ВАТАН АБАДИЙДИР


Мунаввара УСМОНОВА

ВАТАН АБАДИЙДИР

Ини бузилмасин чумолининг ҳам,
Дала-даштга сарсон кетмасин тарқаб.
Одамзод кўп ишга  қодирдир, аммо
Ўргимчак тўрини бўлмайди ясаб.

Илон  бўйламасин қушнинг инига,
Чуғраса титратар кўкни ноласи.
Осмонўпар қаср бунёд этар-у,
Қузғунга ин қурмас инсон боласи.

Гар сайёд қасд этиб отаркан пайкон,
Қоя  учидаги бургут ҳам қурбон.
Айёр, маккор дея  чўпчаклар айтиб,
Тулки терисидан  киямиз чакмон.

Гулзор аро инсон кезса ҳам юз йил,
Битта аричалик йиғолмайди бол.
Баъзи одамлардан савоби бисёр – 
Соя бериб турган кекса букри тол.

Туғилган маконни алишиб бўлмас,
Ватан ва  онани танлаб бўлмайди.
Юрт дея жон бермоқ – меросдир, бироқ
Ватан абадийдир, Ватан ўлмайди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот