БУ КУТИЛГАН ОНЛАР ЭДИ


   Эсимда, 1989 йил 21 октябрь. “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун! Бу йиллар давомида кутилган онлар эди!
   Ўша куни биз учун катта байрам бўлган бўлди. Бир-бирларимизни кўзда ёш билан табриклагандик... Тасаввур қиляпсизми, собиқ совет иттифоқи тасарруфида туриб бундай журъат, албатта ҳаммани қувонтирган.
   Орадан йиллар ўтди... 30 йилдан ортиқ вақт!
   Шу давр ичида, ўзбек тили ровожланиш ўрнига бироз орқага кетгандай бўлди. Энди биз чет тилларни ўрганишга рўжу қўя бошладик. Болаларимизни рус мактабларга бердик. Натижада улар русча фикрлаб, миясида ўзбекчага таржима қилиб гапирадиган, ғулдирайдиган бўлдилар. Шундай қилиб, фарзандларимизни қийнадик: ўзбекча гапирай деса, тили рус, бутунлай у томонга ўтиб олай деса, қони ўзбек, руҳи ўзбек!..
   Айрим қатламларда ҳамон чет тилларига маҳлиёлик етакчилик қилмоқда. Гўё чет тилни билса, яхшироқ яшайдигандек. Тўғри, ”Нечта тилни билсанг, шунча карра одамсан", деган гаплар ҳам бор. Аммо, она тилимиз бир дарахт бўлса, бошқа тиллар уларнинг шох ва барглари эмасми?!
   Шу фурсатда бир дугонамнинг афсус-надомати эсимга тушди: “Отасидан кейин ёлғиз қизимни мақталган рус мактабларидан бирида ўқитдим, кейин тил билсин, деб, Гёте номидаги немис тили мактабига бердим. Аъло баҳолар билан тугатди. Кейин Германияда ўқишни давом эттирди... Ёлғиз қолсам ҳам, моддий томондан қийналсам ҳам ёрдам қилдим, сабр қилдим. Кейин... У бу ерга қайтиб келмади. Бир келди ҳам, кўз ёшларимга чидолмай. Аммо туролмади, чунки у немис бўлиб бўлган эди. Дунёқараши, феъли, тутумлари... Мана, ёши қирқдан ошди, яхши олима, яхши ходим, бироқ, оиласи йўқ. “Нима кераги бор?” дейди, у ҳайрон бўлиб. Мен ҳам бу ёқда ҳайратдаман. Боламда айб йўқ, бу менинг хотоларим!”...
   Хуллас, шунча йиллар давомида хатолар ва муаммоларга ботиб кетдик. Тилимизнинг бор тароватини, сеҳру жозибасини кўрсата олмадик. Энг ёмони, тилшунос, адабиётшунослар жим туриб бердилар. Натижада, кўча-кўйларимиздаги деярли барча ишхоналарнинг пештоқи чет элча номлар билан безанди... Иш юритиш қоғозлари ҳамон рус тилида...
   Сўз мулкининг султони Ҳазрат Навоий даврида 120 000 дан ортиқ туркий сўз бўлган экан. Ҳозирчи, 5 томлик “Ўзбек тилининг изоҳли лўғати”да жаъми бўлиб 90 000 та сўз бор. Уларнинг ҳам 30 000 таси рус ва чет тиллари орқали кириб қолган сўзлар. Сал кам 600 йил ичида бойлигимиз бўлмиш тилимиздаги сўзларнинг тенг яримини йўқотган бўлсак, 30 йил ичида 90 000 сўзимизнинг яримини ҳам истеъмол қилмай қўйдик яъни ишлатмаймиз.
   Хайриятки, Ўзбекистон янгиланди, ғоялар ва мақсадлар янгиланди. Охирги уч йил ичида миллийликка қарашлар ўзгарди.
  Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлишимиз ва Президентимизнинг у саммитларда сўзлаган нутқлари оламшумул муддао бўлди. Кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтишдан мақсад ҳам барча туркий халқлар бир-бирини таржимонсиз ёзадиган, ўқийдиган ва тушунадиган бўлиш эди.
 Энди биз уни на фақат байрам қилишимиз, балки, миллатнинг қиёфаси бўлмиш тилимизнинг нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари кўришимиз, унинг софлиги ва умрбоқийлигига жиддий қайғуришимиз керак.
   Бу эса ҳар бир Ўзбекнинг, Ўзбекистонликнинг илмий, маданий, маънавий савияси ва инсоний ор-номусига ҳавола!

Фарида Бўтаева.
Олий мажлис Қонунчилик Палатаси депутати.
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот