Ўзгача ҳаёт ўзлигимиздан устун бўлдими?


   Тарбия — шахсда муайян жисмоний, руҳий, ахлоқий, маънавий сифатларни шакллантириб, инсоний фазилатларни шакллантирадиган энг қадимий ва абадий қадрият. Тарбиясиз кишилик жамияти ҳам мавжуд бўла олмайди. Чунки инсон ва жамиятнинг мавжудлигини таъминлайдиган қадриятлар тарбия туфайлигина бир авлоддан кейингисига ўтади.
   Дарҳақиқат, оилада тарбия ота-она ўз масъулиятини ҳис қилишлари орқали барқарор бўлади. Болаларнинг одобли бўлиб улғайишида ота-она катта ибрат мактабидир. “Қуш уясида кўрганини қилади” мақолини бежиз айтмаган доно халқимиз.
 Фарзанд тарбиялаётган ота-она ўзининг ҳар бир хатти-ҳаракати, юриш туриши, муомаласи ва ўзаро муносабатларида олижаноб фазилатларини намоён этиш орқали фарзандларига намуна бўла олишлари лозим. Болалар табиатан ниҳоятда тақлидчан ва кузатувчан бўлишади.
  Ота-оналар баъзан ўзлари сезмаган ҳолда уларнинг тарбиясига таъсир қиладилар. Айниқса, фарзандлар олдида бир-бирларига қўпол муносабатлар, кўп ёлғон гапиришлар, ёқимсиз хатти-ҳаракатлар бола тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб, оилада носоғлом муҳитни шаклланишига сабаб бўлади. Носоғлом муҳитда тарбияланаётган боладан эса маънавий етук шахс чиқишини кутиш оддий утопия саналади. Бундай носоғлом муҳитда тарбия топган болалар келажакда нафақат ўзининг, балки жамият маънавий ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатишга сабабчи бўлишлари мумкин.
   Албатта, фарзанд тарбияси ўта мураккаб ва ўзига яраша масъулиятли вазифа ҳамдир. Бу ерда гап фақат қўштирноқ ичидаги тарбия ҳақидагина эмас, балки, ўша ўзига хос тарбияга қўшиб, фарзандларимизга ҳунар ўргатиш, илмли – саводли қилиш каби вазифалар ҳақида ҳам кетяпти. Бу хусусда, яъни фарзандларимизнинг илмсизлиги ёки ҳунар эгаллашларига бош-қош бўла олмаганлигимиз асосида турли хил кўнгилни хира қиладиган воқеа-ходисаларга дуч келаверишимизга тўғри келади. Кўнгилни хира қила оладиган воқеалар эса минг афсуски, бугунги кунда кўз олдимизда содир бўлиб келмоқда. Бундай нарсаларга эътиборсиз бўлиш эса, келажакка эътиборсиз бўлиш билан баробардир.
  Бу масалага улуғ аждодларимиз ҳам ўта жиддий ёндашиб, ўз фикр мулоҳазаларини қолдириб кетишган.
   Масалан, Абу Али Ибн Сино, фарзанднинг ахлоқий тарбияси ҳақида фикр билдириб, уларнинг нафсониятига, ғурурига тегмаган ҳолда, яккама – якка суҳбат олиб бориш орқали насихат қилиш зарур дея ёндашса, Юсуф Хос Хожиб айтадики, ҳар бир киши жамиятга муносиб бўлиш учун у туғилган кундан бошлаб, зарур тарбияни олмоғи лозим. Солиҳа қизнинг тарбияси ҳақида фикр юритар экан, уларнинг ўзларига хос хусусиятларига жиддий эътибор беришни, ҳунарли қилишни таъкидлайди.
   “Фарзандлар тарбияси ниҳоятда эрта бошланмоғи шарт! – дейди у. Шундагина уларнинг ноўрин хатти-ҳаракатларга берилишининг олди олинади.”
  Буюк олим ва шоҳ Мирзо Улуғбек бобомизнинг оиладаги тарбия борасидаги фикрлари эса, соғлом авлодни етиштиришда, бола тарбияланаётган муҳит муҳим ўринни эгаллаши, айниқса, оилада зиёли ота-оналар ўз фарзандларининг ҳақиқий инсон, касб-ҳунарли бўлиб камол топишига алоҳида эътибор беришлари лозимлигини таъкидлайди.
 Бундан кўриниб турибдики, фарзандларни саводли, илмли қилиб тарбиялашдан ташқари, уларни албатта касб-ҳунарли қилиш ҳам муҳим омил саналган.
  Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган, ўзбек йигитлари қолиб, хорижликларга турмушга чиқаётган опа-сингилларимиз иштирок этган видео-ёзувлар кўп баҳс мунозараларга сабаб бўлмоқда. Албатта бу, юқорида айтилаётган фикрларнинг афсуски, реал ҳаётдаги кўринишидир. Бу қизлар орасида айримлари янгича ҳаётни ўзича енгил тушуниб, унинг ортидан келиши мумкин бўлган ҳам дунёвий, ҳам диний оқибатларини англамаган ҳолда қадам қўймоқда. Баъзилари эса, ҳақиқатда ишсизлик, муҳтожлик сабаб бундай таклифларга рози бўлиб эргашишмоқда.
 Миллатимиз учун бу каби муаммоларнинг келиб чиқиш ўзаги, барибир, уларнинг оилада етарлича, юқорида таъкидланганидек, тўғри тарбия ола олмаганликларига бориб тақалади. Тарбияга нотўғри таъсир қиладиган ҳар хил сериалларнинг бемалол телеэфирлардан қўйилиши, уни оила даврасида бемалол, ота боладан, она эса қизидан ҳеч қандай андишасиз томоша қилишлари, уни муҳокама қилишлари бора-бора миллий маънавиятимизнинг, менталитетимизнинг емирилиб бораётганлигига яққол мисол бўла олади. Бунинг оқибатида оилаларда ўзлигимизга хос бўлмаган “тарбия”нинг кириб келишига ва бу билан ҳеч қандай эътирозларсиз, худди одатий турмуш тарзидек ҳаёт кечирилишига ўтиб кетиляпти. Бундай яшаш тарзини ёки тарбия усулини танқид қилганларни эса, афсуски, замондан қолоқликда айблаш ҳам урф бўлмоқда. Бундай фикрлаш, алал оқибат ҳар қандай миллатни, оила дея аталмиш муқаддас тушунчаларни ҳам жар ёқасига олиб келиб қўйиши табиий ҳолдир.
   Баъзи бир оилалардаги ота-оналарда носоғлом муҳит туфайли юзага келиши мумкин бўлган борига қаноатли бўла олмаслик, улардаги шахсий эгоизмнинг ортиб кетаётганлиги, чет элларга пул топиш баҳона турли нопок ишлар билан ҳам шуғулланишни ўзларига эп кўриш хусусиятларини шакллантириб қўймоқда.
 Жамиятдаги, минг афсуски, бугунги кунда мавжуд айрим юртдошларимизнинг ишсизлик туфайли чет элдан иш излашларига мажбур бўлаётганликлари ва бунинг оқибатида уйда назоратсиз қолган фарзандларнинг етарлича тўғри тарбиядан мосуво бўлаётганликлари барчамизга аён, ечимини кутаётган масалалардан биридир.
   Бунинг олдини олиш учун эса, нафақат мутасадди раҳбарлар-у депутатлар, балки, миллатим - фаҳрим дея куюниб яшайдиган ҳар бир юртдошларимиз ҳам биргаликда муаммонинг ечимини излашга ҳаракат қилишлари, жамиятда қонун устуворлигига эришишга ўз ҳиссаларини қўша олишларига ишонишлари керак.
   Таклиф сифатида шуни айтишимиз мумкинки, бугунги кунда аҳолининг фаровон турмушига эришиш йўлида юртимизда ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш орқали ишсизлик масалаларини бартараф этишга ҳаракат қилишимиз ва бу билан фарзандларига тарбия берувчиларимизни ўзга юртларга турли, айтиш мумкинки, миллатимиз қадриятларига тўғри келмайдиган мақсадларда кетишларини камайтириш - юқоридагидек муаммоларнинг ечими бўла олади десак, адашмаган бўламиз.
   Президентимизнинг “Одам бахтлиман дейишга қанчалик ҳаққи бор? Агар оиланг билан сен бахтли бўлсанг, бахтлиман дейишга ҳаққинг бор. Фақат оилам эмас, халқим бахтли бўлса мен ўзимни бахтли деб биламан”, - дея таъкидлаган сўзлари ушбу мавзуда айтган фикримизнинг яққол мисоли бўла олади.
   Азал-азалдан ота-онанинг зиммасига қўйиладиган энг асосий вазифа – бу уларнинг ҳақиқий инсон бўла олишдек муҳим сифатлари устида мунтазам ишлашлари орқали, фарзандлар тарбиясида ҳам хатоликка йўл қўймасликлари  келажакка муҳим пойдевор бўлишини таъминлайди.

Гулнисо САИДОВА.

2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот