Умринг завол кўрмасин, замондош!


    
   Яқинда йигирма йилдан буён кўришмаган синфдош дугонамни учратиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашганимдан сўнг шу нарса аён бўлдики, эри ичкилик сабаб  йиқилиб, бошидан оғир операция ўтказибди. Тўрт боласидан борини орттиролмаган синфдошим турмуш ўртоғимни даволатаман, деб ўзлари яшаб турган икки хонали уйини сотишга мажбур бўлибди. Энди  вояга етмаган болалари билан ижарама-ижара юрган экан. Бу мен эшитган  ичкилик сабабчи бўлган биргина воқеа, холос.
  Ана шундай оқибатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда  2011 йилнинг 5 октябрида "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини қабул қилинган эди.
   Спиртли ичимлик озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатида эмас!
- Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозир дунё бўйича ҳар йили одам ўлдириш содир этилишига оид кўрсаткичларнинг тўртдан бири – спиртли ичимликларнинг истеъмол қилиниши билан боғлиқ экан, - дейди Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги маъсул ходими Дилором Турсунова. - Шунингдек, мастлик ҳолати билан боғлиқ бўлган касалликлар ва шикастланишлар оқибатида ҳар йили ер юзида 2,5 млн. киши ҳаётдан кўз юммоқда, улардан 15-29 ёшлилар сони ўрта ҳисобда – 320 минг нафарни ташкил қилади. Шу сабабдирки бу ташкилот томонидан бугунги кунда спиртли ичимликлар авваллардагидек озиқ-овқат маҳсулоти эмас, балки тўлақонли психотроп моддалар қаторига киритилган. 
   Тиббиёт илмининг султони Абу Али ибн Сино эса ўз вақтида  «шароб (спиртли ичимлик)»ни – «заҳарнинг бир тури»,  деб бежиз таърифламаган. 
 
     Яна бир заҳри қотил - бу тамаки

  Биз билан бирга уруш кўрган, очарчилик нималигини бошидан ўтказган, ёшлик умрини етимликка берган минглаб ота-боболаримиз яшаяпти. Бироқ уларнинг ҳеч бирида ўз ҳаётига норозилик намойиши сифатида ёмон иллатларни кўрмадим. Ҳали  турмуш нималигини тушуниб етмаган бугунги баъзи ёшларунинг ташвишларини унутиб  ором олиш учун қўлларига сигарета олишади. Унинг кайфидан сархуш бўлиб кўнгиллари яна бошқа нарсаларни тусаб қолади. Уларнинг бу одатлари аслида тўқликка шўхликнинг бир кўриниши.  
- Худди шунингдек, бугунги кунда тамаки маҳсулотларини мунтазам равишда истеъмол қилиш – кашандалик дунё аҳолиси ўртасидаги ўлим ҳолатларини келтириб чиқарувчи иккинчи сабаб эканлиги исботланган. - дейди Дилором Турсунова.  -  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий маълумотларига кўра, Ер шарининг 1,4 миллиард аҳолиси кашандаликка дучор бўлган. Бугунги кунда мунтазам равишда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, яъни унга ружу қўйиш, оддий айтганда, кашандалик инсоннинг жисмонан ва руҳий физиологик (психофизиологик) жиҳатдан унга ўрганиб қолаётганлиги учун гиёҳвандликнинг энг оғир шаклларидан бири, деб тан олинган. Бутун жаҳонда катта ёшлилар ўлимининг 12 фоизи кашандалик – тамаки маҳсулотларининг оғир оқибатлари туфайли рўй бермоқда ва бунинг натижасда ҳар йили 5,4 млн. одам фақат шу сабабли оламдан кўз юммоқда. Мазкур Қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган 25 та моддадан иборат . Бу ҳужжат  фуқароларнинг соғлиғини, аввало, йигирма ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришга а қаратилган.

          Мендан кетгунча, эгасига етгунча...

  Чекувчилар  нафақат ўзларига, балки бошқаларга ҳам сезиларли зарар етказаётганларини баъзида билишмайди ҳам. 
- Тамаки тутуни таркибида 7 мингдан ортиқ компонентлар бўлиб, улардан аксарияти фармакологик жиҳатдан жуда фаол, заҳарли, мутаген ва канцероген моддалар эканлиги аниқланган. –дейди Д. Турсунова. - Юқумли бўлмаган касалликлар ичида тамаки чекиш сабабли бутун дунёда келиб чиқаётган энг оғир кечадиган касалликлар инсонлар умрига завол бўлмоқда. Маълумотларига кўра, бугунги кунда ўпка саратони касаллиги кўрсаткичлари бутун дунёда ўсиб бориш тенденциясига эга бўлиб, ушбу касалликка чалинганларнинг 98,96 фоизи тамаки маҳсулотларини истеъмол қилувчилардир. Чекмайдиган одамлар чекадиганлар атрофидаги «пассив чекувчилар»ни ташкил қилиб, улар орасида болалар ва аёллар кам эмас. Тамаки тутунидаги заҳарли моддаларнинг айнан «пассив чекувчилар» организмига салбий таъсири кучлироқ эканлиги замонавий тиббиётда аллақачон исботланган.

Бунинг учун қатъий чоралар кўриладими?

   Дилором Турсунова: - Спиртли ичимликларнинг инсон хромосомаларига (инсон пуштига) салбий – мутаген таъсири оқибатида одам ҳомиласининг турли нуқсонлар билан шаклланиши ҳамда оғир даражали туғма ногирон болаларнинг туғилиши фанда исботланган. Баъзида аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб борсангиз "чекишдан ҳам оғирроқ дардлар ҳақида ўйласаларингизчи” дегувчилар ҳам топилади. Бироқ шуни яна бир бор таъкидламоқчиманки, эътибор бериб муложаа қилинмаган оддий яралар баъзида катта чандиқларга сабабчи бўлади. Биргина ўсмирлит ҳаваси билан бошланган чекиш ҳам худди шундай оқибатларга олиб келиши мумкин.

       Умрингизга умр қўшилсин, замондош!

    Энг муҳими, қонун (13-модда)да алкоголь ва тамаки маҳсулотларини йигирма ёшга тўлмаган шахсларга, таълим, спорт ва диний муассасалардан беш юз метрдан кам радиусда жойлашган савдо объектлари томонидан реализация қилиш мумкин эмаслиги хусусидаги норма белгиланган. Қонуннинг 19-моддасига биноан иш жойларида, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғларида, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди..
   Янгидан-янги дори-дармонлар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва сифати, шифокорлар савияси ва тиббий техника сифати қанчалик яхшиланмасин, агар фуқаронинг ўзи ўз саломатлиги учун қайғурмаса, кутилган натижага эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Зеро, мазкур қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган турли асоратлар, касалликлар, ўлим ҳолатлари, айрим хавфли ўсма касалликлари (айниқса, нафас тизимида учрайдиган хавфли ўсмалар), қолаверса, туғма ва оғир ногиронликнинг камайишига олиб келади ва пировардида, миллий генофондимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, келажак авлодимиз ҳар томонлама – жисмонан, ақлан соғлом, юксак интеллектуал салоҳият эгаси бўлиб улғайишининг кафолати бўла олади.
                            
                                                        Мутахассис шарҳи 
  Зарар етказдингми, жарима тўла 

  2015 йил 29 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонунга кўра Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишларга киритилиб, унга кўра  илк маротаба жамоат жойларида чекканлик учун жарима жорий этилди.  
  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 56-1-моддасига биноан, иш жойлари, соғлиқни сақлаш, таълим ва спорт муассасалари, ёнғин хавфи мавжуд жойлар, жумладан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва бошқа жамоат масканларида тамаки маҳсулотларини чекканлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисми миқдоридаги жарима белгиланади.
   Бу каби жойларда тамаки маҳсулотларини фақатгина мазкур бинолардаги махсус белгиланган ҳудудларда чекиш мумкин. Шунингдек, жорий этилган ўзгаришларга мувофиқ, транспорт воситаларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун жарималар ҳам қатъийлаштирилди.
  Жамот транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун муқаддам энг кам ойлик иш ҳақининг йигирмадан бир қисми миқдорида жарима белгиланган бўлса, янги тартибга кўра бу рақам учдан бир қисмга қадар оширилди. Ҳаво кемаларида тамаки, шу жумладан, нос чекканлик учун белгиланган жарима ЭКОИҲнинг 2 баробари миқдорида қолдирилди.
  Бундан ташқари, 30 декабрдан жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун белгиланган жарималар миқдори ҳам оширилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янгиланган 187-моддасига биноан иш жойлари, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг ярми (1/2 қисми) миқдоридаги жаримага сабаб бўлади. Мазкур қоида алкоголь маҳсулотини қўйиб реализация қилиш рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектларига, шунингдек, тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналар ҳамда маросимлар ўтказиладиган жойларга татбиқ этилмайди. Авваллари жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 1/10 дан 1/3 қисмигачани ташкил этган.
   Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан сўнг бир йил ичида қайта амалга оширилса, ЭКОИҲнинг 1/2 дан 2 қисмигача жарима ёки 15 суткагача маъмурий ҳибсга олиш жазоси тайинланади. 
   Коньяк спирти ёки тозаланган этил спиртидан, вино материаллари ва (ёки) таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган, ҳажмидаги этил спиртининг улуши бир ярим фоиздан ортиқ бўлган озиқ-овқат маҳсулоти алкоголь маҳсулоти деб ҳисобланади.

   Гулжамол Шукурова - Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими.
Манба: "Сабо" газетаси. 2016 йил.