ОТА НЕГА АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН БЎЙИН ТОВЛАЙДИ?


 

ОТА НЕГА АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН БЎЙИН ТОВЛАЙДИ?
Ёхуд ҳаёт неъматини қадрламайдиганлар хусусида


     Жамиятни ич-ичидан кемирадиган иллатлардан бири бу оилавий ажримлар, эр-хотининг ажрашишидир. “Фалончи ажрашибди”, деган гапни биз онда-сонда эшитишимиз мумкин (илгари ҳатто бу гап қулоққа чалинса бир сесканардик), бироқ энг камида туман миқёсида худди шу масалани умумий олиб қараганда вазият қувонарли даражада эмаслигини пайқаш мумкин.
     Умуман олганда бутун бошли жамиятда биргина ажралиш қайд этилса ҳам бу ҳолатни ижобий, деб бўлмайди. Хусусан, Кармана туманида бугунги кунда алимент билан боғлиқ 2100 тадан зиёд ҳужжатлар ижрога қаратилган бўлиб, бу ҳолат камида шунча оила дарз кетган, деганидир. (Яъни, судгача бормай, алимент тўлаётганлар ҳам бор). Туман МИБ томонидан ҳозирга қадар 4 миллиард сўмдан зиёд маблағлар – алимент қарздорлардан ундириб берилди.
     Аслида, ажрашишнинг ўзи бир масала, ишнинг судгача бориб, алиментдан бўйин товлаган отадан фарзанди таъминоти учун мажбурий таъминот ундириш – яна бир оғир ҳақиқат.
     Фуқаро Алишер Жалилов (исм фамилияси ўзгартирилган) ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлагани учун унга нисбатан ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Бироқ, у ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, 2017 йилдан 2019 йилга қадар 7 127 974 сўм алимент тўлашдан қочиб юрган. Навбатдаги судда эса у жиноий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, қарздор Рустам Жабборовга (исм фамилияси ўзгартирилган) ҳам суд тартибида 2013 йилда бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойда ойлик иш ҳақининг 1/4 миқдорида таъминот ундирилиши белгиланган. Аммо, алимент қарздорлигини тўламаганлиги сабабли мазкур фуқарога ҳам ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланади. У ўзига тегишли хулоса чиқармасдан 2016 йилдан 2019 йилга қадар фарзандининг моддий таъминоти учун жами 8 046 783 сўм тўламай келган. Натижада бугунги кунда унга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилган.
     Шу ўринда баъзи оталар нега алимент тўлашдан бўйин товлаши кишини ўйга толдиради. Оилавий ажрим туфайли оталик мақомини ҳам масъулиятини ҳам наҳотки улар қалбларидан-да чиқариб ташлашса? Фарзанд – Тангрининг неъмати, пешонада ёзилгани, ахир. Тақдирдаги бу ёзуқни ким ўзгартиролади?
Қайд этиш жойиз, бугунги кунда жамоатчилик эътиборини шу масалага қаратиш энг муҳим саналади. Фарзанди таъминотини хоҳламаётганлар билан аҳолининг фаол қатлами, халқ ичида обрў-эътибор қозонган кексалар ва масъул органлар ҳамкорликда иш олиб борса, бу каби муаммолар бир мунча камаяди.

 

Фаррух Тошпулатов - МИБ матбуот хизмати раҳбари