БУЛАР БАРИБИР ЎҚИМАЙДИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ

БУЛАР БАРИБИР ЎҚИМАЙДИ
Ҳикоя

  Ер юксалди, фалак энкайди – адибнинг боши осмонга етди. Қувонди. Қувонади-да, бошқа ким қувонсин! Шахсан вилоятнинг каттакони ишнинг тепасида турди, бир ярим ой ичида адиб учун шахсий кутубхона қуриб беришди. Хонадоннинг хонумонини босиб турган ўн беш минг китобни “уйли-жойли” қилди.
  Адиб елкасидан нафас олди. Худога шукр қилди. (Йўқ, унинг “шахсий кутубхона” дейишга тили бормайди, уялади). Қандай яхши жаранглайди: уй кутубхона!!!
  Китобнинг ҳам нури бор. Китобнинг ҳам пири бор. Мактабнинг чап қанотида қад кўтарган оппоқ кутубхонанинг девору деразалари ёғду таратиб турганга ўхшайди, адибга шундай туюлади, туюлади эмас, унга қараса кўзлари қамашиб кетади. Қийғос гул урган олча дарахти соясида ўтириб дилчигил ёзаётган синфдоши Мамат муаллим айтиб қолди: “Ошна, яхши иш бўлди. Шу десанг, уйинг билан мактабнинг орасида сен ўзингга ҳайкал тиклаб қўйдинг, мана шу китоб уйнинг ўзи Сени тарихга оп киради...”. Адиб жилмайди. “Нега куласан, кўнглимда кўкараётган гапни айтдим, Сенга. Шу кутубхонанинг деворидан нур таралиб турганга ўхшайди, агар ер қўйворса типпа-тик қуёшга қараб учиб кетади...”
  Ё қудратингдан, кутубхонага термулиб турган адибнинг ҳам хаёлида шундай тиниқ фикрлар чарх урарди...
– Ер қўйворса ўзим ҳам учиб кетадигандайман, ошна...
– Худойи неччида? Кимларни айтиб эдинг?, – муаллим гапни чўрт кесди.
– Вилоятдаги, тумандаги жўраларни айтиб эдим, – деди адиб адабиёт муаллимининг “айтиб эдими”га алоҳида урғу бериб. (Очиғи, адибнинг қулоғига “айтиб эдим” жуда ёқимли эшитилди, юраги ҳапқириб кетди...) Ўзагингдан чиққан ўланинг ўлмайди-да!
– Шу одатинг яхши-да.
– Қайси одатим?
– Пойтахтда машҳурсану, бир оёғинг қишлоқда. Элнинг эркасисан, элаги йўққа эрмакмассан, ҳар қалай. Яхши қиласан, қишлоқдан узилма!
  Адибнинг ота уйидан кетганига қирқ йил бўлди. “Олис кетган ёт бўлади, ортда қолган от минади”, – дерди худо раҳмат қилгур момоси. Ота ҳовли кенжага қолди. Кенжанинг таъбири билан гап очсак: “Ўзига уй қурмади, жой қурмади, ош ташимади, нон ташимади, пақат китап ташиди. Уйди китапхона қилди-қўйди...”
  Бугун кенжа уканинг ҳам суяги енгил бўлди, кўнглига чўккан тош олинди, шу китоб қурмағурлардан қутулди. Бола-бақраси билан кенг – мўл уйда яйраб яшайди энди.
  ...Танаффусга қўнғироқ чалинди. Мактаб ҳовлисига отилиб чиққан бир тўп болакайлар кутубхона томон югуришди. Адибнинг қалби тўлқин урди. Кўнглидан шу ўй оқди: “Мен ёзган асарлар ичида энг яхшиси шу – кутубхона бўлди!”
  Пешинда ота уй (энди ука уй)да худойи бўлди. Қўй сўйиб қозон осилди. Кечқурун эса, асосий тадбирдан сўнг китобдан бўшаган кенг-мўл меҳмонхонага дастурхон ёзилди: ошналари таъбири билан айтганда, янгича русмни ҳам қилиб қўйиш керак-да; турли хил тансиқ емак, мева-чева, оқу қизил ичимлик... Ҳаммасидан бор. Ҳазилми, вилояту туманда тўрни ҳеч кимга бермайдиган тўражўралар келишаяпти.
  Давра қалқди. Давра қизиди. Зиёфатнинг зўри, ҳамду санонинг қўри бўлди:
– Китапсиз, китапсиз илм йўқ-да, туври-да, – деди тўрдаги тўра.
– Биздинг ёзувчи ошна, зўр иш қилдинг-да. Очилиш маросимига вилоятдан каттанинг келганини қара. Зўрсан, зўр, – деди берироқдаги тўра.
– Китап одамнинг кўзидаги нур-да, доим ўқиш керак, ақлнинг калити, – деди яна бир тўра.
– Ўзимдаги ҳамма ёхшилиқлар учун китапга раҳмат айтаман деган, Горький. Шундайма-а?,–ўсмоқчилаб, фикрига мих уриб мустаҳкамлади ҳалиги, тўрдаги тўра.
– Бугун ёзувчилар жамиятнинг энг фаол кишиси бўлди. Китапга эътибор жуда кучайди, – деди тил учида яна бир тўра.
– Ёзувчи халқи энди талант-да талант. Шу менинг ҳам баъзида китап ёзгим кеп кетади, – ҳиринглади тумандан келган тўра хонага кириб-чиқиб хизмат қилиб юрган Мамат муаллимга беписанд қараб.
  Мамат муаллим ичида ихраниб қўйди: “Каллангда қовоқ пишмагандан кейин қовунни орзу қил-а, уккағар!”
  Тўраларнинг бири қўйиб, бири олди. Инсониятнинг энг буюк кашфиёти бўлган китобнинг таърифига дунё дунё бўлгандан бери бу қишлоқда бунчалик таҳсину тасанно айтилмаган эди. Даврадошлар китобни улуғлаш бобида кимўзар ўйнашарди.
  Мақтовнинг авжи қиёмида адиб меҳмонларнинг ҳар бирига қўлхати туширилган ўзининг янги китобини совға қилди. Ана мақтову мана мақтов. Адиб бечоранинг кўзида ёш қалқди. Қадаҳга қўл чўзди, сармаст бўлди. Меҳмонлар алламаҳалда, туннинг боши тонгга тегар пайти тарқашди.
  Адиб барвақт уйғонди. Ҳовлида кенжа укаси билан нонушта қилди. Шаҳарга қайтишга ҳозирлик кўрди. Ичкарида илинган кийим-бошини олгани меҳмонхонага кирди. Келин дастурхонни йиғиштирибди, деразаларни очиб, хонани шамоллатибди, супириб-сидирибгина қўйибди. Кийимларини олаётиб адибнинг кўзи хона бурчидаги кичкина столга тушди. Стол устида унинг кеча жўраларига тарқатган китоблари тахланиб турарди. Адиб кўзларини очиб-юмди. Юрагига титроқ тушди, бадани жимирлаб, ўз-ўзидан сескангандай бўлди. Чин, ана, китоблари тахланиб турибди. Адиб ич-ичидан оғриниб уларни кўз қири билан санагандай бўлди. Олтита китоб. Улар етти нафар эди-ку... Кимдир ташлаб кетмабди, олиб кетибди, кимдир... Адибнинг юзига қизиллик урди. Энди ўз-ўзидан уялиб кетди. Стол устидаги китоблар билан унинг орасидаги масофа тобора олислашиб борарди. У китоблар тахлами ёнига боришга ботинолмай, терс қараб ташқарига чиқди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот