ҲЎ АРАВА, БУ ЁҚҚА КЕЛ!


Қувондиқ СИДДИҚ

ҲЎ АРАВА, БУ ЁҚҚА КЕЛ! 
(воқеий ҳикоя)


   Ўғлим куни кеча бозорда тасвирга олган бир суратни кўрсатди. Арава судраб кетаётган йигит сурати. Тасвирни катталаштириб кўрсангиз, араванинг орқасидаги: "I LOVE YOU UZBEKISTAN" деган ёзувни ўқийсиз. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимиз Ўзбекистонимизни чин дилдан севишини истардим. Майли, инглиз тилида бўлсин, бу сўзларни шу оддий аравакаш йигитнинг кўнглидаги гап деб қабул қилдим. Унинг қалбида улкан эзгу орзулар жўш ураётганини ҳис қилдим. Шу сурат сабаб Сизларга анча йиллар олдин ёзган ҳикоямни ҳам илиндим.   
***

  Икки институтни битириб, эгаллаган билимларимни ҳаётга татбиқ этиб, молиявий аҳволимни мустаҳкамлаб олганман. Ҳамма нарсам етарли. Аммо бу шунчаки бўлгани йўқ. Ўқишни битиргунимча, сўнг ҳаётда ўз йўлимни топиб олгунимча она сутим оғзимдан келган. Аввал қишлоқда юрдим. Дипломинг тўғри келмайди, деб ҳеч қайси ташкилот ишга олмаган эди. Кейин ўқишга сарфлаган умримга ачина-ачина бошқа ўқишга, иккинчи мутахассисликка ҳужжат топширдим. Тўрт йилда иккинчи дипломни ҳам қўлга киритдим. Барибир ишим юришмади. Икки дипломли бўла туриб фақат оддий, маоши кам ишларни бажариб юрдим. Менга қўшилиб оилам ҳам қийналиб кетди. “Сут-қатиқ” бўлиб турган сигир-бузоқни сотиб, тузукроқ иш ахтариб пойтахтга келдим. Яхши одамларга учраб, тез кунда ишга жойлашдим. Меҳнатдан, изланишдан қочмадим. Шукрки, секин-секин қийин кунлар унут бўла бошлади. Ҳозир уй-жой, машина… ҳамма нарсам етарли.
   Бу менинг қисқача тарихим ва у аслида сизга айтмоқчи бўлган воқеага бевосита даҳлдор. Бундан уч ой олдин рўзғорга мева-сабзавот харид қилиш учун Қўйлиқ бозорига тушдим. Хотинимнинг бир варақ қоғозни тўлдириб ёзган харид рўйхатига қараб, бозор айлана бошладим. Бирпасда юкларим оғирлиги сезилди. Шунда тўрт-беш қадам нарида турган аравакаш йигитчага кўзим тушди.
- Ҳў, арава, бу ёққа кел!.. - дедим унга. У менга бироз ёвқараш қилди-да, сўнг тез-тез юриб ёнимга келди. Чаққонлик билан юкларимни аравасига жойлаштирди. Мен яна бироз айланишимизни айтдим. Савдолашдик. Инсофли бола экан, тортишиб ҳам ўтирмади. Арава деярли тўлди. Йигитча оғирлашиб кетган аравани судрашга анча қийналди, шекилли, терлаб кетди. “Ёрдамлашсам, хизмат ҳақингдан чегирасанми?” - дедим унга ҳазиллашиб. У менга бир қаради-да, бошини сарак-сарак қилди. Мен унинг бу ҳаракати нимани ифодалашини тушунмадим. “Кераги йўқ” деганими бу...  ва ёки “Яхшимас, терлаб-пишиб ишлаган одамнинг устидан кулиш, ака…” дедимикин?.. Ҳартугул,  ноўрин ҳазил қилганимни англаб етдим. Яхши бола экан, нарсаларни машинамнинг юкхонасига ҳам бирпасда жойлаштириб қўйди. Мен хизмат ҳақини бердим ва дедим:
- Ука, яхши йигит экансан, исминг нима?
   У пулни санамасдан чўнтагига урди-да, индамай кета бошлади. Саволим жавобсиз қолганидан жаҳлим чиқди. Орқасидан бақирдим.
- Ҳўв бола, одам бунақа одобсиз бўлмайди, мен сендан бор-йўғи исмингни сўрадим.
  У тўхтаб ортига, менга қаради.
- Отинг нима? - сўрадим яна.
- Арава!.. - деди йигитча ва аравасини тақирлатиб, югуриб бозорга кириб кетди.
   Уйга келдиму, негадир юрагим ҳижил бўлаверди. Ўйлаб кўрсам, бир пайтлар мен ҳам шу йигитчага ўхшаган, ҳали ҳаётда ўз йўлимни топиб ололмай, кимларнингдир калондимоғлигига чидаб юрган эдим-ку. “Ҳў, арава!” эмиш-а… Ўзинг кеча ким эдинг? Қаёқдан келди тилимга бу сўзлар?  Шу  “арава”  бир кун келиб, сендан ўн баравар зўр одам бўлиши мумкин-ку…
   Виждоним қийналди. Эртага душанба– иш куни. Келаси дам олиш кунида яна бозорга бориб, ўша болани топиб, ундан узр сўрайман, деган қарорга келдим.
   Кейинги якшанбаяна бозорга бордим. Аммо ўша йигитчани тополмадим.  Кейин яна... деярли ҳар ҳафта бозорга чиқдим. Афсуски, аравакаш йигитчани бошқа кўрмадим. Эҳтимол, ўқишга кириб кетгандир. Негадир шундай бўлишини жуда-жуда истадим.
  Баҳор келди. Наврўз арафасида одам ўз камчиликларини сарҳисоб қилиб қолади. Мен Наврўз ёки ҳайитларда ана шу воқеани қайта-қайта эсга оламан. Ҳамон аравакаш боладан узр сўраш нияти билан яшаяпман. Аммо уни тополганим йўқ. Ўшандан бери бозорга чиқиб, юкларимни аравага ортадиган бўлсам, биринчи галда аравакаш йигитдан исмини сўраб, ўз исми билан мурожаат қиламан ва хизмат ҳақини ўзи айтганидан кўпроқ қилиб бераман. “Узр, укам, сени бироз овора қилдим-да!” дейман. Улар, “Узрга ҳожат йўқ, ака, ишимиз-ку бу!..” дейишади. Ҳатто йигитлардан бири хижолатимни бир қадар аритадиган ажойиб изоҳни айтганида, фаросатига қойил қолдим.
- Биласизми, шахсан мен одамларнинг “арава” деб чақиришларини кўнглимга оғир олмайман, – деди у пешанасидаги терини артиб. – Бу сўзни мен ўзимга эмас, манави етаклаб юрган жонсиз аравамга нисбатан айтиляпти, деб қабул қиламан. Ахир, чет элларда ҳам таксини “Такси-и-и!” деб чақиришадику...
   Мен шу тариқа бу йигитлар тимсолида ҳўв ўша мағрур аравакаш йигитни кўраман-у, барибир ундан кечирим сўраган бўламан: “Кўнглимга қаердан кибр кириб келганини билмай қолибман. Келажакда сен мендан кўра омадлироқ бўлишингни тилайман. Мени кечир, мен исмини билолмаган аравакаш укажон!..”

2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот