ЁДГА ТУШСА ОНАМ АЛЛАСИ


Ёдга тушса, онам алласи,
Руҳим учар Арши Аълога...
Вужуд қолар ерда судралиб...

   Алла сўзи – Аллоҳ сўзидан келиб чиққан, дейишади. Алла қўшиғи эса дунёнинг энг биринчи қўшиғидир. Чунки, Момо Ҳавво одамдан одам ясаб, дунёнинг биринчи фарзандини кўрар экан, унга Аллоҳнинг борлигию бирлиги ҳақида хабар беради. Шу билан биргаликда, Аллоҳга ҳам илтижо қиладики, фарзандимни ўзинг асра, биз сенга ҳамду сано айтивчилар бўламиз, -дейди. Сенга сени кўрмай туриб, сени севувчи бандаларингни бунёд қиламан. Сенинг йўлингда, сенинг измингда юрувчи, жамолинг ишқида ёнувчи – маҳбублар, мубталолар, ошуфталар тақдим этаман...- дейди, дейди... Ва буларни жар солиб эмас, майин, сокин куй билан томирларга сингдиради, бола онги-шуурига жо қилади. Шунча юкни ўз зиммасига олиб олган Момо мизнинг энди фурсати оз, вақт эса тиғиз эди. Шунинг учун у боласининг биринчи куниданоқ, бу қўшиқни куйлай бошлади...

... Жоним болам, Аллоҳ, Аллоҳ,
Эшит нолам, Аллоҳ, Аллоҳ,
Ўзинг бердинг, яратдинг-ку,
Олам ичра бир олам, Аллоҳ, Аллоҳ....

   Шундай қилиб, биз дунё оналарига алла айтмоқ, дуёнинг биринчи Онаси бўлмиш Ҳавводан мерос қолди.
   Шунинг учун ҳам дунёнинг қайси бурчида, қайси тил, қайси миллат бўлишидан қатъий назар, бу қўшиқ куйланар экан, бирдай ёқимли ва сеҳрли эшитилаверади. Шундан бўлса керакки, уни эшитган Одам боласи маҳлиё бўлмай қолмайди...
   Мана, алланинг моҳияти, томири қаерда!
   Демак, биз алла айтар эканмиз, на фақат боламизга ором ва ҳузур бахш этамиз, балки, Аллоҳни ҳам ризо қилар эканмиз. Момо Ҳаввомизнинг юзини ёруғ қилар эканмиз. Бу садоқатимиз эвазига эса, Аллоҳим бизга қобил ва диёнатли, инсоф ва иймонли фарзандлар ҳадя этар экан.

Кимки, бу ҳадядан мосуво бўлмай деса, алла айтсин!
Фарзандим, суянган тоғим, ишонган боғим бўлсин деса, алла айтсин!
Умрим хазон, меҳнатим увол бўлмасин, деса, алла айтсин!
Мендан кейин номим, нишоним қолсин, деса, алла айтсин!
У дунёга ортимдан бир ҳовуч дуо борсин, деса, алла айтсин!..

***

Алла айтса,
миллат онаси,
Юлдузлар пойига тўкилар.
Осмон тушар оёқ остига,
Фалакнинг чоклари сўкилар.
Алла айтса,
миллат онаси,
Индамай тинглайди дунёлар.
Дув тўкилар, қоя тошлари,
Шаштидан қайтади дарёлар.
Алла айтса,
миллат онаси,
Ватандан хоинлар чиқмагай.
Ўғил-қизи ор деб яшайди,
Келинлар ножинслар туғмагай.
Алла айтса,
миллат онаси,
Номуслар янчилмас, қул қолмас.
Ишқ ичра ёнар жўмардлар,
Ва асло аёли тул бўлмас.
Алла айтса,
миллат онаси,
Томирда ҳур ҳаёт уйғонар!
Оҳ, аёл, аллала, аллангдан,
Аллоҳнинг Арши ҳам тебранар!

Фарида АФРЎЗ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот