Бунда гулларнинг япроғида шеър


   Тонг чоғи Адиблар хиёбонидаман. Адабиёт бўстонининг еттинчи мўъжизасидаман. Қуёш нурларида жилваланаётган митти фавворалар худди гўзал қизларга ҳазиллашиб сув сочаётган йигитларга ўхшайди. Минг турли чечаклар: оқ, қизил, пушти, ним пушти, кўк, сариқ, тўқ қизил, қирмизи, нафармон ва яна бир қанча аралаш рангли гуллар. Бундай Боғи Дилкушони бирпасда сайроқи қушлар топиб олишибди. Тилло патли қушлар чаҳ-чаҳидан дил яйрайди. Боғ тўрида шеърият мулкининг султони ҳазрати Алишер Навоий уларга юзланиб шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур турибдилар. Асрлар тўфонлари аро улар энди шу боғда учрашдилар. Бу сафар улар тахт ва салтанат қутқусининг заҳаролуд ҳавоси кезган саройларда эмас, Адиблар хиёбонида учрашмишлар. Нафис мажлисга бир ёнда Огаҳий, бир ёнда Бердақ, бир ёнда Фурқат, бир ёнда  Қодирий, бир ёнда Қаҳҳор, бир ёнда Чўлпону Фитрат, бир ёнда Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжону Зулфия, бир ёнда Саид Аҳмаду Саидахон, Озод Шарафуддинов, Абдулла Орипов, Эркин  Воҳидов, Муҳаммад Юсуф яна қанча – қанча улуғларимиз жамулжам бўлмишлар. Навоийнинг ўнг қўли тарафда улкан кутубхона. Бу кутубхонада биз бугунги ўзбек адибларидан тортиб дунё адабиёт аҳли билан суҳбат қурамиз. Онгу шууримизни маъни мазмун билан бойитамиз. Навоий ҳазратнинг чап томонида, юракларига яқин жойдаги оппоқ қасрда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биноси. Бунда Навоийнинг ворислари, шогирдлари, авлоди аржумандлари тўпланадилар, тадбирлар тузадилар, мушоиралар ўтказадилар, фикрлар улашадилар, нур улашадилар, игна билан қудуқ қазийдилар, қаламлари билан минг турли чашмаларнинг йўлларини очадилар. Бунда муҳит мусаффо.
  Адиблар хиёбони. Бу мўъжизавий боққа келинг дўстлар! Бунда сизни ақл булоқлари, шамолларда сўнмас шамлар ёғдуси, оловларда ёнмаган қулёзмалар, бўронларни бўйсундирган шиддатлар, асрий музларни эритган ҳарорат, меҳр уммони, муҳаббат ва самимият денгизи кутмоқда.  Бунда сизни адабиёт кутмоқда.
  Адиблар хиёбони. Боғ тўрида қуёшга юксалгандек Навоий томон юрасиз. Юксаласиз! Бу боғ йўлакларида Огаҳий билан юзма-юз бўласиз, Бердақ билан саломлашасиз. Бу боғ айвонларида Қодирий билан ҳасратлашасиз, Ойбекнинг кўзларидан сочилган ақл сачратмаларидан уйғонасиз, Қаҳҳор нигоҳидан тетиклашасиз, қўлингиздан тушиб кетган китобни оламан деб Муҳаммад Юсуфнинг бошига бошингиз тўқнашади, у кулади, сиз куласиз, узр сўрайсиз, боғ айланасиз. “Бундай боғ дунёда йўқ” - дейди у. “Бундай адиблар ҳам бошқа юртда йўқ”- дейсиз сиз. “Бундай шоир қалб миллат дунёда йўқ”, - дейсизлар биргалашиб.
   Адиблар хиёбони. Миллий хазина, маънавиятимизнинг Боғи Дилкушоси муборак бўлсин.
                                 
Зулфия Мўминова - шоира.
   2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот