НАВОЛАРГА КЎЧГАН ҲИСЛАРИМ


ОҒАЖОН
(Халқона)

Қаро экан кўзингиз,
Бунча ширин сўзингиз,
Манглайимга мос тушди
Оғажон, юлдузингиз.

Сенсан борим, дедингиз,
Дармон-дорим, дедингиз,
Фақат сенга етишмоқ-
Аҳду корим, дедингиз.

Оғам, дилим тош эмас,
Бўй етган қиз ёш эмас,
Алдайман,  деб ўйламанг,
Ҳисларим бебош эмас.

Севиб қолсам, ёмонман,
Озорли, беомонман,
Кўтарсангиз нозимни,
Оғажон, сиз томонман.

Муҳаббат зам-замали,
Азоби ҳам  “мазали”,
Ёрингизни  десунлар:
Оғасининг “асали”.

Бегим бўлинг, оғажон,
Ишқингизда ёнсин жон,
Ошиқлар ҳавас қилар
Иккимизга бегумон.

АСРАСИН

Соғинаман кўрган сайин кўзларингиз,
Дилга ёқар малҳамдайин сўзларингиз,
Юрак титрар йўқотмай деб изларингиз,
Тангрим сизни балолардан асрасин.

Бардошимни синар ҳижрон элчиси гоҳ,
Сиртмоғини ўпиб яшар бўғзимда оҳ,
Мени чоҳга ташлаб, ўзи имлайди моҳ,
Тангрим сизни балолардан асрасин.

Ё биласиз, ё билмайсиз забун ҳолим,
Ўз-ўзимга ёт бўлдим-ей, бўлдим золим,
Йўлингизга жоним қўйдим, етмас молим,
Тангрим сизни балолардан асрасин.

Меҳрингизнинг офтобида сел бўлдим мен,
Лайлиларнинг карвонига эл бўлдим мен,
Санобар дер:  “Сизни кўргач,  гул бўлдим мен”,
Тангрим сизни жафолардан асрасин.

МУҲАББАТГА ИШОНДИМ МЕН...

Муҳаббатга ишондим мен, муҳаббатга,
Сирларимни фош айлади юраккинам, 
Қайсар эдим, ўргандим-а  итоатга, 
У бошлади чўғли, тиғли йўлларидан.

Товонимдан сирқиради оғриқларим,
Йўлларимга туташди-ку дилдаги чўғ,
Алвонланиб бораяпман кўнгли ярим,
Бошим узра муҳаббатдан яралган туғ.

Ишқли қалбнинг тўлқинига етолмас-ей,
Дарёларнинг шиддати паст, шиддати паст.
Ҳам бор қилар, ҳам йўқ қилар бир нафас-ей,
Сув билан ўт кўз ўнгингда бойлашар баҳс.

Муҳаббатга ишондим мен, муҳаббатга,
Кўзларимни боғлаб қўйди ёсуманим.
Мангу маҳрам бўлиб қолдим садоқатга,
Мен Санобар яшаяпман Тангри ёрим...

МЕНГА БИР СЎЗ АЙТИНГ

Менга бир сўз айтинг гардлардан фориғ,
Токи бинафшалар атрига чўмай.
Менга бир сўз айтинг, кўксимдаги чўғ
Гурласин, мен сизни шу ўтга кўмай.

Менга бир сўз айтинг девона, саркаш,
Умрим йўлингизга айлай поёндоз.
Бир калом малҳамдир, бир сўз бўлар тош,
Тошлардан асрасин иноятингиз.

Менга бир сўз айтинг, ҳабибим, бир сўз...
Эласин гуноҳу савобларимни.
Симларга осилган ёмғирдай айбсиз
Кўз ёшлар ювмасин қароқларимни.

Токи у сўз оқсин томирда жондай
(Жон вужудингдаги дунё, аслида).
Мангу собит турса қурбони бўлай
Эзгулик ва ҳақнинг ҳимоясида.
Менга бир сўз айтинг... шундайин бир сўз...

***
Фироқингда эй жоно, бу юрак тилим-тилим,
Номинг айтсам, ловуллаб куядир, тилим, тилим.
Висолингни фалакдин сўргандим мен мубтало,
На сас бўлди, на садо, озурда дилим, дилим.

Қаро булут қаҳри ёмон қародир-ей, қародир,
Ғаним отган тошлар бошим ёродир-ей, ёродир.
Алдовларга ишонган ул ёрдин нени кутгаймен,
Умидимнинг кўкси энди қародир-ей, қародир.

Ишқ насими кимни ўпмиш, дардлари тизим-тизим,
Манглайида бедор туннинг оҳлари чизим-чизим.
Йўлларига тиғ қўймангиз ошиқ аҳлин ёронлар,
Туғёнлари --ўзи тиғдир, умрига тўзим тўзим!

Айтилмаган азиз калом - армоним-ей, армоним,
Хаёлингсиз ўтган умр - қурбоним-ей, қурбоним.
Ситамларинг Санобарни шеърга айлади пайваст,
Куйдирмаса қоғозни ҳам фиғоним-ей, фиғоним...

УМИДЛИ ДУНЁ

Бу дунёнинг умиди кўп,
Армонлари бисёрдир.
Шодликлари бордир, аммо
Гумонлари беордир.

Дардинг айтсанг қудуқларга,
Қамишлари сайрайди.
Кун ўтмайин ишонганинг
Дўстни сенга "қайрайди".

Шодмон, қувноқ юрсанг гоҳи
Қароқларинг чарақлаб,
"Бунга бир гап бўлган" дея,
Миш-миш келар сўроқлаб.

Ағёрларинг йироқлардан
Қўлин бигиз қилади.
Яхшиликни соғинган дўст
Майин кулиб келади.

Эй, Санобар, шарбат тутгин
Сув бермаган кимсага.
Момоларнинг ўгитлари
Ҳақдир минг йил ўтса-да.
 
Санобар ФАХРИДДИНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот