ХАЛҚ БИЗДАН РОЗИ БЎЛСИН!


   Бугун биз давлатимиз ва жамиятимиздаги энг оғриқли нуқталаридан бири бўлган коррупция тўғрисида сўз юритмоқчимиз. Маълумки, коррупция нафақат республикамиз, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этадиган, барчани бирдек ташвишга соладиган муаммоларнинг энг каттасидир. Коррупция - сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса. У иш муҳитини бузади, давлатнинг ишга лаёқатлилигини сусайтиради, обрўсига путур етказади. Энг ёмони, коррупция фуқароларнинг давлат бошқарув идораларига, унинг фаолиятига нисбатан ишончини пасайтирадиган қора кучдир.

ПРЕЗИДЕНТ ТАНЛАГАН ЙЎЛ

   Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлигидаги фаолиятининг илк кунлариданоқ юртга ҳалол хизмат қилишни, халқ розилигига эришишни ўз сиёсатининг асосий йўналиши этиб белгилади. Эътиборни аввало республика аҳолисининг бор муаммоларига қаратди, барча мансабдор шахсларни элга ҳалол хизмат қилишдек олий ва муқаддас мақсад йўлида бирлашишга чақирди.
  Президентимиз томонидан кетма-кет энг оғриқли масалалар, ечимини кутаётган муҳим муаммолар бўйича қарор ва фармонлари қабул қилина бошланди. Булар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, беморларни ҳаётий зарур дори-дармонлар билан таъминлаш, таълимнинг барча соҳасидаги муаммолар, шунингдек, пенсиялар, нафақалар, стипендияларнинг нақд пулда берилиши, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни уй-жой билан таъминлаш ва бошқа энг муҳим масалалар эди. Шу билан бир қаторда, халқ хўжалигининг турли тармоқларида мутахассислар тайёрлаш тизими такомиллаштирилди. Тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди, хусусий тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар берилди, хусусан, рўйхатга олиш, кредит бериш, солиқ тизими ва бошқа бир қанча йўналишларда енгилликлар яратилди. Синчковлик билан таҳлил қилинмаган ва тезкор ривожи учун чоралар кўрилмаган бирорта ҳам соҳа қолмади. Аммо айрим раҳбарларнинг қон-қонига сингиб кетган коррупция ва порахўрлик бу йўлда тўсиқ бўлади, деб кутмаган эдик.

КОРРУПЦИЯ ЎЗИ НИМА?

   Бу атаманинг бир қанча изоҳлари мавжуд. Одатда коррупция деганда шахсий мақсадлари йўлида ўз мансабини суиистеъмол қилиш тушунилади. Бу атама порахўрликка тенглаштирилади. Бироқ «коррупция» сўзининг маъноси бу икки атама билан чекланиб қолмайди. Коррупция - сотқинлик, ноқонуний тарзда мол-мулк, пул маблағларига эга чиқиш, мавжуд имтиёзлардан ўзи ва яқинлари эҳтиёжи учун фойдаланиш каби ҳаракатларда намоён бўлади. Қонунда унга шундай таъриф берилган: «Коррупция - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш».
   Фойда, наф эса турли хил кўринишда бўлиши мумкин: пора ва пул ундиришдан тортиб, таниш-билишларига ноқонуний ёрдам беришгача. Ўзини, қариндошларини, ҳамтовоқларини лавозимларга тайинлаш... Бу эса жамиятимиз ривожига, тараққиёт илдизига болта уриш билан тенгдир! «Мен олган порани, катта лавозимга қўйган қариндош-у оғайнимнинг давлат ҳисобидан олаётган ноқонуний имтиёзларини ким кўриб ўтирибди?» деб ўйлаган мансабдор шахс ўз ҳаракатлари билан халқнинг нафратига учраб, давлат сиёсатига бўлган ишончсизликни келтириб чиқараверади.

НАФС - РАЗОЛАТ БОТҚОҒИ

   Халқимиз, Президентимиз ишонган мансабдор шахсларнинг бу каби жиноятларга қайта-қайта қўл уришига сабаб нима? Жавоб аниқ! Бундай жирканч ишларнинг замирида шубҳасиз, нафс балоси ётибди. Нафс ақлни ўзига тобеъ қилиб олса, инсон ёмонлик йўлини танлаб, разолат ва қабоҳат ботқоғига ботаверади. Нафс яхши-ёмон, фойда-зарарни фарқламайди, хоҳиш-истаги амалга ошса, бас. Очофатлик ҳар қандай ахлоқ қоидаларини четлаб, ҳисобсиз пул ва ҳокимиятга эга чиқиш хоҳишни кучайтиради. Аслини олганда, янада кўпроқ мол-давлатга эгалик қилиш одамзотга хос иллат. Бу иллат билан курашишга ўзида куч-ирода топа оладиган, нафсини жиловлаб, ҳаромдан ҳазар қилиб, орқа-олдига қараб иш юритадиган раҳбарларгина таҳсинга лойиқдир.
   Тарихда ҳам унга мисоллар жуда кўп. Қарийб дунёнинг ярмини эгаллаган Искандар Зулқарнайн дунёдан ўтар чоғида тобутидан икки қўлини бўш ҳолатда чиқариб қўйишларини васият қилганининг ўзи барчага ибратдир. Ёки айрим кимсаларнинг ҳаром йўл билан йиққан мол-мулки на ўзига, на фарзандларига насиб этмагани бу ишларнинг қанчалар инсонийликка зид эканлигини англаш учун етарли эмасми?
   Ҳадисларда айтилганидек, нафсини тийиб, уни жиловлаган кимсадан кучли кимса бўлмайди. Қолаверса, Аҳмад Яссавий ҳазратларининг:
Нафсим мени йўлдан уриб хор айлади,
Термултириб халойиққа зор айлади,
- деб айтган ҳикматли сўзлари инсонлар учун нафсни тарбиялаш, ахлоқни сайқаллаш учун Қуръон, ҳадислардан кейинги дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

КИМ НИМА БИЛАН БАНД?

   Бугун давлатимиз раҳбари томонидан аниқ ва истиқболли талаблар қўйилмоқда. Бироқ жойлардан келтирилган маълумотлар ва рақамлар орасида ҳақиқатга тўғри келмайдиганлари ҳам учраб туради. Раҳбарга воқеликни бўяб кўрсатиш, олдиндан белгиланган манзилларда тайёрланган одамлар билан учрашувлар уюштириш, режалаштирилган сценарий асосида ҳаракатланиш айрим мансабдор шахсларнинг одатий ишига айланиб қолди. Раҳбариятга хизмат қилиш, раҳбарига ёқиш баъзи амалдорларнинг асосий мақсадига айланди. Бундай сиёсат ҳокимликлар ва бошқа юқори ташкилотларни халқдан ажратишдан бошқа нарсага олиб келмайди. Охири Президент матбуот хизматида бундай кўзбўямачиликларга чек қўйиш учун алоҳида чиқиш ҳам қилинди. Шунга мажбур бўлишди.
   Айрим ҳокимликлар 100-200 нафар «фаол» билан ўзлари кўришни истаган сунъий ҳаётни ўйлаб чиқишгандек. Бунда Президент томонидан айтилган, талаб қилинган вазифалар ва масалалар олий даражада ҳал қилинади, аммо бошқа юзлаб масалалар ечимини кутиб қолаверади. Бугун ҳокимлар атрофида ёш, янгиликка интилган, доимо изланишда бўлган кадрлар бўлиши керак. Афсуски, ҳаётда бундай эмас. Ҳокимнинг ҳар бир гапини маъқуллаб, унга мослашиб олган, у орқали ўз шахсий муаммоларини ҳал қилиб юрган доимий, тез ва осон «эгилувчан маслаҳатчилар» бор. Агар Президент ҳокимнинг камчиликларини топиб, унинг хатоларини исботлаб, ишдан бўшатса, улар кечагина мақтаб юрган раҳнамоларини энди қоралаб, ҳамма айбни унга ағдариб, янгисини мақташга ўтадилар. Бу каби бебурдлик ва иккиюзламачиликдан қутулиш, бунга қарши курашиш керак.
 Албатта, бу иллатларнинг бари бир кунда содир бўлгани йўқ. Биринчи Президентимизнинг йигирма етти йиллик бошқарувининг сўнгги йилларида давлатимиз тизимида аллақачон танқидга олинмайдиган ташкилотлар, шахслар ва давлат идоралари шаклланиб бўлганди. Улар кўнгилларига келган ишни қила бошладилар. Халқ хўжалигининг турли соҳаларидаги, айниқса, пахта ва ғалла етиштиришдаги қўшиб ёзишлар, сохта ҳисоботлар, турли объектлар қурилишидаги «шиширилган» харажатлар ва бунинг эвазига чўнтакларга солинган «откат»лар, буларнинг барчаси коррупциянинг авж олишига олиб келди. Бугун биз юқори мартабали шахсларнинг яширин жойларидан чиқаётган йирик пуллари ҳақида Президентимизнинг ўз оғзидан эшитар эканмиз, коррупция қанчалик ёйилиб кетганини англаб етаяпмиз. Шавкат Мирзиёев Президентлигининг илк кунларидаёқ ўзини оддий халқ тарафида эканлигини эълон қилганида, ҳеч ким буни коррупционерлар ва порахўрларга қарши йирик курашга айланиб кетади, деб ўйламаган эди.
   Давлат ғазнасига қайтарилган миллионлаб доллар ва миллиард-миллиард сўм улкан айсбергнинг бир юқори қисми, холос... Бу иллатни бутунлай йўқ қилиш учун эса йиллар керак бўлади. Шу билан бирга, эртамиз учун курашиб яшаётган миллионлаб ҳалол фуқароларимизнинг виждонли ҳаракати ҳам зарур. Бу вазифани уддаласа бўлади ва у, биринчи навбатда, Президент, унинг атрофида бўлган ҳукумат аъзолари, барча масъул раҳбарлар, ҳуқуқ-тарғибот идоралари ходимларининг хоҳиш-иродасига боғлиқ!

ЖАЗО - МУҚАРРАР

   Мансабдор шахслар халқ ва давлат манфаатлари йўлида қанчалик кўпроқ жипслашса, республикадаги ишлар шунча олдинга сурилади. Биз маълум бир рўйхатдаги фаолларни ва мутахассисларни эмас, балки «коррупция» вируси билан заҳарланмаган, ҳалол ва содиқ ёшларни излаб топишимиз керак. Бундан ташқари, давлат мол-мулкини талон-торож қилувчилар, жиноят устида қўлга тушган айбдор шахслар ва порахўрларга нисбатан эса энг қаттиқ жазо чораларини қўллаш шарт! Узоқ давом этадиган суд жараёнларига барҳам бериб, қисқа муддат ичида адолатли қарор қабул қилинишини таъминлаш коррупция билан курашиш жараёнида муҳим омил сифатида хизмат қилади. Коррупционерни озодликдан маҳрум қилмай, эгаллаб турган лавозимидан пастроқ мансабга тайинланиши ўз-ўзидан коррупциянинг яна гуллаб-яшнашига имкон яратади, чунки бу ҳолатда жиноятга ҳақиқий жазо тайинланмаган бўлади. Шу билан бир қаторда, коррупцияга аралашган ҳар қандай кишининг номини қоралаш, одамлар ундай кишилар билан ишлашдан бош тортиб, коррупционер шахсларни бошқарув ишларига яқинлаштирмаслик энг тўғри йўл эканлиги сўнгги воқеаларда ўз исботини топди.
   Коррупцияга қарши курашишда жамиятнинг жипслашиши ҳам жуда муҳим. Халқ олдида коррупцияни қоралаб, ўзи эса яширинча жиноятга қўл уриши каби ҳолатларнинг кузатилиши ачинарли ҳол. Агар халқ бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилса, пора билан ҳар қандай иш осон битади деб қарамаса, мансабдор шахсларнинг ҳам ҳалол ишлашдан бошқа йўли қолмайди.

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА

   Коррупциядан бутунлай қутулишнинг уддасидан чиққан давлатнинг ўзи йўқ, аммо Хитой, Дания, Янги Зеландия, Финляндия, Швеция ва Сингапур каби давлатлар коррупция даражасини оддий аҳолида талаб уйғотмайдиган, эҳтиёж сезилмайдиган даражага туширишнинг уддасидан чиқди. Шуни алоҳида таъкидлаган бўлардикки, бу давлатларда коррупцияга қарши курашишда асосий вазифани ҳукумат эмас, балки оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари - фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари каби ташкилотлар ўз зиммасига олди, чунки айнан улар ҳукумат фаолиятига холис баҳо берувчи кучлардир.
 Таҳририятимизга муштарийларимиздан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилаётганлиги ҳақида етарлича шикоятлар келиб турибди. Биз уларни газетамиз саҳифалари орқали ёритиб боришни ўз бурчимиз, деб биламиз. Бу бизнинг мамлакатимиздаги коррупцияга қарши курашга қўшган ҳиссамиз бўлади. Кўпчилигимиз фарзандлар, набиралар вояга етказаяпмиз. Келгусида мамлакатимиз адолатли, фуқаролари тенг ҳуқуқли жамиятда яшайдими ёки коррупционер ва порахўрларнинг чангалзорига айланган қолоқ давлат бўладими - буларнинг барчаси нафақат Президентга, балки ҳар биримизга, бутун халқимизга боғлиқ!
   Шундай экан, кўзимизни вақтида очайлик ва эртага кеч бўлмаслиги учун курашишни бугундан бошлайлик! Адолат тимсоли - бобокалонимиз буюк Амир Темур «Куч адолатдадир!» деб даъват қилган-ку! Барчамиз шунга муносиб бўлайлик.

С. Зокирова, Х. Сафаров.
2018 йил.