Болам, қўлларингга кўзмунчоқ бўлай


  “Сизлар ҳаммаларинг менинг фарзандларимсизлар. Ҳаёт жуда мураккаб. Шуни билингларки, бугун оғир кунлар бўлсаям, Аллоҳ таолонинг ёруғ кунлари бор. Сизларнинг қийналганларинг, оилани эслашларинг, орзу-умидларинг ортида Худонинг марҳамати, эртанги қувонч бор. Бу дунёда ким бахтли бўлишини келажак кўрсатади. Сизларнинг бахтли бўлишингиз учун ҳаётларингизга доимий асос яратишни ўйлаяпмиз. Бир марталик эмас, қонун жиҳатидан. Бу ерни тамомлагандан кейин уй билан таъминланиб, фаровон яшашингизни қонун билан ҳимояга оламиз. Тинчлик-осойишталикда сизларнинг бахтингизни кўриш насиб этсин”, деган эди Президентимиз шу йил 19 февраль куни Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашувда.
  Ҳақиқатан ҳам, юртимизда бундай кўнгли ўксик болаларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай яшаши, келгусида Ватанимизга содиқ фарзанд бўлиб улғайиши учун кўп ишлар қилиняпти. Ўлкамизнинг барча ҳудудларида Меҳрибонлик уйлари ташкил этилган.
— Наманганда айтилган гаплар мен каби болаларнинг юрагига малҳам бўлиб, ўзимизга ишончимизни янада мустаҳкамлади, — дейди Тошкент шаҳридаги 22-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Азиз Охунов. — Президентимизнинг илиқ сўзларидан наманганлик тенгдошларимиз қанчалар шодланган бўлса, биз ҳам ўзимизни шунчалар бахтиёр ҳис қилдик. Мен бу ерга келганимда, 7 ёшда эдим, ҳозир 17 ёшдаман. Худо хоҳласа, оилали бўлганимда, болаларимни ҳеч қачон меҳрга зор қилмайман. Беминнат меҳр ва тарбия бераётган тарбиячиларим, илм ўргатаётган ўқитувчиларимнинг юзини ёруғ қилиб, она Ватанимга муносиб фарзанд бўламан, юксак ишончни, албатта, оқлайман.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек...

  Биз мазкур Меҳрибонлик уйида бўлиб, бу ерда болаларга таълим-тарбия бераётган устозлар, болалар билан суҳбатлашдик, уларнинг яшаш ва ўқиш шароитлари, орзу-ўйлари билан қизиқдик.
— Биласизми, муассасамизда чин етимлар қаторида ота-онаси тирик, лекин ташлаб кетилганлар ҳам бор, — дейди Меҳрибонлик уйи директори ўринбосари Хурсанд Холова. — Масалан, сиз ҳозир гаплашган Азизнинг онаси тирик. Мен бу болани етти ёшлигида ўзим қабул қилиб олганман. Бу ерга кўникиб кетиши жуда ҳам қийин бўлган. Ҳар кун йиғларди, онасини сўрарди. Бир ойдан кейин онасига телефон қилдим, “Болангиз сизни жуда ҳам соғинган, ичикиб қоляпти, келиб, бир кўриб, хабар олиб кетинг”, дедим. Бир марта келди-ю, боласини кўрар-кўрмас шошиб кетиб қолди.
  Аммо яқинда келди. “Ҳукумат қанақадир қарор чиқарибди, етимхонадаги болаларга уй, иш ва яна қўшимча пуллар ҳам берилармиш, шу ҳақда билмоқчи эдим. Тўғрисини айтсам, ўғлимни ҳам жуда соғиндим”, деди. Тушундимки, у кейинги йилларда ўғли ва ўғлига ўхшаган болалар учун юртимизда яратилаётган имкониятлардан фойдаланмоқчи...
  Меҳрибонлик уйидаги болажонларнинг эмин-эркин яшаши учун барча шароитлар яратилган. Турли тўгаракларга мўлжалланган шинам ва ораста хоналар ўғил-қизлар билан гавжум. Кимдир шахмат ўйнаяпти, кимдир расм чизяпти, кимдир спорт билан шуғулланяпти, яна кимдир кашта тикяпти, китоб ўқияпти, мусиқа чаляпти, хуллас, бу ерда ҳаёт жуда қизғин ва шиддатли кечмоқда.
  Ошхона ёнидан ўтаётганимизда қизларнинг кулгуси эшитилди. Биз мазкур муассаса директори ўринбосарлари Хурсанд Холова ва Дилфуза Жўраева билан биргаликда шодон кулгулар эшитилаётган хона томон юрдик. Ичкарига кириб борганимизда, бири-биридан гўзал қизлар турли пишириқ ва таомларни ўз қўллари билан тайёрлаётганига гувоҳ бўлдик. 
— Муассасамизда тарбияланувчилар билан диагностик, психологик, профилактик, коррекцион, консультатив ва реабилитацион ишлар педагог-тарбиячи, психолог, шифокор ва бошқа мутахассислар билан биргаликда олиб борилади, — дейди Дилфуза Жўраева. — Болаларнинг соғлиғини муҳофаза қилган ҳолда, комил ва маънавий баркамол шахс бўлиб шаклланиши учун гуруҳ мураббийлари махсус дастур доирасида иш кўради. Дарслардан кейин қизлар навбати билан пазандалик билан ҳам шуғулланади. Шу йўл билан 7-11-синфларда ўқийдиган қизларимизни оилага, бекаликка тайёрлаб борамиз. Ўғил болалар фан ва бошқа тўгараклардан ташқари спорт машғулотлари билан машғул бўлади. Уларнинг бўш вақтлари фойдали тақсимланган. “Ўқиш, меҳнат, изланиш ва одоб” шиори остида ҳар бир тарбияланувчи доимий ўрганиш ва изланишда.
  Яна бир гап. Юртимиздаги Меҳрибонлик уйларида “Уй-рўзғор академияси” ҳамда замонавий компьютер дастурлаш кўникмаларига ўқитиш курслари ташкил қилинган. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш учун Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларида зарур алоқа воситалари билан жиҳозланган алоҳида хоналар ажратилиб, “1006” ва “11960” қисқа рақамли ишонч телефонлари узлуксиз ишлаши ва улардан тарбияланувчиларнинг эркин фойдаланиши таъминланган. Ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробар оширилди. 

Ота-она меҳри ҳар нарсадан улуғ

  Муассасада тарбияланаётган опа-сингил Муслима ва Шаҳризоданинг ота-онаси ҳалокат туфайли дунёдан ўтган. Бир хонали уйда яшовчи ёлғизгина бувиси невараларини етимхонага топширишга мажбур бўлган. Аммо онахон кекса бўлишига қарамай, тез-тез келиб, невараларининг ҳолидан хабар олиб кетаркан. 
— Мен келажакда журналист бўлмоқчиман, — дейди Шаҳризода биз билан суҳбатда. — Шеър ёзаман, расм чизаман, яна сабрли бўлиш учун кашта тикаман, актрисаликка ҳам қизиқаман. Бу ерда ҳамма тарбиячи ва ўқитувчиларимиз бизга ота-онамиздек қадрли, меҳрибон. Уларни яхши кўраман. Эркалик қилиб турсак ҳам кечиришади, лекин сал пастроқ баҳо олсак, айниқса, Хурсанд опам роса хафа бўлади, токи беш олиб, уларга кўрсатмагунимизча, кўнгиллари сира тинчимайди.
— Сен-чи, катта бўлсанг ким бўлмоқчисан? — дейман майин жилмайиб турган Муслимага.
— Мен шифокор бўламан! Одамларни даволайман. Ҳеч ким касал бўлмаслигини, ота-оналари ўлмаслигини хоҳлайман. Бу ерда ҳамма бизга меҳрибон, барча шароитлар етарли, аммо ота-онамни жуда ҳам соғинаман. Мен ҳам шеърлар ёзаман. Лекин катта бўлганимда, барибир, дўхтир бўламан.
— Ўзим ҳам шу етимхонада тарбияландим, — дейди тарбиячи Анна Набижонова. — Болалигимнинг энг шодон кунлари, ёшлигимнинг ўйинқароқ дамлари ҳамда мунгли ва изтиробли онларим шу даргоҳда ўтган. Тарбиячилар, ўқитувчилар, ходимлар — ҳамма-ҳаммаси мен учун жуда қадрли. Улар жамиятда ўз ўрнимга эга бўлишим учун астойдил ҳаракат қилган. Бу ердаги мактабни тугатгач, аввал коллежда, сўнгра Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олдим. 2014 йилда институтни битириб, тўғри шу ерга, болалигим ўтган қадрдон уйимга ишга келдим. Ҳамиша бизга суянч ва сирдош бўлган меҳрибон директоримиз Шаҳри опадан жуда миннатдорман. Жамоа мени яна қучоқ очиб кутиб олди. Айнан ўша йили ўзбек йигитга турмушга чиқдим. Минг шукрки, қайнонам ҳам, турмуш ўртоғим ҳам жуда меҳрибон. Ҳозир ўзим ҳам онаман. Икки фарзандим бор. Муассасадаги барча болажонларнинг катта опасиман. Уларга меҳр бергим, дардлашгим, сирдош бўлгим келади. Етимликнинг юки оғир бўлишини ўз бошимдан ўтказганман, шунинг учун шу ердаман. Мақсадим — кўнгли кемтикларга озгина бўлса ҳам мададкор бўлиш. Ҳамма нарса муҳайё бўлса-да, ота-она, яқинларингнинг меҳрига ҳеч нарса етмайди...

Ўз уйинг — ўлан тўшагинг

  Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий етимликнинг олдини олиш, аҳоли ва ёшлар орасида соғлом оила қуришга масъулият билан ёндашишни тарғиб қилиш, оилавий қадриятларда маънавий-ахлоқий муносабатни шакллантириш, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини турар жой билан таъминлаш  борасида  жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.
  Маълумотларга қараганда, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига уй-жойга муҳтож деб топилган битирувчилардан 450 нафари турар жой билан таъминланган. 2020 йилнинг январь-декабрь ойларида аввалги йилларда уй-жой билан таъминланмай қолган 569 битирувчининг 124 нафарига уй-жой берилган.
  Президентимиз раҳбарлигида 2020 йил 19 октябрь куни ўтказилган видеоселектор мажлиси баёнида бюджетдан чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун ажратилаётган 30 миллиард сўм маблағнинг манзиллилигини икки ой муддатда таъминлаш  белгиланди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бундай  мақсад учун биринчи марта бюджетдан шунча маблағ ажратилди. Илгари ҳеч қачон чин етим болаларни уй билан таъминлашга бу қадар эътибор қаратилмаган.  
  Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 10 февраль куни 2021 йилги давлат дастурида режалаштирилган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселекторда ижтимоий масалаларга  тўхталиб, вилоят ҳокимлари тегишли вазирликлар билан бирга 1 сентябрга қадар Меҳрибонлик уйларининг муҳтож бўлган битирувчиларини уй-жой билан таъминлаши лозимлигини алоҳида таъкидлади, тегишли топшириқлар берди.
  Таъкидланишича, янги ўқув йили бошлангунга қадар Қорақалпоғистонда — 33 нафар, Андижонда — 30 нафар,   Бухорода — 26 нафар, Жиззахда — 17 нафар, Қашқадарёда — 16 нафар, Навоийда — 91 нафар, Наманганда — 44 нафар, Самарқандда — 59 нафар, Сурхондарёда — 13 нафар, Сирдарёда — 39 нафар, Тошкент вилоятида — 100 нафар, Фарғонада — 26 нафар, Хоразмда — 50 нафар ва Тошкент шаҳрида — 173 нафар, жами 717 нафар уй-жойга муҳтож етимнинг уй муаммоси ҳал бўлади.
  Етимларни уй билан таъминлаш масаласи бугун пайдо бўлгани йўқ. Бу муаммо доимо  кун тартибида бўлиб келган. Лекин узоқ йиллар унинг бажарилиши назорат қилинмаган. Жойлардаги раҳбарлар турли баҳоналар билан  уй-жойга муҳтож етимлар ишини орқага суриб келган. Чунки ота-онасиз болалар 23 ёшга етгач, уй олиш имтиёзидан фойдалана олмасди. Шу боис, Президентимиз кейинги йилларда бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда.

* * *

  Ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини баҳона қилиб, болаларини етимхоналарга топширишга ҳаракат қилаётган ота-оналар, афсуски, оз бўлса-да, учраб турибди. Бу ачинарли, албатта. Халқимиз уруш даврида бир бурда нонга зор бўлган вақтда ҳам зурриёдини кўчага ташлаб қўймаган. Аксинча, ўзга миллат болаларини фарзандликка олган, бир парча нонини  баҳам кўрган...
  Фарзанд умр гулшанини безаб турган нозик гул. Уни асраш, авайлаш, турли нигоҳлардан, зарарли иллатлардан муҳофаза қилиш сизу бизнинг инсонийлик бурчимиз ва асосий вазифамиздир.

Болам, қўлларингга кўзмунчоқ бўлай,
Сен учун осмондаги ойимдан кечай.
Дунё фароғати кулгучингдадир,
Кел, бағримга босиб, оромлар олай...

 Гуличеҳра ДУРДИЕВА, 
"Янги Ўзбекистон" мухбири.
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси.