Ўн бешинчи фирибгарлик


 

     Наманганлик Махпират Бурхонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) фирибгарлик кўчасига қадам қўйиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси, 2-қисми, “в”-бандида назарда тутилган жиноятни содир этганда 27 ёшда эди. Ўшанда жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судининг 2008 йил 28 октябрдаги ҳукмига биноан унга нисбатан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланиб, 2 йил синов муддати белгиланганди.

     Аммо Махпират бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмади. Аксинча, шундан кейинги 10 йил мобайнида яна 13 маротаба фирибгарликка қўл уриб, бу “ҳунар”нинг ҳадисини олди. Ҳаттоки, Жиноят-процессуал кодексининг 533-моддаси, 1-қисми, 2 ва 3-банд­ларига мувофиқ ҳомиладорлиги ҳамда 3 ёшга тўлмаган фарзанди борлиги боис жазоси кечиктирилган пайтда ҳам фирибгарликдан ўзини тиймади. Сўнгги маротаба ҳам жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2018 йил 9 апрелдаги ҳукмига кўра тайинланган 5 йилу 8 ой ­озодликдан маҳрум қилиш жазоси 2020 йил 1 ­апрелга қадар кечиктирилганди. Бироқ кўзи очилмаган М.Бурхонова ўн бешинчи фирибгарликка қўл уриб, яна ўзгаларни чув туширди. Бу гал эса жиноятига укасининг рафиқаси Гулзода Турсуновани ҳам шерик қилди.

     Гап шундаки, хавфли рецидивист бўлган Махпират ўша куни Гулзода билан бирга Поп тумани Чодак қишлоғидаги Дилбар Фазлиддинованинг келин либосларини ижарага берувчи салонига киради. Кириб кўришсаки, тадбиркор аёл келин либослари билан бирга турли парфю­мерия маҳсулотларини ҳам савдога қўйиб қўйганди. Шунинг учун қайнисингил ва келин ўша гўзаллик ­ашёларини бирма-бир қўлларига олиб кўра бошлашади.

— Бизга жуда ёқди, нархи қанча?, — деб сўрайди улар.

— Қўлингиздагилар эллик минг сўм бўлади.

— Майли, оламиз. Фақат ҳозир пулимиз йўқ эди. Шунга мана бу тилла узукни олиб қолсангиз. Эртага пулини бериб, узукни олиб кетамиз, — дейишади мулойимлик билан.

     Шундай қилиб иккала хоним бир дона бижутерия узугини бериб, ўзлари танлаган 50.000 сўмлик атир-упаларни олиб чиқиб кетишади. Кейин ­эса ­улар тадбиркор Самира Мирзаеванинг ки­йим-кечак дўконига киришади. Бу маҳал дўконда Самиранинг синг­лиси Саида савдо қилаётганди.

— Биз ҳарбий қисмда ишлаймиз. Олтинкондаги “дом”да яшаймиз. Эрта-индин яқин танишимиз қизининг тўйини қилаётганди. Шунинг учун тўйга киядиган чиройли кўйлакларингиздан берсангиз, — дейди Махпират.

Бунга ишонган Саида энг сара либосларини уларга кўрсатади. Натижада харидорлар ҳаш-паш дегунча 2.400.000 сўмлик аёллар кийим-кечакларини тахлаб сумкага жойлашади. Кейин Махпират ­С.Мирзаевани ҳам худди ­Д.Фазлиддинова сингари аврашга тушади.

— Хўп, десангиз, мана бу тилла ­узукни ташлаб кетсак. Ҳозир пулимиз йўқ эди. Эртага пулини бериб, узукни қайтариб оламиз.

Саида опасига қўнғироқ қилиб, ­уларнинг илтимосини етказади. Лекин Самира насияга савдо қилмасликни тайинлайди. Шундай бўлса-да, фирибгар қариндошлар Саидани авраб, кийим-кечакларни олиб кетишади. Аммо қолдирилган тақинчоқларнинг сох­талиги қачонки Саида уни қўлига тақиб кўргандагина маълум бўлади. Қолаверса, ҳамқишлоқлар Олтинкон шаҳарчасидаги кўп қаватли уйларда ҳарбий хизматчилар истиқомат қилмаслигини айтишади.

     Шундан сўнг Самира Мирзаева дарҳол туман ички ишлар бош­қармасига хабар беради. Оқибатда, Махпират билан Гулзода тез орада қўлга олиниб, иккаласига нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

     Тергов жараёнида М.Бурхонова С.Мирзаевага етказилган зарарнинг 1.950.000 сўмини қоплади. Жабрланувчи Дилбар Мирзаева эса суд мажлисида кўрсатма бериб, ўзига етказилган зарардан воз кечганини, бироқ судланувчиларга тегишли жазо тайинлашни сўради. Шу боис жиноят ишлари бўйича Поп туман суди айбдорларга қонуний жазо тайинлади. Шунингдек, Самирага етказилган зарарнинг қопланмаган 450.000 сўмини М.Бурхонова ва Г.Турсуновадан солидар тартибда ундириш белгиланди. Энг эътиборлиси, Махпиратнинг 3 ёшга тўлмаган фарзанди борлиги учун унга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси яна 2020 йил 1 ­апрелга қадар кечиктирилди. Бироқ бу сафар у қилмишларидан тўғри хулоса чиқарадими-йўқми билмадик.

 

Гўзал ШАРИПОВА,
Поп туман прокурори катта ёрдамчиси,

Бахтиёр ОБИДОВ,
жиноят ишлари бўйича Поп туман суди судьяси

Манба: "Инсон ва қонун" газетаси (2019 йил, 38 сон)