СУВ ВА СЎЗ САХОВАТИ


17 декабр - Огаҳий таваллуд топган кун.
    Тарих тақдирлар билан тирик. Тарихимизда илм-фан, маданият ва санъатнинг тамал тошини қўя олган алломалар бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз ҳам албатта бўлади дея ишонч билдирган, учинчи ренессанс даврига дадил қадам ташлашимизда руҳлантирган раҳнамо, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча Хоразм вилоятига ташрифи пайтида буюк мутафаккир, ер ва эл қадрини билган адиб Огаҳийнинг ҳар бир эл ҳақидаги "илми бўлмаса, касби бўлмаса эртанги куни йўқ" деган фикрларини келтириб ўтдилар. Улуғ мутафаккирлар қисматида муайян макон, замон ва касб муҳим ўрин тутади. Бу фикр забардаст шоир, моҳир таржимон, мироб, тарихчи, олим ва улкан давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийга ҳам дахлдор.
  У 1809 йилнинг 17 декабрида Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида маърифатли ва бадавлат мироб оиласида дунёга келади. Отадан эрта етим қолиб, амакиси, замонанинг етук шоири, хоннинг бош мироби Мунис Авазбий ўғли Хоразмий қўлида тарбия топади.
  Ундаги истеъдод бадииятга ва ота касби миробликка йўғрилгани қисматини белгилагани рост. Унинг илк ноёб назмий дурдоналари кўпчиликни ҳайратга солди. 1829 йилда Муниснинг 51 ёшида вафот этиши, ёш шоир учун катта йўқотиш бўлди. Огаҳий 20 ёшида Хива хони Оллоқулихон томонидан мироблик вазифасига тайинланади. Сабру қаноати туфайли элда азиз, ишга фидоийлик, ватан равнақи учун жонини фидо этишга бел боғлаган Огаҳийнинг мироблик даври (1829-1857) Хоразмда кўпгина янги каналлар қазилиб, сув иншоотлари қурилгани, воҳанинг суғориш истиқболлари борасидаги муаммоларнинг оқилона ҳал бўлиши унинг номи билан боғлиқдир. Улуғ шоир отдан йиқилиб оёғи жиддий лат егач, миробликдан истеъфога чиқади ва назм, тарих битиш, таржимонлик билан машғул бўлади. У 1874 йилнинг декабр ойида олтмиш беш ёшида вафот этади ва ўзи туғилган Қиёт қишлоғидаги “Мавлон бобо” қабристонига, амакиси Мунис қабрига ёнма-ён дафн қилинади.
   У дунёнинг яралишидаги моддий асослардан бири - сувга эътибор билан қарайди. Ернинг қони, экиннинг жони бўлган сув шоирнинг имкони ва дармони бўлган сўз билан ёнма ён келади. Сув танага қанчалик озиқ бўлса, сўз қалбга ҳам шу даражада малҳам бўлишини ҳис этган шоир кўнглида ҳар иккаласи учун жой ажрата олди. Сувнинг йўналишини белгилаш учун мироблик салоҳияти, сўзнинг ўрни ва моҳиятини ҳис этиш учун донишмандлик қобилияти зарур. Ҳар иккаласи ҳам Огаҳий сиймосида уйғун. 
   Ҳар бир инсоннинг ўзига хосу мос сўзни топиб айта билиш дилни қулф, тилни калит деб билган Огаҳийга ўзи яшаган замон ва маконда осон кечмаган. Унинг умр йўли саккиз нафар хон ҳукмронлик қилган даврларда кечади. У 8 хил бошқарув муҳитида ҳам ўзи танлаган саодатли йўлдан оғишмай яшаган, ишлаган ва ижод қилган. 
Адабиётнинг таъсирчан кучи ва пойдевори бўлган тилга, сўзга бўлган шоирнинг муносабати ҳамда қарашлари борасида унинг шеърияти шоҳидлик бера олади. Томчида уммонни тасаввур қилиш, англаш мумкин бўлганидек, унинг иккита ғазали ҳам мақсадимизга хизмат қила олади. Унинг сўз радифли ғазаллари моҳият эътибори билан аҳамиятли бўлиб, ижтимоий восита қуроли бўлган тилга муносабат ватаний иш ва ишқ эканини ифодалай олади. У "Таъвиз ул-ошиқин" (Ошиқлар тумори) девонидан ўрин олган ғазалларидан бирида шундай ёзади:

Э кўнгул, одам хаёл айлаб дема нодонға сўз,
Чунки ул инсон эмас, топсанг дегил инсонға сўз.
  
   Сўз илоҳий неъмат, сувни исроф қилиш ўринсиз бўлгани каби уни ҳам ножоиз қўллайвериш мақбул эмас. Сўз тингловчига самара берсагина, таъсир этсагина айтиш заруратини шоир куюниш билан изҳор этади. Дуч келган одамга сўз айтиш мумкин эмас, чунки унинг нодони ҳам бор. Жоҳилга айтилган сўз оқилнинг изтироби, бесамар ҳаракати. Шу тобда халқимизнинг "Сўзни гапир уққанга, жонни жонга суққанга" деган мақоли ҳам беихтиёр ёдга келади. Огаҳий сўзни ҳис этмаганга сўзлаш деворга гапиргандай гап эканини уқтирмоқчи бўлади. 

Сўздур инсон кўнглида бир гавҳари қийматбаҳо
Они хор этма дебон ҳар ҳуши йўқ ҳайвонға сўз.

   Огаҳий Навоийнинг изидан бориб сўзни қимматбаҳо гавҳарга қиёс қилади. Ҳазрат Навоий эса уни муқаддас гавҳар эканини "Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин" дея эътироф этади. Бу ўринда ҳар иккала адиб ҳам сўзнинг илоҳийлигига ишора қилиб ибтидо ва интиҳога дахлдорлигини таъкидлаётгандек бўлади. Сўзни хор этиш ҳушу йўқ ҳайвонга сўз айтишга монанд эканини шоир ташбеҳона ифодалар билан тасвирлайди.

Ваҳ на янглиғ билгуси ҳайвон гуҳарнинг қадрини,
Ким топар ҳаз етса ул кунжора-у сомонға сўз.

   Ҳар бир нарсанинг ўз ўрни, қадру қиймати бор. Зар қадрини фақат заргар билгани каби ҳайвон учун гавҳарнинг қадри йўқ. Унинг учун кунжора ва сомон бўлса бас. Бу қайсидир маънода қорнидан бошқа қариндоши бўлмаган лоқайд кимсаларга эътироз ҳамдир. 

Сўзни мафҳум айламак нофаҳмга мушкулдурур
Ким бўлиб сўз аҳли бағри қону ботғай қонға сўз.

   Энг қийин жиҳати шуки, ақл-идрокдан бенасиб бефаҳм инсонга тушунтириш азоб. Чунки унинг фаҳм-фаросати ўзига яраша. Огаҳий ўз ҳаёти мобайнида бундай одамларга кўп бор учраган, уларни кузатган, ҳолига ачинган. Меҳрдан йироқ қаҳри қаттиқ инсон қалбини юмшатиш оғир эканини шоир яхши билади.

Сангдил жоҳилга тонг йўқ сўз агар қилмас асар,
Чунки таъсир айламак мумкин эмас сандонға сўз.

   Қалби тош жоҳилга сўз айтишдан ҳеч қандай нафъ йўқлигини таъкидлаган шоир сандонга қарата айтилган сўзнинг таъсири бенафлигини ташбеҳона тарзда муҳрлайди. Сўзни зоеъ қилиш вақтни, умрни зоеъ қилиш демакдир. Айтилган сўз самара, натижа бермаса бенишон узилган ўқдек таассурот қолдиради. 

Ҳар хасосатшеваға сўзингни зойиъ қилмағил,
Сўз демак истар эсанг, де соҳиби иҳсонға сўз.

   Соҳиби эҳсон мурувватли ва меҳрли инсон демакдир. Уларнинг мурувватида муҳаббат, муҳаббатида мурувват бор. Чунки у инсонни қадрлар экан, мулоқот мезони бўлган сўзни ҳам қадрлашни билади. Фақат угина сўзни эъзозлайди.

Билмаган ўз қадрини не билгуси сўз қадрини,
Ҳайфдур доно демак нодони беирфонға сўз.

   Маърифатсиз кишига, нодонга сўз айтиш ҳайф, бу ҳаракат донога хос эмаслигини уқтиради шоир. Нодондан ҳам тубани аҳмоқ аҳлидир. Унга сўз айтиш умуман жоиз эмас.  Ушбу ҳикоят фикримизга асосдир. Ҳазрати Исо тоғ томонга  шошилганча кетарди. Бир киши бу ҳолни кўриб "Нима бўлди, эй Исо, ортингдан сени ким қувиб келаяпти, ё руҳуллоҳ, кимдан қочаяпсан?  - деди.
- Бир аҳмоқдан қочаяпман,  ўзимни у билан суҳбатлашишдан қутқараяпман, кет, мени тўхтатма,- деди.
- Ё набиюллоҳ, сен ўша Масиҳ эмасмисанки, сенинг дуойинг билан қанча кўрларнинг кўзи очилди, қанча майитлар тирилди, хасталар шифо топди, - деди. Исо алайҳиссалом: "Ҳа, мен ўша Масиҳман",-деди. У одам "Ҳар бир истагингни Аллоҳ таоло қабул этган экан, унда нега қочаяпсан?",-дейиши билан Исо алайҳиссалом "Ҳақ таолонинг зоти покига қасам этаманки, мен бир мармар тошга дуо ўқидим, тош ёрилди, дуоимни бир майитга ўқидим, тирилди лекин аҳмоқнинг қалбига мингларча ўқисам ҳам унга асло таъсир қилмади. Яна ўз ҳолича аҳмоқлигича қолди." 
- Дуойинг ҳар жойда таъсир қилса-ю, унга келганда таъсир қилмаса, бунинг ҳикмати нимада?" Исо алайҳиссалом шундай жавоб берди: Билки, аҳмоқлик иллати қаҳри худодир, фақат кўрлик, карлик иллатигина қаҳри худо эмасдир. Аллоҳ аҳмоқларнинг қалбларини муҳрлагандир, уларнинг қулоқлари ва кўзларида пардалар бордир. Худонинг бу муҳрини бузишга ҳеч ким қодир эмасдир. Бунинг чораси йўқ, унинг бир чораси унга гапирмасдан қочишдир. Худди шунга мувофиқ Огаҳий аҳмаққа сўзлаш бефойда эканини ғазал замирига сингдиради.

Аҳмақ аҳли билмагай сўз ичра ўз беҳбудини  
Ўзига қилғай зарар охир чекиб ҳазёнға сўз.

   Иккинчи тоифа одамлар ҳам борки, уларга ҳам сўз зое. Улар шайтоний фисқ-фужурни, кўролмасликдек ҳасадни қурол қилиб иш тутувчи ҳосидлар, ҳасадгўйлардир. Бу тоифалар ҳавас ўрнига ҳасад қилади, ютуқларингдан ғазабланадилар.  Ғийбатга ҳам мойил бўлади, лекин уларнинг фарқи бор. Бири ориқ, бири семиз. Ҳасадгўй ҳасад қилиб ич-этини кемиради, ғийбатчи ғийбат қилиб семиради. Афсуски, улар ҳам сўзни қурол қилиб иш тутади, оқибат назарга эмас, ҳазарга дучор бўлади. Уларга сўзингни қабул қилдириш шайтонга ваъз айтиш билан баробар эканини уқтиради шоир.

Сўз қабул уммиди бирла демагил ҳосидғаким,
Одами маъқул эта олғой қачон шайтонга сўз.

   Ҳазрат Навоий сўз ва сўзчи ҳолига боқиш борасида ибратли фикрларни келтирган. Худди шу ҳикматлардан огоҳ бўлган Огаҳий жоҳил кимсага панд-насиҳат қилиш бефойда ва "қаттиқ иш" эканини куюниб сўзлайди.

Раҳм этиб сўз ҳолига жоҳилға ани демагил -
Ким бўлиб безор ондин келгуси афғонға сўз.
Олам ичра борча ишдин қоттиғу душвордур,
Огаҳий маъқул қилмоқ беҳаё нодонға сўз.

  Огаҳийнинг сўз ва сўзчи масъулияти борасидаги фикрлари, унинг ижодиётига сингишиб кетган. Ошиқлар муҳаббатига тумор ҳам сўз билан эканини изҳор қилиш шоир муддаоси. Одатда, тумор бўйинга боғлаб юрилади, унинг ишқ тумори - сўз эса маъшуқа юрагига жойланади. Шоирнинг сўз, нутқ борасидаги фикрлари унинг яна бир ғазалида реаллашибгина қолмай, балки Навоий адабий қарашлари билан уйғунлашади ҳам.
   Огаҳий бошқа бир ғазалида сўзни қалб гавҳари сифатида эътироф этади. Бу унинг ардоқли эканини, уни топиб ўрнида қўллаш орқали қиймати ошишига ишора қилади. Пишқириб оқувчи денгиз қаъридаги гавҳарни инсоннинг қалб қўридаги сўзга қиёс қиларкан, сўз маънога асос бўлгандагина у моҳиятли бўлишини, сўз ва унга бўлган ишонч ҳар доим муҳимлигини таъкидлайди.  

Кўнгул бир баҳри заххору ондадур покиза гавҳар сўз,
Вале шарт улки маъни шоҳидиға бўлса зевар сўз.
На мушкул дард эрурким бир сўзимни айламас бовар,
Валекин бовар айлар муддаилар гар деса ҳар сўз.

   Ёрнинг лутф-у илтифоти мисоли бол бўлиб ундан айрилиш ҳолати ва изтиробини шаккар сўздан ажралган тўтига ўхшатилиши  ҳам фикрни ташбеҳона ифода этиш илинжи билан боғлиқ.  Инсоннинг аҳволотини сўзига қараб билиш зарур. Чунки инсон қалбу қиёфатида яширинган дард айтадиган сўзида акс этади.

Хамуш ўлсам тонг эрмас ёр лутфи шаҳдидин ойру
Ки тўти айта олмас гар эса маҳжур шаккар сўз.
Сўзига боқ агар билмак тиларсан кимса аҳволин
Ки асрори ниҳони суратиға келди мазҳар сўз.

   Ҳақ гапни жоҳил ва ҳосидга айтишнинг фойдаси йўқ. Чунки улар пайғамбар сўзини ҳам ёлғончига чиқариши ҳеч гап эмас. Кар одамга сўз айтиб уни зое қилишдан қандай наф бўлиши мумкин? Шоир сўзни ғоя байроғи, мафкура маёғи, таълим сабоғи ўрнида кўради ва эъзозлайди. 

Ажаб эрмас сўзим гар бовар этмас ҳосиди жоҳил
Ки такзиб этгуси бу жоҳил агар деса паямбар сўз.
Дебон ғафлат элиға панд зойиъ қилма сўзниким,
Эшитмоқ мумкин эрмас гар десанг ҳар нечаким кар сўз.

   Шоир наздида ҳақоратомуз сўз кишига обрў келтирмайди. Сўзни сабаб қилиб иззат исташ ҳам бемаънилик. Чунки нутқий ва хулқий маданиятгина инсонни аҳилликка етаклайди. Ўзлик ва сўзликнинг қадрига етиш эътибор ва масъулиятни талаб етади. Иззатталаблик ниҳояси ҳақорат ва таънага айланиши мумкин. Сўз қадрини инсон ўз қадри каби билиши керак. Унинг моҳиятини эса ҳайвон ҳис эта олмаслигини куюниш билан таъкидлайди. 

Қилиб сўзни васила истама олам аро иззат
Ки даҳр аҳли қошида келди маъюбу муҳаққар сўз.
Сўзингға  аҳли дунё олида қадр истама ҳаргиз,
Рафи ул қадр эканни на билсун гову баччаи хар сўз.

   Шоир сўзига қараб инсоннинг кимлигини бииш мумкинлигини чуқур идрок этади. Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар деган халқ нақлини эслатгандек бўлади адиб. Сўзни билиш ва уни ўз ўрнини топиб айтиш, нишонга уриш ўзига хос дид ва фаҳм-фаросатни англатади. Сўзни муқаддас тутиш, уни меҳригиё, кўзга тўтиё қилишни Огаҳий ташбеҳона ифода билан обрў тожига, гавҳарга қиёс қилади. Қаҳри қаттиқ, сангдил инсонларнинг қалбини сўз юмшата олмаслигидан нолийди.

Дебон ҳар сангги дилға, Огаҳий, синдурмағил сўзни,
Ки инсон обрўйи афсариға келди гавҳар сўз.

  Огаҳийнинг сўз, нутқ борасидаги адабий қаршларини хулоса ўрнида шундай изоҳлаш мумкин. 
   Огаҳий
-  сўзнинг кучи унинг ўрнида қўлланилишида эканини; 
-  Сўзнинг хосиятли, нутқнинг моҳиятли бўлишини;
-  Бетаъсир сўз бамисоли тузсиз таомга ўхшашини;
- Инсон нутқи унинг хулқининг ойнаси эканини;
- Сўзнинг кимга. қачон ва қанча айтиш заруриятини таъкидлайди.
   Адибнинг барча асарларини кузатишнинг ўзиёқ, унинг сўзни муқаддас тутишини, ўринли қўллашини, бетаъсир сўзнинг фойдасиз экани борасидаги мулоҳазалари қатъийлигини тасдиқлайди.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ, нотиқ, профессор.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот