ҚАБРИСТОНДАГИ ТИЖОРАТ


     Шарифжон Риштон тумани Ободонлаштириш бошқармасига қарашли "Ғойибберарлар"  номли қабристонда Назоратчи вазифасида ишлар эди.  Унинг уч нафар фарзанди бўлиб, оиласини шу ердан оладиган маоши билан боқарди.
Қабристонга келган турли аёллар ва қизлар ундан дуо қилиб қўйишни сўрашар ва бу хизмати учун унга кўнглидан чиқариб пул ташлаб кетишарди. Ҳар холда бу пуллар унинг кундалик эҳтиёжларига етиб турса ҳам  тўй қилиш сингари катта харажатлар учун етарли эмас эди.  Барибир у тузукроқ пул топиш, фарзандларини бировдан кам қилмай ўстириш ҳақида ўйларди. Ахир оладиган арзимаган маош билан тўй қилтшнинг ўзи бўладими?!
     Шу сабаб унинг фикру ёди, рўзғордан ортиниб, тузукроқ  пул йиғиш бўлиб қолди. 
     Ўйлаб қараса, олдига келадиганлар ундан дуо қилиб қўйишни, ишлари юришиб кетиши учун турли афсунлар ўқишни илтимос қилишяпти.  
     Бировдан қарз бўлгандан кўра, дам солиб, қайтарма қилиб, афсун ўқиб пул топиш маъқулроқ кўринди. 
     У ўзининг шундай ишларга қодир эканида фахрланиб, энди ўзи келганларга ишларини юритиб берадиган дуолар ёзиб беришни ва бунинг эвазига  маълум миқдорда пул тўлаш кераклигини айта бошлади.  
     Соддадил, ишонувчан аёллар эса унинг ноғорасига ўйнаб, ўзлари қолиб атрофидаги таниш-билишларга ҳам бу ҳақда хабар бера бошлашди. 
     Бир куни унинг ёнига ўша ерлик фуқаро Моҳидил тушкун кайфиятда кириб келди. Шарифжон ҳам дарров ўз ишига  киришиб,  Моҳидилни аврай кетди. 
-"Бахтингиз боғланган, синглим. Мен ўзим яхшилаб дам солиб қўяман.  Қайтарма қилиб,  йўлларингизни очиб,  бошингиз оғриғини бартараф этадиган дуолардан тумор ёзиб бераман. Кўрмагандек бўлиб кетасиз. Хизматимга 2 000 000 (икки миллион) сўм берсангиз, кифоя",-деди. Агар мабодо қилган афсунлари фойда бермаса, пулни бир ой ичида қайтариб беришни ваъда қилди. 
     Сўнг Муқаддас Қуръон китобида келтирилган суралардан ўқиб,  Моҳидилга дам солиб қўйди.
     Моҳидил ҳам унинг бу гапларига лаққа ишониб,  айтилган пулни олиб келиб берди. 
     Унинг бу ишлари бутун қишлоққа ёйилди. Буни эшитган Дилфуза ҳам бошининг оғриғидан шикоят қилиб, Шарифжонни қидириб  қабристонга келди. Мижозларининг сафи кенгайиб бораётганидан хурсанд бўлиб кетган Шарифжон  Дилфузага ҳам Моҳидилга айтган гапларини такрорлади. Фақат бу сафар хизмат нархини бироз пасайтирди. Бу гал у Дилфуза билан хизмат нархини 1.000.000 (бир миллион) сўмга келишишди.
     Ишлари юришиб, шу тариқа ўз бизнесини йўлга қўйган Шарифжоннинг орзулари узоққа чўзилмади. 
     Алданган икки аёлнинг мурожаати юзасидан ўтказилган суриштирув давомида Шарифжоннинг кирдикорлари фош бўлди ва унга нисбатан тегишли жазо тайинланди. 

Муҳсинбек МАМАЖОНОВ,
Фарғона вилояти, Риштон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчиси.
Маъруфа СОЛИЕВА
"Фаровон юрт" газетасининг махсус мухбири