НАВО ВА САБО


Нега менга бундай дил бердинг, Эгам?
Ҳар нега ўкиниб фидо бўлайми?
Шодлигим жомини чертиб турар ғам,
Тўкилиб, тўкилиб... адо  бўлайми?..

Кўксимга урилар қутурган уммон,
Тўфондан минг бўлак бўлиб сачрайман.
Беватан гўдаклар, сарсону ҳайрон...
Хаёлимда бориб уни асрайман.

Кўнглим ҳувиллайди кетса турналар,
Бағримга ин солар қушлар галаси.
Тушимда тунлари эшик тимдалар,
Аёзда жон берган мушук боласи.

Тонгда қумри сайрар, булбуллар куйлар,
Терак япроғидан таралар наво.
Менга, жаҳолатда боласи куйган,
Онанинг фарёдин келтирар сабо.

Бағримни нимталаб буғдой сепаман,
Юрагим қонидан ниш урар лола,
“Она”, дер, хаёлда уни қучаман
Оламнинг четида оч қолган бола.

Нега менга бундай дил бердинг, Эгам,
Чарчадим, дунёнинг ташвишин тортиб.
Гоҳида ўйласам, қилади алам
Мен нима қилолдим  ўзимдан ортиб...

  Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот