АНЖАНЧАСИГА!


     Авваламбор, ассалому алайкум муҳтарам дўстлар! Фикрларимни баён этишимдан аввал, Андижон халқига бўлган ҳурматим юксак эканини эътироф этишни жоиз деб топдим. Чунки, қуйида билдириладиган фикрларим Андижонда яшайдиган барча учун баробар эмас, айнан томошаларга, шоу бизнес тили билан айтганда шоуларга ўч кимсалар ҳақида. Ҳақли савол туғилиши мумкин, "Андижонликлар ҳақида гапиришни сенга ким қўйибди, ўзи қаерликсан?", - дейдиган маҳаллийчилик қиладиганлар ҳам топилиб қолар орангизда эҳтимол. Шу ўринда, айтиб ўтишим керак, ўзим асли Тошкентда туғилган бўлсам-да, Отам раҳматлик Сурхондарёлик, Онам Бухоролик бўлган. Тақдир тақозоси билан Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида яшаганман. Эътироф этишим керакки, Андижонликларнинг муомала маданиятига тан берганман, чиндан ҳам бошқа вилоятларга нисбатан хушмуомала инсонлар. Аммо Андижонликлар хафа бўлишмасин, қайта туғилиш имкони бўлса, Андижонда туғилишни Оллоҳдан сўрамаган бўлардим. Нега? Аввало, бошқа вилоятдагиларни нон-тузига тупуришдек туюлгандек бўларди мен учун бу ҳолат ва  исломий таълимдан озгина бўлса-да хабари бўлган одам таносуҳ, яъни руҳнинг танадан танага кўчиб юриши исломда тан олинмаганини билган бўларди ва бу каби кулгили гапни гапирмасди. Ҳиндларда бу таълимот мавжуд бўлиб, инсон етти маротабагача қайта туғилади ва ҳар сафар турли мавжудотлар танаси, чунончи, маймун, фил ва ҳоказо ҳайвонлар танасида дунёга келиши мумкин, деб ҳисоблашади. Шу сабабдан ҳам уларда ҳайвон ва паррандаларни ўлдириш ва гўштини тановул қилиш катта гуноҳ ҳисобланади. 

     Андижондаги минбарда сўзлаган қизга, очиғи ачиндим. Бу маърузани қўйишдан мақсад унинг устидан кулиш ё калака қилиш фикридан мутлақо йироқман! Тўғрисини тан олай, ундаги беғуборлик, самимийлик, ишонувчанлик, болаларга хос жўшқинликка дастлаб, ҳавасим ҳам келди, бироқ ҳаққонийлик ва хаёлот ўртасидаги масофани адаштириб юборгани, таниқли адиблар ва фильмлардан иқтибос келтириши, чунончи, бировнинг шеърини ўқиши бироз ғашимни келтирди, десам тўғри бўлади. Аввал "Биз билгандик, биз кутгандик", - деган сўзлари кўпчиликка малол келганидан ва кулгу бўлганидан кўпчилигингиз хабардорсиз. 

     Шу қизни тарбиялаб, бағрида вояга етказган, Зулфия мукофотига тавсия қилган Хоразм халқи ва устозлари эмасмиди аслида? Шунча йил Хоразмда яшаб, нега бирданига келаси ҳаётида Андижонда туғилгиси келиб қолди? Ожизгина ақлим буни сира ҳам қабул қила олмаяпти.

     Мени ҳайратга солган тафсилотларга тўхталсам! Аввало, "Андижонда шундай ҳокимларимиз бор экану биз билмай юрган эканмиз", - деган гапнинг айтилиши ва бунга ҳокимнинг қувониши. Шахсан менга бу гап аслида ҳақоратдек туюлган бўларди. Нега? Чунки, бу сўзлар машҳур адибимиз Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" асарида келини - Кумушбибига, яъни аёл кишига нисбатан ишлатилган ибора! Эркак кишига эмас! Қолаверса, машҳур адибнинг сўзини ҳокимга нисбатан иқтибос қилиб келтирилишининг ўзи нотўғри деб биламан. Бу адабий кеча ё Абдулла Қодирийнинг ижоди ёинки асарига тааллуқли, боғлиқ бўлган кеча эмасди! 

