ШОКОЛАДХЎР НОМАРД


     Бобомурод оилада кенжа фарзанд бўлгани боис, сал эркатойроқ бўлиб улғайди.  Бирор ишга бўйни ёр бермас,  ўзини ўтга чўққа уриб пул топишни ҳам истамас эди. 
     Шу сабаб эндигина 22 ёшга қадам қўйган бўлса-да,  фирибгарлик қилиб,  судланишга улгурди.  
     Айни дамда  ойлик иш ҳаққининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 3 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган бўлиб,  ана ўша жазони ўтаётган бўлсада, ўзига тегишли хулоса чиқариб олмади.  
     Унга халол меҳнат қилиб пул топишдан кўра,  бировларни алдаб,  пулини олишдек жирканч иш ёқиб қолди.  
     У чегара постлари атрофида айланиб юрар ва у ердан ўзига ўлжа қидирарди.  Бу гал унинг қармоғига Андижонлик Камола илинди.  
     Камола Қирғизистон Республикасидан қандолат маҳсулотларини олиб ўтиб,  сотишни йўлга қўйган эди.  Бу сафар ҳам у чегара орқали Қирғизистон Республикасига қонуний йўл билан ўтиб,  "Красний мак"  ва  "Золотой геребешок" номли шоколад маҳсулотларини олиб келаётган эди. Маҳсулотларнинг оғирлиги 785 килограммни ташкил этганлиги боис уларни тезда чегарадан олиб ўтишнинг имкони йўқ  эди. Уни устига  чегарада бўлиш вақти чегараланганлиги боис  ҳадемай чегара ёпилиши маълум қилинди.  
     Камола юкларни чегарадан олиб бериш билан шуғулланадиган таниши Қирғизистон Республикаси Қадамжой туманида яшовчи Суюнбек Салаевни топиб,  маҳсулотларни божхона енгиллашган вақтда ҳар бир килограммини 6 минг сўмдан олиб ўтиб беришга кўндирди.  
     Камола юкни қолдириб,  ўзи эса чегарадан эсон омон ўтиб олди. 
     Энди Суюнбек Салаев маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига ўтказиш учун ўзига шерик қидира бошлади.  Шу пайтда унга Бобомурод рўпара келиб қолди.  Суюнбек шоколад маҳсулотларининг ҳар бир килограммига 3000 сўмдан пул беришини айтиб,  Бобомуродга маҳсулотларни чегара ҳудудларини ажратиб турадиган "бетон плиткалар" тепасидан ирғитиб беришини айтди.   
     Таклиф иккисига ҳам маъқул келгач,  кечки пайт режани амалга оширдилар. 
     Аммо Бобомуроднинг мақсади юкни эгасига топшириш эмас, сотиб мўмайроқ даромад қилиш эди.  
     Шу сабаб у Камола Маматалиевага маҳсулотлар божхона хизматчилари қўлига тушиб қолгани ва мусодара этилгани ҳақида ёлғон маълумот берди.  Жами нархи 17 млн 270  минг сўмлик шоколад маҳсулотларини қўлга киритгач, энди уларга харидор қидира бошлади.  
     243 килограммини Қўштепа туманида яшовчи Азиза Назировага сотиб юборади.  63 килограммини эса кейинчалик сотиш мақсадида хонадонида сақлай бошлайди.  542 килограммини эса номаълум шахсларга ўтказиб юборади.  
     Камоланинг ёзма мурожаати асосида олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Бобомуроднинг қилмиши фош этилди.  Азиза Назированинг яшаш хонадонидан 180 килограмм, Бобомурод Ўлмасовнинг уйидан 63 килограмм  шоколад маҳсулотлари далилий ашё сифатида олинди. 
     Бундан ташқари, 9229-сонли Ҳарбий қисм томонидан берилган маълумотномада Водил МФЙ, Бўстон МФЙ, Хўжа Аҳмад Вале МФЙ,  Ҳосилот МФЙ ҳудудларида ҳеч қандай эгасиз ҳолда шоколад маҳсулотлари ушланмаганлиги кўрсатиб ўтилган. 
     "Континент Имкон Баҳо" МЧЖнинг берган хулосасида эса шоколадларнинг ҳар бир килограмми 22.000 сўм эканлиги аниқланган.
     Мазкур ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида Бобомурод Ўлмасов айбига иқрор бўлди.
     Суд ҳукми билан унга ойлик маошининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Муроджон ЭРГАШЕВ
Фарғона вилояти, Фарғона тумани
ИИБ ҳузуридаги ТБ суриштирувчиси, катта лейтенант.
Маъруфа СОЛИЕВА,
"Фаровон юрт" газетасининг махсус мухбири