ОЗАРБАЙЖОН


Абдулла ОРИПОВ
   
 ОЗАРБАЙЖОН

Хаёл оти билан кезгил ҳар ённи,
Топмассан бундайин хушбахт бир онни.
Муҳр этди дилларга тарих инчунин,
Қадим қондошликни — олий эҳсонни.
Эъзозлаб турибди кўтариб бошга,
Бу кун озар эли Ўзбекистонни.
Сўйласин минг йиллик мўйсафид тарих,
Бу дўстлик билганми шубҳа, гумонни?
Ўзбекман, англамай қаёққа бордим,
Шу инжа озарий тилни, забонни.
Дўстлик бу — муҳаббат янглиғ фараҳким,
Билгай у на ҳадни ва на довонни.
Асли Муқаннага қиёс этгулик
Бобакнинг қалбидан тошган туғённи.
Низомий болидан ҳалво пишурмиш
Навоий забт этиб туркий жаҳонни.
Бир лаҳза қўлидан қўйганми ўзбек,
Ўзинг айт, Фузулий битган девонни.
Азизим, дилимда асраб юрибман
Насимий қолдирган собит имонни.
Вурғуннинг шеъри деб жон чекса ўзбек,
Озар ҳам аярми Ғафурдан жонни.
Сен билан кечмишнинг жанггоҳларида
Бирга таниганмиз яхши-ёмонни.
Тарих-ку, муҳташам ёдгордир олий,
Сўйлайин шу кунни, айни шу онни.
Қондошлик туғини кўтариб кушод
Тавоб этмоқдамиз гулгун маконни.
Хазар коса бўлсин, яъни жоми Жам,
Сипқаргил, шарафла давру давронни.
Мен сендай мезбонни   топмоғим гумон,
Сен ҳам тополмассан мендай меҳмонни.
Мавжуд бўлмасайди оламда агар,
Ўйлаб топар эдим Озарбайжонни.

1980 йил.

 ЕРЕВАН КЎЧАСИДА

Мен Ереван кўчасида озар қизин учратдим,
Умрим бўйи илк мартаба дуч келдим мен рўёга.
Йўқ, мажусий эмас эрдим, лекин суратдай қотдим,
Биродарлар, бундай гўзал келмагай ҳеч дунёга.
Бекор бўлди иқтидорим, бекор бўлди юрагим,
Бекор бўлди шеъриятим ул гўзалнинг қошида.
Бекор бўлди саёҳатим, бекор бўлди юрмагим,
Бекор бўлди Ереван ҳам туйғулар талошида.
Ёш умримни тарозуга солиб аста қарайман,
Ёшлик ва шеър бу дунёнинг азал-абад тимсоли.
Мен-ку, шеърни тўқимоққа сал-палгина ярайман,
Лекин сенсиз йиғлаб ўтгум Самад Вурғун мисоли.
Озар қизи, нега менга зарра қиё боқмадинг?
Бошим узра турар эди Ўзбекистон суврати.
Озар қизи, нега менга гулларингдан тақмадинг?
Фузулийнинг даҳосига ҳурматимнинг ҳурмати.
Тақдир деган подшо бўлса ошиқларнинг ҳоли танг,
Қаёнларга олиб кетар мени ҳам бу йўлларим.
Тилакларим бажо бўлур ва лекин сен бўлмасанг,
Бамисоли Искандардай очиқ кетар қўлларим.

1967 йил.
✍ Абдулла Орипов 
@abdullaorifijodi










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот