Ишсизлик касофати


     Ихтиёр ҳам тоғни урса толқон қиладиган  кучга  эга. Аммо уни ҳам ишсизлик балоси қийнайди. Шу сабаб оиласида тез-тез жанжаллар чиқиб туради. Йўқчилик қурсин, икки болани едириб, ичириш, ўқитиш каби ташвишлар ҳар куни уни миясини пармалайди. Аксига олиб, хотин ҳам бидирлашини қўймайди. Нима бўлди-ю, яна уйда жанжал кўтарилди. Шундоғам йўқчиликдан асаблари бузилган Ихтиёр хотинини ҳайдаб юборди. Дилноза ҳам шуни кутиб ўтиргандек, дарҳол қизлик уйига жўнаб кетди. Орадан бир-икки кун ўтгач, Ихтиёр сал ақлини йиғиб олди.  Қилмишидан пушаймон бўлиб, болаларини соғиниб, Дилнозани қайтариб уйига олиб келиш учун қайнонасини уйига борди. Бироқ Дилноза уни эшитишни истамади. Яна ўша уйда оч наҳор ўтирамизми, дея ўз оила аъзоларини олдида Ихтиёрни беҳурмат қила бошлади. Ўзаро тортишув туфайли Ихтиёр хотинига жаҳл устида бир мушт тушириб юборди. Натижада, Дилноза енгил тан жароҳати олиб, тез тиббий ёрдамга мурожаат қилди. 
     Ўтказилган суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Дилнозанинг жароҳати тез ўтиб кетувчи, енгил шикастлар тоифасига кириши аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида эса Ихтиёр Олимовга огоҳлантириш берилди. Шу билан бирга битта оила барбод бўлишининг олди олинди.  

Нодирбек ХОЖИМАТОВ, Қўқон шаҳар Маъмурий судининг раиси