Биз уларни кимга ишонаяпмиз?


     ЖУДА болажон халқмиз. Шунинг учун ҳам қаровсиз қолган болалар ҳақида гап кетганда, улар қаердан пайдо бўлди, деган эътирозга дуч келишимиз аниқ. Ахир, миллатимизнинг энг улуғ қадриятларидан бири ҳам ана шу меҳрибонлик ва болажонлик-ку, дейдиганлар ҳақ! Тўғри, дилбандларимизнинг пар ёстиқларда ухлаши, эгнида ипакдан кийим кийиши учун жонимизни жабборга бериб ишлаймиз. Уларни ҳар турли кўнгилсизликлару хатарлардан асраш, муаммолардан ҳимоя қилиш учун керак бўлса тоғдек қалқон бўлиб туришга қодирмиз! Аммо бу дунёйи дунда бахт бор экан, бахтсизлик ҳам бор, қувонч бор экан қайғу ҳам ёнма-ён.

     Тўғри, давлатимиз ота ёки онасидан айрилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун кўрсатаётган ғамхўрликларнинг чеки-чегараси йўқ. 1997 йилда Тошкентда ташкил этилган SOS Kinderdorf болалар қишлоғи, Самарқанддаги болалар маҳалласи, Зарафшондаги болалар шаҳарчаси, 20 дан ортиқ “Меҳрибонлик уйлари”, махсус мактаб-интернатлар, ­оилавий болалар уйлари, хуллас, болаларнинг қаровсиз қолишига имкон қадар йўл қўймаслик чоралари кўрилган.

Ҳам ота, ҳам она, ҳам энагамиз

     Шундай муассасалардан бири Навоий вилоят ички ишлар бош­қармаси Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси қошидаги Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази эътиборсизлик оқибатида оиласидан меҳр топмаган, ҳаёт сўқмоқларида йўлдан эмас, кўнгилдан, яхшиликдан адашган болаларни ижтимоий ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган. 25 ўринли мазкур марказнинг ташкил этилганига ҳадемай ўн йил бўлади. Дастлаб 2010 йилда 137 нафар қаровсиз бола қабул қилинган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу ерга келтирилган болалар сони 186 нафарни ташкил этди. Ҳар йили шунчадан рақамларни ҳисобга оладиган ва бу рақамларни бутун респуб­ликамизнинг ҳар бир ҳудудида ташкил этилган марказлар билан қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, қаровсиз, эътиборсиз болалар сони анчалигидан ташвишга тушишимиз аниқ.

     Чунки бу ерга болалар шунчаки адашиб, йўлини йўқотиб келмайди. Уларнинг кўпчилигида гарчи уларнинг шахсий варақасига ёмон, деган ҳеч қандай ёрлиқ ёпиштирилмаса-да, “сурункали ичиш, чекиш, ахлоқсиз”, деган тамғалар ҳам бор. Яна бир тоифа болалар ҳали гўдак, ҳимояга муҳтож. Улар орасида ўз ота-онасидан ҳимоя қилишга тўғри келадиганлари ҳам бор. Мана бу кўзлари мунчоқдек 4 ёшли қизалоқни эса мунтазам уриб, қўлларини, оёғини синдириб дўппослаб юрган, агар марказ ходимлари профлактика тадбири давомида аниқламаганида ўлдириб қўйиши ҳам мумкин бўлган она, деган “зот” нинг хаёлида нималар борлиги судда уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишганида ҳам аён бўлмади. Ўгай ота эса ҳамон томошабин.

     Марказга шу кеча-кундузда тунги чилимхонадан маст-аласт ҳолда келтирилган ўн етти ёшли қиз ҳам ўзбекнинг боласи эканлигидан уялиб кетдик. Отаси вафот этгандан сўнг онаси бош­қа турмуш қургач, оила муҳити бузилган. Қиз қаровсиз қолган, кўнглига келганини қиладиган даражага етган. Енгилтаклик кўчаларига кириб, тўғри йўлдан адашган қизни энди ўз уйига қайтариш орқали тарбиялаб бўлмайди, шунинг учун ҳам уни суд ажрими билан Чиноз туманидаги махсус мактабга юбориш кўзда тутилган.  

— Муассасага 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ота-она, мактаб ва маҳалла назоратидан четда қолган, хулқи ёмон, бебош йигит-қизлар билан бирга ота ёки онасидан жабр кўрган болалар ҳам қабул қилинади, — дейди марказ инспектори Шуҳрат Нуримов. — Бу ерга келтирилган болалар, аввало, тиббий кўрикдан ўтказилади, психолог тавсиялари берилади. Бепул овқат, барча қулайликларга эга бўлган ётоқхона. Биз 10 нафар ходим болаларга ҳам ота, ҳам она, ҳам энагамиз. Бир ой ичида марказимизга қабул қилинган болаларнинг манзили ва ота-онаси аниқланиб, фарзандларини уйга қайтариш чоралари кўрилади. Улар орасида уйига қайтарилмайдиган болалар ҳам бор. Масалан, калтаклаш оқибатида қаттиқ тан жароҳати олган тўрт ёшли қизча зудлик билан Кармана туманидаги шифохонага ётқизилиб, керакли муолажалар қилинди, соғлиғи тиклангач, марказимизга олиб келинди. Онасига жиноий иш очилди. Энди унинг болада ҳаққи йўқ. Қизалоқ бундан буён Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи"­да тарбияланади. Чилимхонадан келтирилган қизларни ҳам онаси тарбиялаши қийин. Улар эса махсус мактабга жойлаштирилади. Ҳамма гап оила муҳити, оиладаги тарбияда. Болаларнинг ёмон йўлларга кириб кетишига 96 фоиз оилавий муҳит сабаб бўлаётганлигини бугун очиқ-ойдин айтиш керак.

     Ҳақиқатан ҳам, болаларимиз қаровсиз, назоратсиз, эътиборсиз қолдирилса, кутилмаган хавф-хатарга, бахтсизликка, фожиаларга дуч келиши аниқ. Шунча эътиборга қарамасдан ҳамон қаровсиз қолган болалар кўпаяётганлиги бу масалага жиддий ёндашиш кераклигини тақозо қилади. Иқтисодий ночорлик, ишсизлик, миграция ва оилавий ажримларнинг ошиб бораётганлиги туфайли қаровсиз болалар сони кўпаяётганлиги аниқ. Бу ҳолатларнинг оғир асоратлари тўғрисида минглаб мисолларни келтириш мумкин.

Қизнинг юзини қора қилган “кўча”лар

     Бу воқеа 5-6 йил аввал Навоий шаҳрида бўлганди. Ҳаммаси оиланинг бузилиши ва эр-хотин ажрашгач, ўртадаги қиз фарзанднинг онаси билан қолишидан, бирор бир касби-корга эга бўлмаган аёлнинг ишсизликни рўкач қилиб, вояга етмаган қизини кўз қорачиғидек асраш ўрнига, ётоқхонада ёлғиз қолдириб, ўзга юртга чиқиб кетишидан бош­ланган.

     Авваллари оила барбод бўлса, оналар ўзи емай боласига едирар, ўзи киймай боласига кийдирар, қиз бола бўлса, гард юқмасин деб, уни еру кўкка ишонмай асрар, ўғил бола бўлса, ёмонларнинг шамолидан ҳимоя қиларди. Бугун эса турмуши бузилган аёлларда оила назорати йўқлиги туфайли жуда оғир асоратлар, ечимсиз муаммолар келиб чиқаётгани барчага аён. Онаси четга кетиб, ўзига хон қизча ҳаддидан ортиқ эркин бўлиб олди. Юзни қора қилувчи бу кўчалардан қайт, дегувчиларга қулоқ солмади. Касб-ҳунар коллежида ўқиётган ўқувчи қиз тўғри йўлдан адашди. Ўзи билан бирга ўқийдиган бебош тенгдоши билан “аҳду паймон” қилди. Қўнни-қўшни, маҳалладагиларнинг на ўгити, на панду насиҳатларини бир тийинга олмаган ёшлар оила қурмасдан никоҳсиз фарзанд кўриш остонасига яқинлашиб қолди. Маҳалла оқсоқоли ва фаолларининг ёрдамида тўй-­томоша билан оила никоҳдан ўтказилди. Аммо орадан ҳеч вақт ўтмасдан она сути оғзидан кетмаган ёш ота-онанинг жанжали ён-атрофдагиларнинг тинчини буза бошлади. Туғилган чақалоқ ҳам уларга сабр-тоқат, меҳр-шафқат, деган туйғуларни инъом этолмади. Маҳалла уларни оталиққа олди, қанча ёрдам керак бўлса берди, аммо бари бекор кетди. Шошқалоқлик билан қурилган оила барбод бўлди. Яна битта қаровсиз бола жамиятга қўшилди. Ўзга юртларда ишлаб юрган онани бу савдолар қизиқтирмагани, ташвишлантирмагани аниқ. Ота эса аллақачон янги оиласи ташвиши билан банд. Қаровсиз қизнинг қаровсиз боласи эътибор ва ахлоқ нормаларидан узоқ муҳитда улғая бош­лади...

Маъюс нигоҳлар

     Навоий шаҳридаги “Меҳ­ри­бонлик уйи”даги тадбирлардан бирида чиройли ўйин-кулгуларга қарамасдан бир ширин болакай маъюс ўтирарди. Директордан бу боланинг нега кўзлари ёшли, деб сўрашга мажбур бўлдик. Бир юз ўн тўрт болага ўз боласидек меҳр улашадиган, ҳар бир тарбияланувчининг кўзига қараб дилидагини ўқиб оладиган ёшлар мураббийси бир хўрсиниб, “Бу ерга келганига энди беш кун бўлди, ҳеч кимга қўшилмайди, ўрганолмаяпти, онасини соғинаяпти”, дея изоҳ берди. Ўн етти ёшида шаръий никоҳ билан дунёга келган боласини боқиб тарбиялаш ўрнига, оиласиз яна саёқ юриб, иккинчи отасиз фарзанди туғилгач, бу болани “Меҳрибонлик уйи”га топширган, фарзандидан кечган қизнинг хатоси жабрини шу мунисгина болажон тортаётганлигига ачиндик. Яна бир алам қиладиган томони бу ердаги болаларнинг аксарияти ота-онаси бор ўғил-қизлар. Қимматбаҳо машиналарда юрадиган айрим бадавлат оталар ҳам бир йилда бир марта “Меҳрибонлик уйи” эшигидан фарзандини сўраб келмайди. Гумашталари билан кафема-кафе зиёфатдан бўшамайдиган баъзи бемеҳр оналар эса боласига бир дона конфетни раво кўрмайди. Болалар эса уларни соғиниб, йўлга термулгани термулган...

Ота-она мажбурияти қо­ғозда қолаверадими?

     Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 64-мод­дасида: “Ота-оналар ўз фар­зандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағиш­ланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради”, дейилган.

     Бош Қонунимиз билан ота-­оналарга юклатилган бу мажбурият нега бажарилмаяпти? Аниқроғи, бу мажбуриятни бажаришни ота-оналардан нега талаб қилишга эътиборсизлик қилинмоқда? Мабодо, ўз болангизни бирор чет давлатга олиб чиқмоқчи бўлсангиз, агар онаси олиб кетадиган бўлса, албатта, отасидан розилик хати, мажбуриятлар зикр этилган хатларни нотариал идоралардан тасдиқланган ҳолда топширилиши шарт. Аммо нега энди Конституциямизда алоҳида боб қилиб киритилган 64-модданинг бажарилмаётганлиги ҳеч кимни ташвишлантирмайди. Вояга етмаган болаларини бобосига, бувисига, аммасию холасига, тоғасига, ҳатто қўшнисига шунчаки қолдириб, ўзлари чет давлатларга чиқиб кетаётган ота-оналар вақт ўтиб, боласининг издан чиққан тақдири, барбод бўлган ҳаёти, елларга соврилган орзулари, хазон бўлган гулдек умри учун кимдан жавоб сўрайди? Виждониданми, болани шунчаки ташлаб кетган қариндошларданми, кимдан?..

     Шунинг учун болага ота-­она масъул ва жавобгар, деган сўзларни шунчаки оддий ибора, деб қарамаслик, унинг замирида инсон тақдири, миллат тақдири, келажак тақдири борлигини унутмаслик лозим.

     Шундай экан, четга чиқиб кетаётган ота-оналар, аввало, воя­га етмаган ўз фарзандини ҳеч кимга ташлаб кетмаслиги, бу ҳаёт, албатта, зарурат бўлганда эса, кимга ишониб топшириб кетаётганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тайёрлаб, маҳалла, мактабни хабардор қилиб кетишини йўлга қўйиш, талаб қилиш вақти келмадими? Сиз нима дейсиз?!

Маруса ҲОСИЛОВА, “Инсон ва қонун” мухбири
Манба: "Инсон ва қонун" газетаси (2019 йил, 45 сон)