АЙБДОР КИМ?


     “Дамас”да, ёнгинамда нимадандир хафа бўлиб кетаётган кекса ёшдаги онахонга кўзим тушиб, беихтиёр суҳбатга тортдим. Тушкунлиги сабабини айтишга озроқ истиҳола қилган хола чуқур уҳ тортиб, ёрилди;

- Бир кам етмишдаман, болам. Пешонамга битгани- касалманд қизим ва отаси ташлаб кетган ёлғизгина набирам бор. Қўлимиз калта, ночор кун кўрамиз. Қизим ҳам набирам ҳам дардманд, дори билан яшашади. Уларни даволатиш пайида бўлибману, ўзимни ҳеч ўйламабман. Гоҳ қон босимим кўтарилиб кетса, гоҳ юрагим қаттиқ санчади. Арзоннинг шўрваси татимас деганларидек, тилимнинг тагига ташловчи дорилар вақтинчагина ёрдам бериб, баъзан шу ҳам кор қилмайди. Тишимни тишимга босиб, Аллоҳга муножот қилишдан бошқа чорам йўқ. “Мен ўлиб-нетиб қолсам, икки етимчамга нима бўлади?” - деган савол миямда чарх уриб, Яратганнинг ўзидангина марҳамат кутардим.

     Кунларнинг бирида эшигимни қоқиб келган Шаҳар Ижтимоий таъминот ходимасининг таклифидан бошим кўкка етди.

-Холажон, сизга Косонсой дам олиш масканига йўлланма олиб келдим. Бориб мазза қилиб дам олиб келинг.

Бирор марта курорт, санаторийга бормаганим учун нима деб жавоб қайтаришимни ҳам билмайман. Бундан ўн йиллар аввал Ижтимоий таъминотдан йўлланма сўрагандим. “Эсларидан ҳам чиқиб кетган бўлса керак” деб умид узганимда, ўз оёқлари билан йўқлаб келишларини кутмаганим учун бир оз довдираб қолдим.

-У ерда даволансам ҳам бўладими?

-Албатта. Дам олиб, саломатлигингизни тиклаб қайтасиз.

     Қизим ва набирам ҳам қувониб, хурсандчилик билан мени кузатиб қўйишди.

     Косонсой деганлари жудаям хушманзара, баҳаво маскан экан. Соҳил бўйида, сўлим ва баҳаво гўша қишда ҳам мафтункор, “мазза қилиб дам олиш ва даволаниш учун бундан ортиқ жой бўлмайди” дея остона ҳатладим.

      ... Аммо биринчи куни-ёқ ҳафсалам пир бўлди. Хоналар жуда совуқ ва зах экан. Тўғри, ўша ердагиларнинг тили билан айтганда “люкс”лар ҳам бор. Бироқ, улар Ижтимоий таъминотдан оддийгина йўлланма билан юбориладиганларга эмас, пули кўпроқ бойваччалар учун мўлжалланган экан.

Ёстиқ, ўрин-кўрпа, ётоқ жилдлар ҳам ҳаминқадар. Қаттиқроқ ушласангиз йиртилиб кетади. Энг ёмони ходимларнинг муомаласи чатоқ. “Шифокор борми, мен аввал кўрикдан ўтиб кейин муолажа олишим керак?” деган оддийгина саволимга, қўрслик билан жавоб қайтариб, дилимга озор беришди:

-Бу ер касалхонамиди, даволангани? Санаторийга келдингиз хола. Физиотерапия, электрофорез, нур оласиз. Шифобахш сувимиз бор.

-Биламан қизим, - дедим, муомаласидан ранжиганимни сездирмай- Лекин, бир-иккита укол овосам яхши бўларди-да. Бизнинг қишлоқда ҳамшира топиш қийин. Касалхонада даволанишга эса шароитим кўтармайди. Дориларни ёзиб берсангиз, дорихонадан олиб чиқардим...Шунга

-Нима деясиз?

     Мени чўрт бўлган хомсемиз дўхтир аёл қошларини чимириб, ошкора кулгандай беписандлик билан қош чимирди:

-Сизга қайтариб айтяпман. Одам тушунадиган тилда гапираман, бу ер санаторий! Собесдегиларга ҳам ҳайронман, тўғри келганни юбораверишади.

Ичимда бир нима узилгандай бўлди. Ширин сўз жон озиғи дердилар. Ёмони-чи? Нахотки, қизим тенги бўлган шифокор қариялар билан муомала қилишни билмаса! Бир дунё ниятлар билан келгандим, ҳаммаси чиппакка чиқиб, сарфлаб келган йўлкирамга ачинганим учун ҳам ноилож қолдим.

Бироқ, физиотерапия муолажалари қон босимимни янаям ошириб, зах жойда нафас йўлларимни шамоллатиб олгач, келганимга пушаймон бўлдим. Мана қизим, беш кунда ортимга қайтиб кетяпман. Аслида, ўша дўхтирларга бир-икки сўм берсам, даволашар ҳам экану, мен бу ерни бепул деб ўйлаб камроқ пул олиб келган эканман.

     Наманганга кетган йўлкирани ўрнига бир кило гўшт олиб, қора қозонимни қайнатиб ўтирсам бўлмасмиди. Наҳотки шаҳар Ижтимоий таъминот бўлими қарамоғидаги нафақахўрларни қаерга юбораётганини билмаса? Улардан хафа бўлайми ёхуд дўхтир хотинданми? Текин йўлланма билан борувчилар учун яратилмаган шароитларга ким жавобгар? Ахир ўша санаторийдан бир қадам нарида биринчи Президентимиз ташаббуслари билан қурилган, Республика Нуронийлар жамғармасига қарашли “Қадрлаш” Дам олиш маскани ҳам бор экан. У ерда дам олиб ва даволаниб қайтаётган кексалар билан бирга қайтдим. Оғзиларидан бол томиб шароит ва ширинсухан ходимларни мақтаб келишди. Нега мени ҳам шундай жойга юборишмади? Ёки арзимайманми? Ахир мен ҳам қирқ йил шаҳримиздаги заводларнинг бирида ҳалол меҳнат қилганманку! Умримда бир мартагина санаторийга йўлланма тегса-ю, ўн кун ҳам даволанмай ортга қайтсам.Қишлоғимизда ҳамшира йўқда, дўхтирхона эса анча узоқ....

     ...Елкалари силкиниб йиғлаб юборган онахонни овутар эканман, томоғимга нимадир тиқилди. Бир оғиз ширин сўзини дариғ тутган ҳамкасбимни қарғаб, ҳалол меҳнат туфайли қовжираб қолган қўлларини ўпгим келарди.

 

Муаззам Иброҳимова

 

     (Косонсойда Шаҳар ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан йўлланма орқали даволанган кексаларимиз бўлса, дам олиш маскани ҳақида фикрларини билишни хоҳлардим.