Нишонга олинган эътиқод


Шов-шувга нега бунчалар ўчмиз? 

   “Уч маротаба ҳажга бориб-келган олтмиш ёшли ҳожи ота икки метрлик девордан ошиб ўтиб қўшнисининг қизига тажовуз қилди. Шовқиндан уйғониб кетган қизнинг онаси ёрдамга шошилди. Лекин зўравон шўрлик онани бир чеккага итқитиб ташлаб, нафсини қондиришга муваффақ бўлди!..”
   Ижтимоий тармоқда кенг тарқалган мазкур хабар дарров муҳокама марказига айланди. Ҳатто хориж радиолари ҳам бу ҳақда дўмбира чалди. Биров ундоқ деди, биров бундоқ. Кўпнинг оғзига элак тутиб бўлмаса! Ҳатто бир опахонимиз истеъфодаги милиция полковниги эканини, бу воқеага холис адвокатлик қилиши мумкинлигигача ёзди.
   Ачинарлиси, кейинчалик ғирт ёлғонлиги исботланган бу хабарнинг батафсил тафсилотларини дунёга ноғора чалганлар ёки шов-шув деса, ўзини жардан ташлайдиганларнинг бирортаси нега шарҳламади? Олтмиш яшар чол қандай қилиб баланд девордан ошиб ўтди, бир ўзи икки кишига қандай бас келди-ю, нафсини қондиришгаям улгурди экан? Нима, у кўзи қонга тўлган ашаддий жиноятчи ё жиловини йўқотган навқирон йигитмиди? Бир ёқда у кишининг муқаддас ибодатларни адо этиб келганига ҳам алоҳида урғу бериляпти. Демак, бир гапи борки!.. Йўқ, бу ҳақда ҳеч ким савол ташламади.
   Инсон онгу тафаккури, дунё­қараши ўзгаришида тарғибот-ташвиқотнинг ўрни нечоғлик муҳим эканини изоҳлаш шарт эмас. Йиллар давомида тартибли-тартибсиз тарғиботнинг усул-услублари ривожлангани сари уни оммага етказиш воситалари ҳам кўпайиб боряпти. Китоб, газета-журнал, радио-телевидение қаторига интернет, ижтимоий тармоқларнинг қўшилиб, ҳатто бир қадар илгарилаб кетаётгани фикримиз исботи. Айниқса, бугун одамлар шу даражага етдики, ухласа ҳам, уйғонса ҳам, ёнида телефон, планшет ва ҳоказо...
   Анъанавий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ҳар бир хабар, фикр-­мулоҳаза ёки муносабат ортида ким турганини излашга ҳожат йўқ. Чунки таомилга кўра, шу маълумотларнинг росту ёлғонлигига жавобгарликни зиммасига олган муаллиф исми-шарифи ошкора бўй кўрсатиб туради. Бу эса табиийки, хабар бериш ва олиш хавфсизлигини муайян даражада таъминлайди, шунингдек, одоб ва ахлоқ қоидаларидан четга чиқишга изн бермайди.
   Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар, айниқса, “Facebook”да дўстлар ва гуруҳлар ўртасида турфа мавзуларда ўзаро фикр алмашиш, баҳс-мунозаралар сезиларли даражада кучайди. Буни бир қарашда ижобий ҳолат деб ҳам баҳолаш мумкин: жамоатчилик фикрининг шаклланиши ўз-ўзидан жамоатчилик назорати функциясини ҳаётга татбиқ этишга олиб келади. Лекин айрим “дўст”ларнинг, фикр берувчининг номаълумлиги, яъни анонимлиги бир қатор муаммоларга йўл очаётгани хавотирлидир. 
   Очиқроқ айтадиган бўлсак, бу каби кўнгилсиз ҳолатлар ғаламис гуруҳлар тегирмонига сув қуяётганини ҳамма ҳам бирданига фаҳмлайвермайди. Эътибор берилса, аввал фаоллардан бири ўзи мансуб гуруҳнинг ғаразли мақсадларини ифода этадиган муайян мавзуни кенг жамоатчилик муҳокамасига ташлайди. Яширин ном остида буни кузатиб турган бошқа қўллаб-қувватловчилар фурсатдан фойдаланиб, дарров тегишли изоҳлари ёрдамида одамларни асл воқеликдан чалғитиб, ўзларининг қабиҳ ниятлари сари етаклаб кетадилар.

“Менинг танам – менинг молим”

   Буниси энди ошиб тушди-ёв. Яқинда ижтимоий тармоқларда турли мазмунда шиорлар кўтариб олган ярим-яланғоч қизларнинг суратлари пайдо бўлди. Нафсиламрини айтганда, коса тагида яширинган нимкоса “тарғибот”нинг дунё жамоатчилиги учун янгилик жиҳати йўқ аслида. Тўқликка шўхлик қилиб юрган қиз-жувонларнинг “Менинг танам – менинг молим”, “Жинсий эҳтиёжимни ўзим хоҳлагандай қондиришни истайман”, “Аёл инкубатор эмас” деган ноинсоний талаблари аллақачон баъзи давлатларнинг ҳаёт тарзига айланиб улгурган. Нафсини жиловлай олмаётган бузғунчилар эса ўша ҳудудлар билан чекланиб қолмайди, албатта. 
   Улар дунёни батамом “забт этиш” учун турли давлатларда бундай пухта ўйланган тизимли хуружларини тез-тез уюштириб туришлари табиий. Куласизми-куясизми, улар айнан ўзбекистонликлар эътиборига ҳавола этаётган чиқишларида миллий ижтимоий муаммоларимиздан бири бўлган қайнона-келин муносабатларини ҳам қамраб олишга ҳаракат қилишгани бежиз эмас. Хорижлик экани яққол сезилиб турган “ташаббус”корлар рус тилида “Келинкалар куёв оиласининг хизматкори эмас!” (Невеста – келинка) деган мазмундаги шиорни ўртага ташлашган. 
   Афсуски, айнан ана шу шиор “шарофати” билан баъзи юртдошларимиз парда ортидаги сирни англаб-англамай, бартараф этилиши лозим бўлган битта-иккита салбий ҳолат сабаб барча дилбандларимиз гўё тутқинликда қолаётгандек, шоша-пиша “Қизларимизга эркинлик бериш керак” деган мазмунда мулоҳазалар билдиришга ҳам улгуришди. Хайриятки, юртдош­ларимизнинг асосий қисми бизнинг миллий қадриятларимизга зид хатти-ҳаракатларни қоралаб, жўяли жавоблар орқали уларнинг пинҳоний ғаразли режаларини фош этиб ташлашди.

“Осмондаги бобой”... тавбага шошилмайсизми?

   Албатта, бундай терс натижани кутмаган қора кучлар ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Улар юзага келган қалтис вазиятни чуқур таҳлил қилишган, шекилли, бу сафар “Facebook”да “Кўринмас одам” дея рўйхатдан ўтган худобехабар кимса номидан яшаш тарзимиз, динимиз ва эътиқодимизга қарши тош отишга киришиб кетишди. “Инсониятга дину диёнат, иймон-эътиқод ҳеч нарса бермайди”, “Худо – осмондаги бобой”, “Дунё худосизларнинг қўлида, жаҳоннинг энг буюк кашфиётчилари, энг бой сармоядорлари эътиқодсиз кишилардир”, “Бизнинг йўриғимиз ёқмаса, интернетдан фойдаланманглар, буям худосизларнинг ихтиросидир” деган турли мазмундаги тутуруқсиз маломатларини ҳатто ёзишгаям иймонли одамнинг журъати етмайди.
   Шахсан мен чидаб туролмадим ва шу ондаёқ бу бетайин кимсанинг иддаоларига қарши ўз муносабатимни билдирдим. Гарчанд баъзилар очиқ-ошкора таҳдидларни “Энди ҳамма кўнглидагини айтишга ҳақли. Ғийбат қилманглар, гуноҳ бўлади”, деб хаспўшлашга уринган бўлсалар-да, аксарият ватандош­ларимизнинг бу нозик мавзуга жиддий ва айни пайтда холисона ёндашуви, таҳлили, наслу насаби номаълум кимсаларга берган панд-насиҳатлари кўнглимни анча кўтарди. 
   Фақат шу ўринда динимиз жонкуярлари – таниқли уламоларимиздан “Эътиқодга очиқ-ошкора хуруж қилинганда жимгина четга чиқиб туриш иймон сустлигидан далолат” экани хусусида маълумот ва изоҳлар кутганим ҳам айни ҳақиқат. Ахир, ислом дини, қолаверса, эътиқод борасидаги мунозараларга соҳа билимдонлари хулоса берса, муносабат билдирса, нур устига нур бўларди-да!..

“Беминнат устоз” керакми?

   Сир эмас, узоқ йиллик истибдод даври тазйиқ ва тақиқларидан сўнг, истиқлол шарофати билан юртимизда ислом дини ва диний-маърифий меросимизни ўрганишга рағбат пайдо бўлди, соҳага оид кўплаб китоблар, рисола ва қўлланмалар чоп этилди. Бироқ диний билимларга қизиққанлар фақат юртимиз ва дунё уламоларининг йиллар синовидан ўтган соф исломий асарларидан фойдаланган ҳолда маънавий эҳтиёжларини қондириб келмоқдалар, десак янглишамиз. 
   Юқорида таъкидлаганимиздек, бу борадаги катта-кичик хуруж, туҳматлар доирасида “беминнат устозлик”ни касб қилиб олган ҳожатбарорлар ҳам анчагина. Ижтимоий тармоқдаги “Инжилни ўрганамиз” саҳифасини ана шундай хизматлардан бири дейишимиз мумкин. Ачинарли жиҳати, ўзини зиёлиман, ижодкорман, деб юрган айрим биродарларимиз асл таълимот бир четда қолиб, шу сингари “муаллим”лардан савод чиқаришаётгани сир эмас. Бунинг асорати уларнинг дунё­ни англаш ҳақидаги мулоҳазаларида, шеър ва ҳикоя деб тақдим этаётган машқларида кузатилаётгани ташвишли. 
   Оддийгина поклик – таҳорат, намоз ва илк зарурий масалалардан бехабар кимсаларнинг тасаввуф борасида фикр юритиши, Умар Хайём, Машраб ижодини таҳлил қилиши, юмшоқроқ айтганда, шаккокликдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун ҳам бу мавзуда қилни қирқ ёрадиган зукко, илмли, элу юрт ўртасида обрў-эътибор қозонган уламоларимизнинг шарҳлари ниҳоятда муҳим.
   Халқимиз ўзининг узоқ ўтмишида жуда кўп босқинларни бошдан кечирган. Баъзан ўта ишонувчанлиги, соддалиги боис озодликдан маҳрум бўлишдек беаёв товонлар тўлашига ҳам тўғри келган. Лекин ҳар сафар дину диёнатини, эътиқодини кўнглида чўғдек асраб-авайлаб ёвузларга қарши курашган, алалоқибат минг-минглаб қурбонлар эвазига эркини яна ўз қўлига олишга муваффақ бўлган. 
   Виртуал олам босқинчилари эса бу дафъа бизнинг энг муқаддас бойлигимиз – эътиқодимизни нишонга олган кўринади. Шу боис юртдошларимиз онгу шуурини юқумли касалликдек ишғол этишга сафарбар этилаётган манфур тарғиботларга қарши курашда бевосита диний соҳа ходимлари, имом-хатибларимиз масъулиятини янада ошириш лозим. Улар ўзлари фаолият олиб бораётган шаҳар ва туман ҳокимликлари матбуот хизматлари билан ҳамкорликда халқимизни, айниқса, ёшларимизни кўринмас кучларнинг маккорона фитналаридан, ботил маълумот ва хабарларидан огоҳ этиб турсалар, аминмизки, ёт ғоя ва пуч даъволарга нисбатан мустаҳкам ҳимоя қобиғи яратилади. Шунда биз ҳам асрлар мобайнида шаклланган эътиқодимиз, миллий-маънавий меросимиз, ҳаётбахш қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашни ўрганамиз. Зеро, фаросат ва огоҳлик мўминлик сифатларидандир.

Сирожиддин РАУФ,
“Шарқ юлдузи” ва 
“Звезда Востока”
журналлари бош муҳаррири, шоир.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот