Диний ақидапараст қўлга олинди


     Мамлакатимизда динни ниқоб қилиб, содда инсонларни йўлдан оздиришга уринган ғаразли кимсаларга қарши чора-тадбирлар қўлланилиб келинмоқда. Уларнинг аксарияти ўз хатосини англаб етгани ҳолда кечирилди ва кечирилмоқда. Бироқ шунга қарамай улар орасида турли бурчакларда писиб, жирканч ҳаракатларини содир этаётганлар ҳам топилмоқда.  

     Сирдарёда Х.Холиқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) исмли нусха ана шундай фитна асосчиларидан бўлиб чиқди. У жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни “Телеграмм” мессенжери орқали тарқатиш жиноятини содир этиб келган. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Ховос тумани судининг судьяси Б.Мамадаминовмаълумот берди.

     Х.Холиқов иш ҳужжатларига кўра, 2019 йил 6 июнь кунига қадар ўзига тегишли бўлган “RedMi-5 Plus” уяли алоқа телефонининг интернети орқали “телеграмм” мессенжеридан фойдаланиб келган. У телеграмдаги турли диний мазмундаги каналларга аъзо бўлиб, ундан Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган шеърлар, аудиоёзувлар, ҳикоялар, маърузаларни таниши  М.Раимовага  юбориб турган.

     М.Раимова бу ҳақда ўз вақтида ИИБ ходимларига маълум қилади ва орадан бир оз вақт ўтиб, у Х.Холиқов билан Гулистон шаҳридаги 5-сонли мактаб олдида учрашади. Учрашув вақтида айбланувчи ИИБ ходимларива холислар иштирокида қўлга олинади.

     Судда айбланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2441-моддаси 3-қисми “г” банди билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, (сутканинг соат 22:00 дан 06:00 гача яшаш жойидан чиқиши чекланган ва қўшимча тақиқлар зиммасига юкланган ҳолда) уч йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

 

Моҳичеҳра Эшмирзаева