ЁШЛАР ПРЕЗИДЕНТГА КАМАРБАСТА


   Ҳар қандай давлатнинг истиқболини унинг ёшларисиз тасаввур қилиш қийин. Чунки куч, янгилик ва ташаббус ҳамда ташкилотчилик унда мужассам. Ёшларга қандай таълим берилса, эрта индин унинг самараси ҳам шунга мос бўлади. Шунинг учун ҳам ёшларнинг илм чўққиларини эгаллашларида катта авлоднинг қанот бўлиши ҳақиқат.
   Шунинг учун ҳам Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ ёшларга оид давлат сиёсати устувор вазифа бўлиб келаётгани сир эмас.
   Она юртимиз, жонажон халқимиз, улуғ ватанимиз ёшлардан нима кутаётганлигини президентимиз нима кутаётганларини ўтган йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал -Хоразмий номидаги ижод мактабида, куни кеча Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига йўллаган Мурожаатномасида рўйи рост ифода этдилар.  Ёшлар муаммоларига, улар олдида кўндаланг турган вазифаларга тўхталиб, "Ҳали олдимизда қиладиган ишларимиз жуда кўп ва бу борада ёшлар мамлакатнинг таянчи бўлади",- дея ишонч билдирганлари бежиз эмас.
   Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Ўзбекистон республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган "Биз, ёшлар - Президентимизга камарбастамиз!" деб номланган маърифий учрашув юқоридаги мулоҳазаларнинг исботи ўрнидаги дадил қадам десак, муболаға бўлмайди. 
     Тадбирда нуфузли меҳмонлар, офицерлар, ҳарбий оркестр ва профессор ўқитувчилар, талаба ва магистрантлар иштирок этишди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси остида тадбир очилгач, уни институт ректори Умурзаков Ўктам Пардаевич кириш сўзи билан очиб бердилар. Тадбирда Давлат ва жамоат арбоби, академик Оқил Умурзоқович Салимов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Искандаров Саъдулла Искандарович, Ўзбекистон Республикаси биринчи Мудофаа вазири, генерал-полковник Рустам Ўрманович Аҳмедов, Ўзбекистон Қаҳрамони Қурбонов Равшан Давлатовичлар галма гал сўзга чиқиб ўзларининг ҳаётий ва илмий тажрибаларини ўртоқлашишди. Бадиий қисмда Ўзбекистон Республикаси Мудофа Вазирлиги ашула ва рақс ансамбли солисти, подполковник Марат Хакимов, ижросида қўшиқ янгради, сўнгра Тоифали объектларни қўриқлаш қўмондонлигининг ҳарбий хизматчи аёллари Покиза Валихонова, Дилдора Мамарасуловалар ижросида дилбар тароналар таралди. Тадбир якунида Қуролли кучлар Марказий ашула ва рақс ансамблининг хонандаси  Ботир Ҳожиев ижросида "Миллий армиям" номли қўшиғи ижро этилди. Сўнгра институт ректори тадбир меҳмонларини самимий дил изҳорлари ва гуллар билан хушнуд этдилар.
   Президентимиз нутқида олий таълимдаги муаммолар ва янги ташаббусларга тўхталдилар. Унга кўра, олий ўқув юртларида давлат грантлари икки баробар кўпайтирилиши, қизлар учун олий ўқув юртларида алоҳида грант ўринлари ажратилишини эътироф эта туриб «Ҳеч бир давлат таълимдаги муаммоларни бирдан ҳал қила олмайди, Олий таълим муассасаларида мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар икки баробар қисқартирилади. Геология бўйича қандай мактабимиз бор? Математика бўйичачи? Илм-фан соҳасида мақсадли грантлар масаласини тубдан қайта кўриб чиқишимиз керак. Шу вақтгача қарсак чалиб юрдик, натижа бўлмади. Грантлар миқдорини икки баробар кўпайтирамиз», - дедилар қатъий ишонч билан президент. 
   Шунингдек, Президентимизнинг Олий таълим муассасаларида мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар икки баробар қисқартирилишининг маълум қилганлари ҳам эътиборга молик бўлди. Зум ўтмай бу масала ҳам ҳал этилди, ҳисоби. Педагогик таълим муассасаларда 6 та таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати уч йил этиб белгиланди.  Педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимини жорий этилиши ҳам аҳамиятли бўлди. Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказилишини эътироф этдилар.
   Жамиятнинг ривожига ғов бўладиган бало бу коррупция эканини барча жабҳаларда, хусусан уни таълим тизимида ҳам таг томири билан йўқотиш зарурлигини таъкидладилар. Чунки коррупция бамисоли жамиятнинг емирилиши ва ич-ичдан чиришига, яъни коррозия ва эрозияга монанд иллатдир. Ҳалоллик вакцинасини эмлаш орқалигина бу балолардан фориғ бўлиши аниқ.  Коррупцияга қарши курашувчи алоҳида орган ташкил этишни таклиф этганлари ҳам бежиз эмас.
   Имом Бухорий ҳазратлари “Илмдан ўзга нажот йўқ”, деб таъкидлаган эди. Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантириш ҳам фақат илм-маърифат ва инновация туфайли амалга ошади. Бунинг учун ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, нутқий маданият ва нотиқлик маҳоратига эга бўлган лидерлик фаолияти билан алоҳида ажралиб турадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялаш, олий маълумот оламан, илмли бўламан, деган ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратиб бериш зарурлиги Мурожаатномада алоҳида қайд этилди.
    Президентимизнинг она тили бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизимини яратиш тўғрисидаги таклифи нафақат ёшлар, балки ўзини ватанпарварман, деб ҳисоблайдиган барча юртдошларимизни қувонтирди. Ватанга садоқат, маънавият ва қадриятларимизга ҳурмат ҳисси ҳар бир инсон қалбига, аввало, она тили орқали сингишини, кишининг билими ва фикрлаш доираси ўз она тилини ўзлаштирганлик даражасига боғлиқлигини ҳисобга олсак, бу таклифнинг аҳамияти кўз олдимизда яққол намоён бўлади.
   Президентимизнинг ушбу ўгитларини ҳар бир ёш қулоғига қуйиб, юрагига жойлаб олиши зарур. “Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ донишмандлари айтганидек, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир»!
  Бу ҳаракат ва мақсад-вазифалар Президентимиз раҳнамолигида фаолият олиб борувчи интеллектуал салоҳиятли ёшларимизга, уларнинг ғайрат-шижоатига боғлиқлигини даврнинг ўзи талаб этаяпти.

   РАҲИМБОЙ ЖУМАНИЁЗОВ - ТИҚХММИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ РАҲБАРИ.