги босқичда


   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4551-сон Қарори билан “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича” чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
   Мазкур қарор билан 2020 йил 1 мартдан бошлаб:
- аҳоли масканларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш ва ободонлаштириш, шунингдек, уларда комплекс қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширишга оид қарорлар дастлаб ўша ҳудуддаги аҳоли ўртасида муҳокама қилиниб, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиши;
 - жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш ҳақидаги ҳужжатлар қабул қилинганидан (расмийлаштирилганидан) кейин бир кун муддатда тегишли ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилиши;
   2020 йил 1 апрелдан бошлаб:
- шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби жорий этилиши;
 - ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига улар томонидан шахс ушланганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларидан бирини, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбурият юкланиши;
   2020 йил 1 июлдан бошлаб:
- ҳуқуқни чеклайдиган процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, жумладан шахсни ушлаб туриш ҳолатлари ягона электрон ҳисобга олиш тизимига киритиб борилиши белгиланди.
   Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар: 
- прокурор, суриштирувчи ёки терговчининг жиноят ишини қўзғатиш, жиноят иши қўзғатишни рад этиш, тафтиш тайинлаш, суриштирув ёки дастлабки терговни тўхтатиш ва жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарорлари устидан манфаатдор шахслар томонидан бевосита судга шикоят қилиш;
-  суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жумладан ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда таъсир ўтказиш ҳолатлари бўйича жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. 

   Сардорбек ИСМОИЛОВ - Жиноят ишлари бўйича Қува тумани судининг судья  ёрдамчиси.