САРОБГА АЙЛАНГАН ХАЁЛ


     Фаррух тинчгина Бувайда тумани Иқтисодиёт ва Саноат бўлимида ишлаб келар эди.  Вақтинча вазифа бажарувчи бошлиқ лавозимига кўтарилгач, босар тусарини ҳам билмай қолди. Фикри зикри  вақтдан фойдаланиб, тузукроқ маблағ орттириш  билан бўлиб қолди.  Бу хаёллар миясига тинчлик бермади. Уни устига олдида  синглисини узатишдек  тўй масаласи билан боғлиқ муаммо кўндаланг турарди.  
     Тўй қилишнинг ҳам ўзи бўлмайди,  албатта.  
     У ўз хаёллари билан банд бир пайтда бўлажак қуда томондан хушхабар келиб қолди. Хабарга кўра, бўлажак куёвнинг опаси  Мамлакатхон АТБ Халқ банки Риштон тумани филиалига ишга киришга ҳаракат қилаётган экан.  
     Фаррух эса қулай имкониятни қўлдан бой бергиси келмади.  Ўзини нималарга қодир эканини кўрсатиб қўймоқчи бўлди, чоғи. Қуда томонга мақтаниб,  Риштон тумани ҳокимлигида танишлари борлигини,  Риштон тумани Иқтисодиёт ва Саноат бўлими бошлиғи Бахриддин Одилов унинг яқин таниши эканлигини,   200 АҚШ доллари берса,  бир оғиз гапи билан банкка ишга киргизиб қўйишини айтиб ишонтирди. Бўлғуси қариндошлар ҳам ишнинг тез битганидан хурсанд бўлиб 200 АҚШ долларини санаб беришди. Фаррух  ишни хамирдан қил суғургандек,  қилиб бажарганидан севиниб,  яна янги режалар туза бошлади.  Бу орада унга яна пул керак бўлиб қолди. Бу гал сал бошқачароқ йўл тутиб, ҳали бир ишни қойиллатиб қўймасада,  уялмай нетмай яна Мамлакатхонни аврашга тушди.  
     Телефон орқали суҳбат чоғида у Мамлакатхонга роса мақтаниб,  ўзини  Фарғона вилоят ҳокими лавозимига тайинланиш учун Тошкентга суҳбатга кетаётганини айтди.  Шу сабаб 400 АҚШ доллари миқдорида  пул қарз бериб туришини, агар  ўзида йўқ бўлса,  бошқалардан топиб беришини илтимос қилди.  
     Мамлакатхон ҳам қариндош, бўлажак қуданинг гапларига лаққа ишни,  400 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олиб келиб берди. 
     Фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган пулларни эса Фаррух ҳеч иккиланмай,  ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборди. 
Аммо унинг бу найранглари иш бермади.  
     Ўтказилган тергов ишларида унинг ҳамма кирдикорлари фош бўлди.  
     Бўлиб ўтган суд мажлиси эса Фаррухга нисбатан ўз ҳукмини ўқиди. 

Муҳсинбек МАМАЖОНОВ, 
Фарғона вилояти Риштон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчиси.
Маъруфа СОЛИЕВА,  
"Фаровон юрт"  газетасининг махсус мухбири