УВОЛ


     Болалар камқувват, камқон ўсаётгани сабаб саратон, оққон ва бошқа турли хавфли касалликлар туфайли бевақт нобуд бўлишяпти.

     Кичкинтойларнинг ризқини туя қилаётган, қўлга тушса ўмарганини ахлатга ташлашдан ҳам қўрқмаётган нокаслар эса тиқилиб ётибди!

     Балки ростдан ҳам қонунчилигимизни қайта кўриб чиқиб, мутахамларга қарши қаттиқроқ жазо қўллаганимиз маъқулмикан?

     Агар 3-7 ёшли бола соғлом ўсиши учун бир кунда 100гр гўшт истеъмол қилиб туриши кераклигини ҳисобга олсак, уларнинг ҳаққидан уриб қолинган ҳар бир грамм организмда оқсил дисбалансини, аминокислоталар етишмовчилигини келтириб чиқаради. Оқсил - ўсиб келаётган бола вужуди учун қурувчи материалдир. Келинг, қўполроқ бўлса ҳам қиёслашга уринайлик. Агар қурувчилик ширкати сметада кўрсатилган материалларидан ўғирлаб , уриб қолса, иншоот бақувват бўлмайди. Энг ёмони бир куни фожеа ҳам содир бўлиши мумкин. Шундай экан, хаққидан ўғирлаб, миллат болаларини заиф, камқувват, дардманд қилиб қўяётган юлғичларни қўли эмас, калласини кундага қўйиб чопиб ташласанг ҳам кам!

     Боғчада ўғирлик, мактабда, лагерларда...

     Чет мамлакатга ишлагани кетган оиланинг фарзанди ўғлимга хат ёзибди. " Бу ердаги мактабим зўр! Ошхонасига эса умуман гап йўқ. Қуюқ, суюқ, десерт беришади. Ғирт текин!"

     Фарзандларим ўқийдиган мактабга бориб, кўнгилдагидек қурилган ошхонада фақат фест-фуд сотилаётганидан дилим вайрон бўлади. Газ, свет керакли жиҳозлар бўлса нега тўйимли таомлар пиширилмайди?!

     Ахир билим ҳам соғлом тана билан ўзлаштирилади-ку! Кун ора келувчи комиссиялар давомат, тозаликни текшириб хўжа кўрсинга ҳисобот топширишаверса, бирорта жонкуяри "Ҳов ўртоқлар, фалончи мактаб ўқувчиларининг фанларни ўзлаштира олмаётгани сабабларидан биттаси - хот-дог ва совуқ чой сотилаётган ошхонаси", деб ёзмаса, бонг урмаса ўзгариш бўладими?!

     Бир сабаб билан сенаторларимиз овқатланадиган кошонага кириб қолганман. Даҳшат! Зўр! Ош бўлсин! Ўшанчун аксарияти дум-думалоқ, ёғлиққина, ялтираб туришади. Кетмоновга ўхшаганларнинг қарсаги ҳам бежизга гумбурлаб чиқмайди. Чунки улар уйдан ташқарида ҳам давлатнинг сийловида! Халқнинг эътиборида! Бошқаларчи?! Улар сенатор, депутат, амалдор...хуллас одам эмасда!

     Кекса ўрис танишим чўнтагидаги охирги тангаларни ҳисоблаб, нархи ошган нонга еткизишга уринар экан, чуқур хўрсинади: " Да, дочка... выживает сильнейший". Ўша кампир 36 йил ўқитувчилик қилиб, ёлғиз қизининг ўлимидан сўнг қанд касали, подагра, альцгеймерга чалинган ва ночор кун кечиради. Асосан, дори-дармонга кетадиган нафақаси ой охирига зўрға етади. Бундай ғарибларимиз эса тўлиб-тошиб ётибди.

Беморларнику гапирмай қўя қолай. Уларнинг таомномаси ҳам мактабларникидан қолишмайди. Шилдираб турган ювиндининг маза-матраси йўқ. Беморларнинг дарди ва ҳолатига қараб тавсия қилинадиган " Парҳез стол" йўқолиб кетяпти! Жуда кам шифохоналардагина рисоладагидек боқишлари мумкин.

     Ўзим гувоҳ бўлган бир ҳолатдан қаттиқ ранжидим. Қариялар уйида бир онахонга икки йилдан бери тушликда буғда пиширилган котлет тайёрлашар экан. Фақат қоғозда! Шундан сўнг бошқа кексалар билан хам суҳбатлашдим. Э-воооҳ, сабзавотли салатлар, ҳар куни бериладиган сархил мевалар...Хуллас заифлашган организм талаб қиладиган оқсил, минерал, углевод ва бошқа фойдали моддаларни белгиланган миқдордан анча кам еяётган энг иродали, энг серғайрат қариялар ҳам бекорга аста-секин ақли заиф, хотираси паст, сердард бўлиб қолаётгани сабабини тушундим. Аммо минг афсуски, куюниб ёзган хабаримга, арзномаларимга бирорта валломат жавоб бермади.

     Негалиги аён! Чунки ўғрибошиларнинг энг каттаси ҳам тепада! Каззобларнинг энг ашадийси ҳам юқори лавозимларда!

     Қаранг қанчалик уддабурронмиз!

   Боғча, мактаб, меҳрибонлик уйлари, лагерлар (соғломлаштириш лагерлари!) да болалар ҳаққидан, шифохоналарда дардмандлар, қариялар уйида кексалар хаққидан уриб жиғилдонимизга ураверамиз. Томоғимиздан ўтган ҳаром луқмадан ортганига уй-жой, данғиллама тўйлар қиламиз. Қайси бир камбағалнинг заиф, иммунитети паст жигарбанди йилда беш-ўн марта грипп бўлавериб, ахийри оғир дард билан ўлиб кетиши сабаблари ҳеч кимни қизиқтирмайди.

     Агар Қонунчилигимизда адолат бўлса, миллат хаққидан ўғирлаётган каламушларнинг катта-кичигига энг олий жазони бериб, шу тоғорадаги гўштни ўзларига едирган бўлар эдим!

 

Муаззам Иброҳимова