ЭНГ ЗЎР КАДР


   Озроқ эҳсоним бор эди. Гемотология клиникасининг болалар бўлимига отландим.
  Эшик олдида эски аравачада қийшайиброқ ўтирган жуссаси кичкина қизга кўзим тушди. Касал бўлса керак, қўлимдагини шу бечорага бера қолай деб саломлашиб, гапга солдим. Адашибман. Ўзи ҳам бирорта ночорга ёрдам бериш илинжида келган экан. Бўлимга бир гуруҳ артистлар ва тасвирга олиш гуруҳи келгани учун ичкарига киритишмабди. Биргаликда кута бошладик. Ярим соатлардан сўнг аввал камера тутган оператор, сўнг бир тўп машҳурлар, уларнинг ортидан эса ичкарида расмга тушишга улгурмаган оналар ва ҳали оёғида турган болалар югуриб чиқишди.
 Селфимания тугагач ҳам бизни ичкарига қўйишмади. Мен-ку майли, атаганимни бирорта онага бериб кетавераман. Аммо аравачада ўтирган қизга ичим оғриди:
- Илтимос, бирорта болачани хонасига киришимга рухсат беринг. Озгина бўлса ҳам далда бўлмоқчиман. Ўн дақиқа етади. Ёнига яқин бормайман. Грипп ёки бошқа юқумли касаллигим ҳам йўқ.
- Бўлмайди! Микроб тушади, синглим. Ҳар хил одам кираверса, бозордан нима фарқи қолади!
  Ортиқ чидаб тура олмадим:
- Ҳозиргина бир тўп одам чиқди. Уларнинг микроби йўғу, шу савобталаб қизда борми? Уялмайсизми!
- Улар соғлом! Қолаверса, рухсатлари бор, шахсан главрачдан!
  Бошқа тоқат қила олмай қолдим. Қўлим кўтарилди. Бироқ қизнинг ўзи аста этагимдан тортиб тўхтатди. Қарасам кўзи жиққа ёш:
- Майли опа, тортишманг. Улар ҳақ! Кирмаганим маъқул.
 У ичкарига шошилган аёллардан бирига рўмолчага ўралган иккита беш минг сўмлик ва муқоваси чиройли китобни тутқазди:
- Хола оз бўлса ҳам орттирганимни олиб келавердим. Манави эртакни фарзандингизга ўқиб беринг. Асло тушкунликка тушмасин, у дардни албатта енгади! Мени айтти дерсиз, ҳаммаси яхши бўлади.
  Боя эътибор бермабман. Овози ҳам жуссасидек омонат экан. У китобни очиб мундарижага ишора қилди:
- Қаранг, зўр эртаклар бор.
  Шу чоқ машҳурларни кузатиб қўйган тасвирчи йигит сумкасига жойланган камерани чиқариб, қизни нишонга олди:
- Илтимос, тасвирга олманг.
  Китоб билан юзини тўсган ожизадан ранжиган йигит таажжубини яширмади:
- Нега? Шундай ҳолатингизда бемор болаларга далда бераман деб келибсиз. Энг зўр кадр бўларди! Сиз китобга қараб турсангиз бўлди.
   Қиз бош чайқаб, рози бўлмади.
   Сал нарироқда турган режиссёрни эса жаҳли чиқди:
- Кетдик укам. Ҳамма зўр кадрларни ичкарида олиб бўлдик. Баъзилар телевизорда кўринишни хоҳлашмайди. Тўғрими, синглим?
  Қиз индамади.
 Мен иккита беш минг ва китобни олган аёлни астойдил дуо қилишини кутгандим. У телефонидан кўз узмай миннатдорчилик билдириб, орқароқда турган шеригига бақирди:
-Ўл Замир, қийшиқ обсан-ку! Калламни ярми йўқ. Кўзинг қаттайди? Эссиз, шундай артис келганидаяяяя....
  Ўша куни касалхонадан дилим икки карра вайрон бўлиб қайтдим. Нега бунчалик калтабин бўлиб кетдик?
  Тўғри, эшик олдида турган тиббиёт ходимининг ўз вазифаси, амал қиладиган йўриқномаси бор. Журналист қиз ҳам қаттиқ чарчаган. Калласини ярми суратга тушмай қолган онага ҳам осон тутмадим. Балки машҳурлар ташрифи уларнинг қалбига оз бўлсада қувонч олиб кирар. Ахлоқи чайналаверганидан бутун жойи қолмаган фалончихон билан селфи тушишни ҳам айби йўқ, чунки у юлдуз!
   Аммо охиратда-чи? Балки шу ногирон ожизанинг мавқейи ҳаммамиздан баландроқ бўлар?!
  Балки ҳеч қайси оператор, режиссёр, журналист топа олмаган, аҳамият бермаган энг зўр кадрлар аллақачон Аллоҳ назари билан тасвирга олиниб бўлгандир...

Муаззам ИБРОҲИМОВА. 
2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот