Фароғат Худойқуловага табрик


  "Шуҳрат" медали, Ички Ишлар Вазирлигининг “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони соҳибаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Фароғат Худойқуловани таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз.
  Фароғат Худойқуловага мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаб қоламиз! 

Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.

  Маълумот: Фароғат Худойқулова 1975 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Куй дилим, суйгулим”, “Айтолмаган сўзларим”, “Ойдинлик” номли китоблари чоп этилган.
ВАҚТ

Сочларимга оқ тушиб бир кун,
Хайрлашмай кетар ёшлигим.
Илк бор тунда шеър айтмай хаста,
Ёмғир куйин тинглагайман жим.

Юзларимга тушар – гул, ажин,
Арз қилолмам шунда ҳеч кимга.
Не қилса ҳам қилар-ку вақт, лек
Раҳна сололмайди севгимга.
ФАРИШТА АЁЛ

Мағрур турган қишги боғларнинг,
Кўксин ёрди пишқирган шамол.
Бир аёлнинг маҳзун севгиси,
Тун бағрига келганда малол.

Сочларида ёмғир томчиси,
Гуноҳларин ювиб куйлади.
Ўзиники эмас ғами ҳам,
Шамолники эди кўйлаги.

Булут бўлиб кўкда кезди у,
Қўлида сув, кўксида олов.
Унинг ёнишлари олдида,
Қақнуслар ҳам беролмади дов.

Тоғлар боши эгилиб қолди,
Дарё тўлди аёл сабрига.
У гул экиб қайтиб кетди жим,
Муҳаббатнинг очиқ қабрига.

ҚАЛБ КЎЗИМ

Ҳали сендан умидларим кўп,
Бахт ёғилар бошингдан тўп-тўп,
Яшайдирман мен ҳам кўнглим тўқ,
Яссавийлар туғиб бер, синглим.

Тилин тишлаб қолсин ғайрлар,
Одам сотиб, отиб – бойирлар,
Бошини тик тутсин шоирлар,
Мир Алишер туғиб бер, синглим.

Ўзак томир – нурли тупроғда,
Чингизхонни қолдирди доғда,
Чўктирса-да онаизорин,
Жалолиддин туғиб бер, синглим.

Бойчиборим, сен ҳам ўксима,
Қолиб кетдик кимлар нуқсига?
Шамол тегсин Барчин кўксига,
Алпомишлар туғиб бер, синглим.

Имонимга берар зеб, оро,
Сувларидан жаннатдир саҳро,
Ҳар бир ғишти тилло Бухоро,
Ибн Сино туғиб бер, синглим.

Равшан тортсин мудом қалб кўзим,
Ёруғ бўлсин, эй Худо, юзим,
Доя бўлай сенга мен ўзим,
Тўмарисни туғиб бер, синглим.

Ҳали сендан умидларим кўп…

* * *

Зўр шоир бўлмасман, балки азизим,
Ёлғонлар, бўҳтонлар, ёвлардан безиб.
Лек сенинг олдингда қиламан таъзим,
Тайёрман чиқишга дунёни кезиб.

Зўр шоир бўлмасман, балки азизим,
Ҳар ерда шаҳди зўр бўлганга қийин.
Лек ишқинг осмони қуёши бўлиб,
Бедор юракларга ботмоғим тайин.

Зўр шоир бўлмасман, балки азизим,
Дардимни тишимда тишлай оламан.
Лек билсанг сўнгги дам, кетар чоғда ҳам,
Қўлингдан қаттиқроқ ушлай оламан.

ДУНЁНИ ҚУТҚАР, АЁЛ!  

Занглаган қиличлар қинидан чиқди, 
Заҳарли илонлар инидан чиқди,
Ишонган одаминг йўлидан чиқди,
Кўксингга Тўмарис фарёдини сол,
Дунёни сен қутқар, 
қутқаргин Аёл! 
Уруш майдонлари кенгдан кенг тортар,
Одам ўз қавмини энг арзон сотар,
Хавотирим –душман ортгандан ортар,
Қурбонжон Додҳоҳдан руҳингга куч ол,
Дунёни сен қутқар, 
қутқаргин Аёл!
Боғингдан баҳорлар зор кетмасидан,
Сийратингдан иффат, ор кетмасидан,
Ўз ҳолидан куйган, ёр кетмасидан,
Бор умид-ишончлар топмасдан завол,
Дунёни сен қутқар, 
қутқаргин Аёл! 
Саҳрода очилган лолалар ҳаққи,
Кўчаларда сарсон болалар ҳаққи,
Худойим эшитган нолалар ҳаққи,
Гуноҳга тавба қил, чуқур ўйга тол,
Дунёни сен қутқар, 
қутқаргин Аёл!
Қуёшга интилсанг, тошлар йўлингда,
Номардлар пайт пойлар, ўнгу сўлингда,
Яхши-ёмон бари сенинг қўлингда,
Ўликка жонбахшдир тилингдаги бол,
Дунёни сен қутқар, 
қутқаргин Аёл!
Ўйғоқсан, келажак ҳам ўтмишингда,
Юрт боғи яшнагай, ёзу қишингда,
Сабру тоқатингни тишлаб тишингда,
Буюк оналарнинг қаторида қол,
Дунёни сен қутқар, 
қутқаргин Аёл!

Фароғат ХУДОЙҚУЛОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот