Миллатини севган – тилини асрайди


  Яқиндагина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилинган 61-сон қарори юртимизда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳамда давлат тилига бўлган эътибор давлат сиёсати даражасида эканлигининг амалдаги исботи бўлди.
  Эндиликда 2023 йил 1 январдан бошлаб юртимиздаги барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатларини лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий қилинади. 
  Мазкур Хукумат қарори асосида Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича 21 та вазифани ўз ичига олган “йўл харитаси” ҳам тасдиқланди. 
  Бу дегани, келгусида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳамда “Ўзбек тилининг имло қоидалари”ни тасдиқлаш бўйича хукумат қарори лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
  Шунингдек, шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар, ID-карталар, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномалари, иш қоғозлари, турли бланклар, мамлакатимиздаги жой, кўча, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар ҳам тўлиқ равишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши таъминланиши алоҳида белгилаб қўйилган.
  Ҳужжатда қайд этилишича, марказий, маҳаллий ва электрон OAВ, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари, веб-сайтлар фаолияти ҳам тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказилади.
  Тан олайлик, очиғи кейинги йилларда тил масаласида лоқайдлигимиз сабаб ўз тилида маъруза қилишни билмайдиган олимни, ходимларига соф ўзбек тилида муносабат нималигини билмайдиган раҳбарни, ўз тилида дилбандига алла айтолмайдиган онани, ўз тилида дуо қилолмайдиган кексани, фарзандига ўзбекча исм қўйиб ўзбек тилида гапиролмайдиган ота-онани, ўзбек бўла туриб ўзбекона ҳаёт тарзини хушламайдиган оилани тез-тез учратадиган бўлиб қолган эдик. 
  Ачинарлиси эса, биз зиёли қатлам деб билган инсонлар ҳам ижтимоий тармоқларда ўта саводсизларча ўз фикр-мулоҳазаларини билдириши, имло хатолари тўлиб-тошган муносабатлар, шевадаги сўзлашувлар жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп ишлар қилишимиз лозимлигини англатди. Айниқса, кўча-куйдаги, савдо дўконлари ва дорихонадаги, бекат ёки ошхоналардаги пешлавҳалар ёзувида акс этган имло хатоларини кўплаб кузатиш мумкин. Наҳотки биз шунчалар лоқайдмиз, наҳотки бугунги тилга эътиборсизлик эртага фарзандларимизга қимматга тушишини ўйламаймиз, наҳотки тил миллат қиёфасини акс этишини унутганмиз? 
  Бу ҳақда сўз юритганда, бобомиз Алишер Навоийнинг «Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз» деган сўзларида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
 Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган одамгина буюк ишларга қодир бўлади. Биз шундай маънавий муҳит яратишимиз керакки, юртимизнинг ҳар бир бурчагида, барча шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида Ватандан фахрланиш ҳисси соф ўзбек тилимиз – она тилимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромда ўз аксини топсин. Зотан, миллатини севган инсон албатта энг аввало унинг тилини ҳам асрайди.

Гуллола  ИСАКОВА,
Бандлик ва меҳнат муносабатлари
вазирининг маънавий-маърифий ишлар 
ва давлат тилини ривожлантириш масалалари
бўйича маслаҳатчиси.