Қаноатлиларим – қанотлиларим


   Президентимиз Мурожаатномада Шарқ донишмандларининг: “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, Энг катта мерос – бу яхши тарбия, Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!” деган ҳикматли сўзларини мисол келтириб, “Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият керак”, – дея қатъий таъкидладилар. 
   Азал томирида ҳамиша илмга, маърифатга катта эҳтиёж сезган, ҳаётининг энг мазмунли кунларини илм олишга бахшида этган, болаларини билимдон қилиш учун бир қултум сув ва бир парча нонга-да қаноат қилган халқмиз.
   Дунё иқтисодини ушлаб турган таянчи математика бўлиб рақамли иқтисодиёт ва инновацион технологиялари асоси алгоритмсиз бир қадам ҳам олға интила олмас эди. Олам қиёфасини ўзгартираётган компьютерлару мобиль алоқалар ичра “Ал жабр вал муъқобала” асарини ёзиб, алгоритмга асос солган буюк бобомиз Ал-Хоразмийнинг ақли ишлаб турибди. Ер шарини кўтариб турган маънавиятнинг тўрт устунидан учтасини олам аҳли алломалари ушлаб турган бўлса, устуннинг бир томонини ҳазрати бобомиз Алишер Навоийнинг бир ўзлари ушлаб турганини ўзиёқ ўзбекнинг ақл-идроки нақадар қудратли уммон ўзанларига бориб қадалганидан далолат беради. Бу йилги Мурожаатнома мисли тафаккур қўнғироғи бўлиб ҳар биримизнинг қалбимизда, виждонимизда акс садо берди.
   “Бу ғоят долзарб ишларни ўзимиз қилмасак, ҳеч ким бизга четдан келиб қилиб бермайди.
Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради.
   Мен бунга қатъий ишонаман ва бу фикрни сизлар ҳам қўллаб- қувватлайсизлар, деб ўйлайман”, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
   Президентимиз ҳар доимгидек миллат болаларини билимли қилишни гўдак ёшидан бошлаш кераклигини уқтириб, бу борада амалга оширилган ва оширилиш зарур бўлган ишлар ҳақида тўхталди:
   “Мактабгача таълимни ривожлантириш борасида бошланган ислоҳотларимиз натижасида ўтган йили 5 минг 722 та давлат, хусусий, оилавий болалар боғчалари ташкил этилди.
   2019 йилда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги 4 та Президент мактаби, 3 та Ижод мактаби иш бошлади.
   Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университет филиали очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди”.
   Шаффоф ҳолда иш олиб борилаётган олий ўқув юртларига қабул жараёнларидан халқимиз ниҳоятда миннатдор. Энди ота-оналар ва ўқитувчилар ёшларимизга ”Билимингиз етарли бўлсагина олий ўқув юртига кирасиз. Билимсиз одамни ҳеч ким қўлламайди. Имтиҳонда қўлингизда ручка ва бошингизда билимдан бошқа суянчиғингиз бўлмайди” демоқда.
   Илгари ҳам билим билан ўқишга кирганлар бор эди, аммо фарзанди мактабни битириши арафасида қинғир йўллар орқали топган пул билан боласини ўқишга жойлаштириш пайида бусиз ҳам йилдан-йилга “ставка”, яъни пора нархини ошираётган коррупциянинг тегирмонига сув қуйиб, қоп-қоп пулларни етказиб бериб, ўқув йилининг ҳар сессиясидан яна пул билан ўтиб, тўрт йилда олий маълумотли деган дипломни сотиб олганларни кўрганмиз. Ҳа, уларга фақат диплом керак эди. Мисоллар: тошкентлик юрист ота ва она нотариал идорада ишлашар, келажакда қизлари ҳам худди ўзларидек пичоғи мой устида бўлишини хоҳлаб, 75 минг АҚШ долларига қизини юридик университетига ўқишга киритишганини маҳалладагилар табиий ҳол деб қабул қилишгани, Тиббиёт коллежига қизини бир қўшнимиз минг долларга ҳамширалик иши йўналишига ўқишга жойлаштирганини эшитган қўшнилар ёқа ушлаб қолишгани рост гап.
   Бу каби қалбаки дипломларнинг яна қанчаси ходимлар бўлимининг картотекаларида турганию, қанча киши сохта диплом билан ишлаб, ҳозирда нафақада экани бир дипломфурушлару, бир худога аён. Ўзларига аёнлиги ҳеч гап эмасдир, эртага улар Яратганнинг олдида савол-жавоб қилади. Чунки уларнинг бўйнида сохта “диплом”ларини қўлга киритган “врачлар” билимсизлигининг қурбони бўлган не-не бегуноҳларнинг қабрлари турибди. Пул билан ёпилган имтиҳонлардан “ўтган” билимсиз ва виждонсиз дипломли прокурорлар, судьялар, терговчилар қўлида пул туфайли айбдорга айлантирилган қалбаки далил ва уйдирма тўла ҳужжатлар туфайли турмаларда чириган бегуноҳларнинг уволи турибди. Сохта дипломфурушлик жинояти бўйича қўлга тушганларга фақатгина жарима солиш эмас, уларни Ватанга хиёнат устида қўлга тушган уюшган жиноятчилар, дея қамоқ жазосига тортиш керак.
   Жанубий Африка Республикасининг Стелленбосс университети кириш қисмида шундай ёзувни ўқиш мумкин:
   “Бирор бир миллатни йўқотиш учун атом бомбалар ёки узоқ радиусга учувчи ракеталар шарт эмас. Бунинг учун бор-йўғи илм олиш сифатини пасайтириш ва имтиҳонлар пайти ўқувчиларга ёлғон ишлатишга рухсат берилса бўлди.
   Натижада беморлар бундай шифокорлар дастидан ўлиб кетади. Бундай муҳандислар қурган бинолар қулайди. Бундай иқтисодчи ва бухгалтерлар қўлида пуллар йўқолиб кетади. Ундай илм олган юрист ва судьялар қўлида АДОЛАТ йўқолади.
   Илм инқирози – бу миллат инқирози
   Мурожаатдан – Мурожаатгача эришган ютуқларимиз тобора шаффофлашаётган фаолиятимиз натижасидир.
   Президентимиз “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, ”ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз” – дея таъкидладилар.
   Азалдан халқимизда “Палаги тоза” деган гап бор.
   “Тинчлик ҳукм сурган юртимда бир қумғон қайноқ сув, бир парча нон мен учун зиёфат”, – деб шукроналар айтар эди бобожоним. Баданида урушнинг мудҳиш қиёфаси акси бўлган саноқсиз чандиқлари ямоқ бўлиб ётган боболарнинг авлодлари қачон ношукурликка ўрганди. Қонимизга, лабзимизга ҳаром луқма қайси замон аралашди?
   Юртда кечаётган юксалишлар, обод бўлаётган шаҳар ва қишлоқлар, гулга бурканаётган гўшалар, баҳор ҳавосидек энтиктирувчи оромижон манзиллар, дилкушо хиёбону сайилгоҳлар, жаннат қушларидек болажонларни бағрида парваришлаётган мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, 4 ёшли гўдаклардан бошлаб чидамли ва адолатли бўлишга ўргатаётган спорт заллари, сузиш ҳавзалари, футбол майдонлари, шахмат заллари, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастиканинг ойнаванд кошоналари, бокс, кураш, белбоғли кураш, каратэ, дзюдо, таэквандо, айкэдо, ўзбек жанг санъати ва ҳоказо, ва ҳоказо санаганинг сари руҳинг тетиклашади, завқинг ошади, дилинг равшан тортиб аллақандай тотли хаёллар ичра қоласан киши. Сабаби, халқимиз спорт сари юзланди. Бугун ҳар бир маҳаллада чемпионлар яшаяпти. Аммо, бу ҳали кам. Ҳар уйда чемпионлар бўлиши шарт. Коррупцияга қарши “ҳалолик вакцинаси” – ҳаромдан ҳазар қилишни келажак авлод онгига гўдакликдан синдириб бориш, бу “ҳалолик вакцинаси” билан чақалоқлигидаёқ эмлаш деганидир.
   Мурожаатдан – Мурожаатгача бўлган вақт ичидаги қувончларимиз, бахтиёрликларимиз, давлат томонидан кўраётган меҳримиз, оилавий шодликларимиз, билимимиз, ақл-идрокимиз, меҳнатимиз натижаларининг барчаси ҳалоллигимиз ҳосилидир. Онамиз каби муштипар, отамиз мисол муҳтарам Ўзбекистонимизга бўлган фарзандлик муҳаббатимиз тимсолидир.
   Дунёдаги нуфузли нашрлардан бири – “Экономист” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – “Йил мамлакати” деб эътироф этгани бу бизнинг фидойи, камтарин, Ватан манфаатини ҳар қандай майда-чуйда, шахсий манфаатлардан устун қўя оладиган миллат эканимизнинг ифодасидир. Бу ҳали бошланиши.
   Хитой давлати коррупция деб аталмиш вабони тарқатгани учун йиллар давомида 2 000 дан ортиқ катта-кичик мансабдорларни отувга ҳукм қилиб, мамлакатни бир қадар тозалаб олгани тарихдан маълум.
   Бизда, ЎЗБЕКларда “Уят ўлимдан қаттиқ” деган гап бор. Ҳа, уят шундай оғирки, ундан кўра ўлиб қўя қолган афзалдир.
   Уят. Олдингизга адолат истаб келган жабрланувчини жиноятчига чиқариб, пул эвазига жиноятчини фариштага айлантириб, қонунни пластилиндек қўлида ўйинчоқ қилаётган “ҳуқуқ ҳимоячи“лари эмланиши керак бўлган ҳалоллик вакцинасидир.
   Уят. Шифокорнинг шифтга термулиб, нажот кутаётган беморнинг ҳолсиз қўлларига қараши, сотувчининг харидор ҳаққига хиёнати, олий таълим домласининг талабага пул эвазига баҳо қўйиши, мактабгача таълим муассасаси мудири ва ошхонадаги ошпазнинг миттилар ҳаққидан юлиши... Айтаверсангиз ваҳима тутади. Санайверсангиз даҳшат! Солиқда, банкда, нотариусда, кадастрда, сувда, электрда, газда, еру кўкда, яъни йўловчи ташиш транспортидаги нақд тушумлару ҳаво йўлларидаги энг қиммат чипталар туфайли миллатда камбағаллик деган тушунчани келтириб чиқараётганларга УЯТ!!!
   ЙЎҚ! Биз биргаликда курашамиз. Нафснинг ўпқонига биргаликда тош бостирамиз. Ҳирсу ҳаво ботқоғини ёпиб, кибрнинг ўлим билан тугагувчи ўчоғини бартараф этамиз.
   Бу бизнинг қўлимиздан келади. Шундай эмасми, палаги тозаларим?! Шундай эмасми, ори осмондан баландларим?!
   Қаноатлиларим – қанотлиларим, шундай эмасми?!

Зулфия МЎМИНОВА, шоира,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Манба: Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги (ЎзА)