Ёшлар иттифоқи ёшларга қанотми?


   Бир истеъдодли ёш аёлга иш топиш мақсадида Ёшлар Иттифоқидан ёрдам сўрашни маслаҳат бердим. Ўша аёл рассом, фақат туманда яшаши ва маълумоти ўрталиги сабаб иш тополмаётган эди. Ёшлар Иттифоқи раиси Ёшлар марказида аёлга рассомчилик тўгараги очиб беришини, лекин ўқувчиларни ўзи топиши лозимлигини айтибди. Рассом аёл ўзи туман мактабларида юриб, ўқувчиларни тўгарагига жалб қилиши, тўгарак пуллик эканлигини тушунтириши керак экан. Кейин ўша ўқувчилардан тўгарак учун тўлаган пулининг ярмисини аёлга ойлик маош қилиб беришаркан. Аёл бунақа сарсонгарчиликка дош беролмай, ишлай олмади... Ёшлар Иттифоқи ҳеч кимга ҳеч қачон ёрдам бермаслиги яна бир бор маълум бўлди...
   Ёшлар Иттифоқи давлат томонидан ўзига берилаётган юксак эътиборни қадрлаши, кўпроқ ёшлар орасига кириши керак. Хорижга кетаётган, иш излаётган ёшларга ёрдам беришни ўрганишсин. Ўқишга киролмаган, ҳарбий хизматга боришга пули йўқ ёшларга ёрдам бериш йўлларини излашсин. Йўқ, улар отни калласидай ойлик олиб, кераксиз тадбирлар ўтказиш билан банд...
   Олти йилдан бери вилоят театрида адабий бўлим мудири бўлиб ишлайман. Бизда ишлайдиган ижодий гуруҳнинг деярли 60 фоизини 30ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Аммо Ёшлар Иттифоқи бирор марта келиб, ёшларимиз учун бирор марта фойдали тадбир ёки ибратли бирор иш қилганини билмайман. Ёшларимизнинг аксарияти туманлардан қатнаб ишлайди ёки ижарада яшайди. Аммо Ёшлар Иттифоқи уларни қўллаб-қувватлашни, қандайдир ёрдам беришни ҳеч ҳам ўйламайди. Истеъдодли ёшларимиздан кўпи Ёшлар Иттифоқи тадбирларида фаол иштирок этишади, концертлар уюштиришда, хайрия тадбирларида қатнашишади. Аммо... Икки-уч йил олдин анча истеъдодли ёш артистларимиздан бири Ёшлар учун қурилаётган уйлардан кредитга олишга жиддий киришди. Тадбирлардан олган бир тийинга арзимас мақтов ёрлиқларини тўплади, ўзим унга тавсифнома ёзиб бердим. Лекин барибир турли баҳоналар билан унга уй беришмади. Хуллас, кўп йиллик кузатишларим асосида шуни айтаманки, Ёшлар Иттифоқи ёшларни бекорга вақтини оладиган, бефойда тадбирлар ўтказиб, ҳамманинг асабига тегадиган бекорчилар ташкилоти. Улар давлат бюджети пулларини баландпарвоз номлар билан аталадиган тадбирларга йўқотадиган бир гуруҳ... Ўзи бизга Ёшлар Иттифоқи керакмикан???

   Моҳигул Назарова - Бухоро вилоят мусиқали драма театри адабий бўлим мудири.