      Кейинги ҳолат. "Техника мўъжизасини кўрганману, лекин бунақасини..." Ҳа, тўғри пайқадингиз, муҳтарам зукко ўқувчи, бу сўзлар машҳур Леонид Гайдайнинг "Иван Васильевич касбини ўзгартиради" фильмида ўғрининг девор ғойиб бўлганида ҳайратланиб айтган гапи. Айнан қанақа техника мўъжизаси ҳақида гап кетаяпти, ким тушунди? Аммо томошабин қарсак чалиб, олқишлашда давом этди. Балки мен Андижонда мисли кўрилмаган техника мўъжизалари содир бўлганидан бехабар қолгандирман. Агар машина ишлаб чиқарилаётгани назарда тутилаётган бўлса, бу менимча, техника мўъжизаси эмас, қолаверса кеча яратилган янгиликмас! Айнан қандай техника мўъжизаси тўғрисида гапираётганига ойдинлик ҳам киритмаган!

     Шеър ўқишига келсак. Аввало, у ўқиган шеърнинг муаллифи мутлақо бошқа шоира эканлиги ва муаллиф айтиб ўтилиши, ҳам бошқача сўзлар қўшиб ўқилмаслиги, муаллифлик ҳуқуқларининг бузилмаслиги шарт эди!     
      Шу ўринда асл муаллиф ва шеърни эътиборингизларга ҳавола этмоқчиман.

Осмонни тўлдириб, тоғдек келяпман,
Гуриллаб ё гуллаб боғдек келяпман,
Сенга бирор нафим бор, деб келяпман,
Ўзбекистон, не гапинг бор, айт менга,
Фарзанд бўлиб бажармоқлик шарт менга.

Юрсам, қадамимдан чақмоқ чақади,
Кўксимдаги ўтлар порлоқ чиқади,
Сен десам, қўлимда байроқ чиқади,
Ўзбекистон, не гапинг бор, айт менга,
Фарзанд бўлиб бажармоқлик шарт менга…

Гўзалхон Эргашева.

     Яқиндагина шоир Шаробиддин Болтабоев "Пахта тергим келаяпти, Равон мингим келаяпти" деб шеър ўқигани ва кўп йиллик хизматлари инобатга олиниб, машина совға қилинишини маддоҳлик деб атаганларида, Шаробиддин Болтабоев хусусидаги фикрларга муносабат билдиргандим. Яъни калтак унинг бошида синди, ҳоким ҳотамтой бўлди. Бу ерда ҳам худди шундай ҳолатни кузатишимиз мумкин. Мақтовлар ҳоким жаноблари шаънига ёғилди, бу қиз маломатлар ёмғири остида қолди. Ўша қиз, аслида Нексия ёки Малибу совға олиш ниятида бу сўзларни айтмаганига ҳам ишонаман. 
     Мен ҳокимнинг вилоят миқёсида қилаётган ишларига кўз юммоқчи эмасман. Ҳоким бўлишнинг ва элу юрт учун жон куйдириб, кеча-ю кундуз тиним билмасликнинг ўзи бўлмайди. Вилоят ҳокимининг Андижон халқи учун қилаётган ишлари ҳам талайгина. 
     Раҳматли Отам ҳам давлат идорасида ишлар ва на байрам ва на белгиланган иш вақти бор эди. Натижада инфаркт касалини орттириб олдилар ва 59 ёшларида (60 ёш юбилейини кўришга улгурмай) оламдан эрта кетдилар (Худо раҳмат қилсин)! 
     Тўғри, мақтов кўпчиликка ёқиши - инкор қилиб бўлмас ҳақиқат, аммо минбарга чиқишга муносиб истеъдодли қизлар талай-ку Андижонда! Қанча-қанча истеъдод эгаларини, шу бугунда Зулфия мукофотига чинакамига муносиб бўлганлар қолиб, таниш-билишчилик билан мукофот олаётганлар борлигини кўпчилигимизга сир эмас.
     Ахир қачон қарсакбозлик ва маддоҳликдан тийиламиз? Нега ҳодисаларга холисона ёндошиб, хайрли ишлару ечимини кутаётган муаммоларни баробар гапирмаймиз?
     Айримлар у қизни кўролмайдиганлар ғийбат қилаяпти, ҳасад қилаяпти деган фикрларни билдиришибди. Ҳатто, психологлар мутахассис сифатида ўз ташхисларини ҳам баён этишди. Мен психолог ё танқидчи эмасман. У қизга фақат ва фақат бахт тилайман, аммо раҳбариятга қилинган ноўрин хушомадларни маддоҳлик деб баҳолайман ва ўз фикримда собит қоламан! У эркакми, аёлми, бунинг фарқи йўқ! Маддоҳ ҳар қандай ҳолатда ҳам маддоҳ, яъни мадҳ этувчи, мақтовчидир! Ҳаёт фақат оқ ва қора ранглардан иборатмаслигини мен ҳам тушунаман, ранг-баранглигини биламан. Ҳаётдан ё ҳеч кимсадан аламзада ҳам эмасман, ҳасад қиладиган ерим ҳам йўқ. Худога шукур, ҳеч нарсадан камим йўқ. Андижондан қанча-қанча таниқли кишилар етишиб чиққан. Мирзо Бобурдан тортиб, бугунги кунимизнинг машҳур кишилари - Шерали Жўраев, Озодбек Назарбеков, Ғайрат Аҳмедов, Ғайрат Усмонов, Эркин Комилов, Ҳуррият Исроилова, Муҳаммад Юсуф, Валижон Шамшиев, Мунаввара Усмонова, Муножот Йўлчиева, Одина Ғозиева, Аваз Охун, Нуриддин Ҳамроқулов ва ҳоказо. 
     Бу қизни ким топиб келган ўзи Андижонда шунча истеъдодли шоиралар, адибалар турганда? Мақсадлари нима бўлган? Буниси менга қоронғу!
     Лекин, узоққа бормайлик. Андижонда Муҳаммад Юсуф музейига ажратилган ер майдони тадбиркорга бериб юборилгани ва Муҳаммад Юсуфнинг оила аъзолари бу борада қанча жон куйдиришгани ҳақида ҳоким жанобларининг хабарлари бор. Нега шу масала ечими ҳақида аниқ тўхтамга келинмади шу чоққача? Токайгача қарсак чалиб юраверамиз? 
     Шу ўринда, айтиб ўтишим шарт, ҳеч кимдан ҳеч қандай манфаатдор бўладиган жойим ё кимларнидир ёмонлашдан наф кўрадиган ерим йўқ. Ҳокимият ва халқ орасидаги муносабатлар самимий ва холис бўлишини истайман, холос. 
     Куни кеча "Ўзбекистон" радиосига берган интервьюмда ҳам мансабдор шахслар муомала маданияти ва журналистларнинг ўринли ва ўринсиз хатти-ҳаракатлари борасида холис муносабат билдиргандим.
     Анжанликлар  мард ва танти бўлишади. Шу учун ҳам Анжанчасига, ҳам Сурхонликларга хос чапанича аралаш гапириб юборган бўлсам, маъзур тутасизлар! 
     Буларни ёзишдан мақсадим нима? Мақсад битта - қарсакбозлик ва маддоҳликка чек қўйиб, қилинажак ишларимизни амалда исботлайлик! Шундагина халқ чинакамига қарсак чалиб, ростманасига мақтаб, дуо қилади!  

Камоли эҳтиром ила - Музаффар Муҳаммадназар.