БОЛА ЎҒРИЛАРИ


   Кейинги пайтда интернет тармоқларида ҳар хил шов-шувли хабарлар тарқатиш урфга кирди гўё. Албатта, тармоқлардаги бу каби ҳолатларнинг замирида ўша сайтларга одамларни жалб этиш орқали мўмай даромад топиш мақсади яширинганлигини ҳар куни интернет олами билан тўқнаш келаётганлар яхши билишлари мумкин. Аммо интернетни унчалик яхши тушунмайдиган ёки ижтимоий тармоқларнинг асл мақсадини билмайдиган одамлар бундай хабарларга лаққа тушиши аниқ. Айниқса, бундай хабарлар ёш болалар ҳаётига таҳдид маъносида бўлса. Бундай хабарлардан энг биринчи навбатда оналар ларзага тушиши турган гап. Она учун бу оламда боласидан азизроқ, боласидан қадрлироқ неъмат йўқ. Куни кеча интернет тармоқларида тарқатилган ёлғон хабардан кўпчилик оналар ана шундай ларзага тушганлиги аниқ. Хабарда бола ўғрилари кўпаяётганлиги ва улар болаларни ўғирлаб, ваҳшийларча ўлдираётганлиги ҳақида маълум қилинади. Қуйида шу хабарни айнан келтириб ўтишни лозим топдик:
   “Мадина опа қалайсиз, яхшимисиз? Мадина опа, соат еттидан кейин болаларни кўчага чиқарманг. Бугун Оҳангарон шаҳридан иккита ўлик чиқди. Биттасини пичоқлаб ўлдириб кетган, биттасини юз-кўзига сигарет босиб ўлдириб кетишган. Болаларга эҳтиёт бўлинг. Ҳамма танишларимга айтиб чиқяпман. Илтимос сиздан, болаларни соат еттидан, ҳатто олтидан кейин ҳам кўчага чиқарманг, иложи бўлса, хўпми. Ўзингиз ҳушёр бўлинг, Оҳангарон шаҳри жудаям хавфли ҳудуд бўлиб қолди. Эҳтиёт бўлинглар. Ўзим буни билганим, кўрганим учун айтаяпман”
Ушбу хабар яшин тезлигида интернет тармоқларида тарқала бошлагач ИИБ ходимлари зудлик билан суриштирув ишларини бошлаб юборишди ва тез орада бу хабар ёлғон бўлиб чиқди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай хабар тарқатган йигитнинг интернетда баёноти эълон қилинди. Мана ўша хабар:

“ҲАММАСИ ЁЛҒОН ЭДИ”

   “Исмим Жавоҳир. 1999 йил 18 августда туғилганман. Ҳозирда Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳрида яшайман. Ўзларинг биласизлар, 2020 йил 20 январ куни  интернет тармоқларида кўпгина овозли хабарлар тарқалди. Бу хабарларни ўзим тарқатганман. Яъни 2020 йил 20 январ куни ишдан чиқиб, уйга кетаётганимда кўчада турган бир-иккита болалардан шунақа гаплар эшитиб қолдим. Ёлғон гаплар экан бу. Мен буни аҳмоқлик қилиб ҳаммага тарқатиб юборибман. Бу нарсанинг тагига етилганда бунинг ёлғонлиги аниқланди. Худога шукр, Оҳангаронимиз тинч экан. Бу мени ўйламасдан қилган бир аҳмоқлик ишим бўлди. Бундан жудаям афсусдаман. Шунинг учун ўзим яна баёнотнома беряпман. Шу видеони кўрган ота-оналардан, ака-укалардан, опа-сингиллардан, барчадан, Оҳангарон шаҳри фуқароларидан узр сўрайман. Иложи бўлса интернет орқали келаётган бундай хабарларга ишонманглар, илтимос сизлардан. Энди сўз бераман, Оҳангарон шаҳрини обрўсини кўтаришга, ютуқлар олиб келишга ҳаракат қиламан”.
Мана, ақл-ҳуши жойида йигитнинг шунчаки эрмак учун қилган қилмиши. Албатта, у ушбу қилмишига яраша муносиб жазосини олди ва ўз хатосини тан олди. Аммо ИИБ аралашмаганда-чи? Жавоҳир тарқатган ёлғон хабарлари учун пушаймон бўлиб, виждонан буни тан олармиди? Йўқ, албатта. Унинг ҳозирги пушаймонлиги дўппи тор келганда айтиладиган гаплар, холос. Энг ачинарлиси, ёшлар орасида ана шундай ёлғон хабарларни бўрттириб, қўшимчалар қўшиб оммага эълон қилиш ва шу орқали маълум вақт таниқли бўлиш иштиёқининг кучайганлигидир. Бу ҳам маънавиятсизликнинг бир белгиси, албатта. Чунки илмсиз, ҳеч бир ишга қизиқмайдиган ва ўз олдида мақсади йўқ кимсалар ана шундай бекорчи шов-шувлар билан ҳаммага таниқли бўлгиси, ўзларининг жамиятда ўрни борлигини кимларгадир билдиргиси келади. Минг афсуски, таниқли шахсга айланиш ва жамиятда бирор мавқега эга бўлиш  енгил-елпи йўллар билан амалга оширилмайди. Таниқли бўлиш, аввало, илм йўлида заҳмат чекиш ва ўз танлаган соҳаси бўйича улкан муваффақиятларга эришишдир.

АЙБ ФАҚАТ ИНТЕРНЕТДАМИ?

   Феруза Фармонова, 2-Тошкент юридик коллежининг инглиз тили ўқитувчиси:
- Тўғри, бугунги кунда ҳаётимизни виртуал оламдан айро ҳолда тасаввур қилолмаймиз. Кўча-кўйда, автобус ва метрода кетаётганимизда ҳам одамларнинг қўлтелефонларидан кўз узмаётганлигини ва ҳатто баъзилари ташқи оламдан бутунлай узилган ҳолда интернет дунёсига шўнғиб кетганлигини кўришимиз мумкин. Албатта, инсон интернет орқали бутун дунёда бўлаётган ўзгаришлардан бохабар бўлиши ва ўзига керакли бўлган маълумотларни ушбу оламдан осонгина топа олиши жудаям яхши ҳолат. Аммо аср оҳанграбоси дея юритилаётган ана шу виртуал олам туфайли кўпгина инсонларнинг ҳаётига, оиласига, ишига ва умрига зиён етяпти. Айниқса, ёшларнинг бунга муккасидан кетаётганлиги ачинарли ҳол, албатта. Биз дарс жараёнида талабаларимизга интернет тармоқларининг зиёни ва фойдали томонларини айтиш билан бирга ҳаётий мисоллар ҳам келтириб ўтамиз. Интернет одамлар учун эрмак эмас, аксинча оғиримизни енгил қилувчи восита эканлигини тушунтирамиз. Ростини айтганда, бунга интернет айбдор эмас, балки одамларнинг савиясизлиги ва маънавиятсизлиги сабаб деб ўйлайман.

ИНТЕРНЕТДАГИ ЁЛҒОНЧИ ЧЎПОНЛАР

   Севинч Одилова 2-Тошкент юридик коллежи 2-курс талабаси:
- Инсоннинг яхши ва ёмон иллатларга бериши, бу унинг ўзига ва оилада олган тарбиясига боғлиқ. Агар киши муносиб хулқ ва кенг дунёқарашга эга бўлса, бу каби иллатлар унинг ҳаётига ҳеч қандай салбий таъсир ўтказа олмайди. Аксинча, у ҳар бир иллатдан ҳам яхшилик йўлида фойдалана олади. Илм-фан ва технологиялар шиддат билан ривожланаётган асрда қандайдир сабаблар туфайли бундай имкониятлардан юз ўгириш бу ақлга сиғмайдиган ишдир. Шу боис айниқса, бугунги ёшларнинг бу каби технологиялардан яхши хабардор бўлиши ва улардан оқилона фойдаланиши қайсидир маънода мамлакатимиз тараққиёти учун ҳам ўта муҳимдир. Юқоридаги ҳолатлардан биз ҳам афсусландик. Салкам бизнинг тенгдошимиз бўлган йигитнинг одамларни чалғитишга жазм этгани ва бундан уялмагани мени ҳайратлантирди. Ахир ёлғон хабар ҳам худди ёлғон сўз каби инсонни шарманда қилувчи иллат эмасми? Жавоҳирнинг бу хатти-ҳаракатлари менга мактаб дарслигида ўқиганимиз “Ёлғончи чўпон”нинг қилиғини эслатди. Ҳозир виртуал оламда бу каби ёлғончи чўпонлар жуда кўпайиб кетган.

ЭШИТГАН ХАБАРИНИ СУРИШТИРМАЙ ГАПИРГАН ОДАМ ЁЛҒОНЧИДИР

   Озода Неъматова, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси:
- Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммоларга айланган иллатлардан бири бу - ёлғон хабарлардир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, уйдирмалар билан шов-шув кўтариш ҳолатлари жуда кўп учраяпти. Айрим соддадил одамлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтон қурбонига ҳам айланиб қолишяпти. Энг ачинарлиси, унинг оқибатида инсонларнинг шаънлари топталмоқда, номақбул гаплар айтилмоқда. Бу яхшиликка олиб келмайди. Ҳадиси шарфларимизда ёлғоннинг қаттиқ қораланиши ҳам бежизга эмас. 
   Эшитганини суриштирмай гапирган одам ёлғончидир, дейилади муқаддас китобларимизда. Минг афсуслар бўлсинким, ҳозирги унда эшитган гапини суриштирмай гапириш кенг тарқалган. Кўпчилигимиз эшитган гапимизни рост ёки ёлғонлигини суриштирмай тезроқ одамларга тарқатишга шошиламиз.Бир кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган хабарини гапиравериши кифоя қилади.Унинг мен шунақа эшитгандим деган баҳонаси ёлғончилигини оқламайди. Шунинг учун гапиришдан олдин инсон ўша гапини минг бир чиғириқдан ўтказиши керак.Энг ачинарлиси, ижтимоий тармоқлардаги бу каби ёлғонларнинг ёлғонлигини била туриб, унинг янада кенгроқ тарқатилишига ҳисса қўшаётган айрим блогер ва сайтлар фаолиятини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бундай шахслар ўз манфаатларини кўзлаб, яъни ана шундай хабарлар туфайли ўз даромадларини янада оширишга ҳаракат қиладилар. Содда инсонлар эса ўзлари билмаган ҳолда уларнинг ушбу режасини амалга оширишларида ҳисса қўшадилар.
   Ижтимоий тармоқлардаги бу каби салбий ҳолатлар фақат бу эмас. Одамларнинг кун сайин интернетга муккасидан кетишлари оқибатида виртуал танишувлар, моддий ва маънавий жиҳатдан чув тушиш ҳолатлари жуда кўплаб юз беяпти. Кейинги сонларимизда виртуал танишувлар оқибатида бузилиб кетаётган оилалар, бола-чақали ва набирали бўлган аёлларнинг ҳам чет эллик эркаклар билан сайтлар орқали танишиб, ишқий муносабатларга киришаётганликлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Гулруҳ ЁРМАТОВА.