МУШТУМЗЎРНИНГ ТАНОБИНИ ТОРТМАСАК...


     Аввалига бу мактубнинг алоҳида варақдаги ўзимга қарата ёзилган қисмини ўқидим.
     «...Дилбар опа, мен сиз билан жуда ҳам учрашгим, маслаҳатлар олгим келади. Лекин ҳеч ҳам иложини қилолмаяпман. Шунинг учун Сиз, опажон нима дейсиз, шундай золим эр билан яшаш мумкинми, чидаш керакми, ёки ажрашишим керакми. Қачонгача уришиб яшаймиз, ҳаёт ўтиб бормоқда, ақли эса кирмаса... Баъзида жонимдан-да тўйиб кетаман, лекин, лекин 2 та фарзандим учун мен керакман деб ўйлайман ва шулар учун яшайман, тиришаман. Сиз нима дейсиз?...»
     Бировга, ҳаттоки у ўз жигаринг бўлса ҳам «ундай эмас, бундай яша», «бу йўлдан эмас, мана бунисидан юр», - деб маслаҳат бериш қийиндан-қийин иш. Ҳар бир оилавий турмушнинг ўз тош-тарозуси, ошкор ё яширин ўз сир-асрорлари бор. Рўзғорни рўзғор қилиш ва ё рўзғорни тўзитиб юбориш фақат ва фақат ундаги икки кишига эр-хотинга боғлиқ. Икки кишидан бошқа одамлар аралашуви аксарият ҳолларда турмушни тузаш ўрнига, бузишни келтириб чиқаради. Менинг кўнглимдан даставвал шу фикрлар кечди ва мактубнинг асосий қисмини ўқишга тутиндим...
«20 ёшимда ўзим билан тенг, бирга ўқиган, мени яхши кўрадиган йигитга турмушга чиқдим. Тўйимиздан аввал мени сизсираб, ўзини жуда меҳрибон қилиб кўрсатарди. «Мен сенга ҳеч қачон қўл кўтармайман», деб мен сўрамасам ҳам қасамлар ичар, ваъдалар берар эди...
     Лекин тўйимиздан 5-6 кун ўтар-ўтмас ҳар хил можаролар бошланди. Эримнинг бу- ҳар кунги келган меҳмондан, укаларидан, қўшнилардан қизғаниб қилган жанжалларини аввал-аввал яшириб юрдим, ичимга ютдим. Бирортаси уйга кириб келса - эркак киши бўлса ҳам, аёл киши бўлса ҳам салом берасиз, албатта. Аёл киши бўлса, нотаниш бўлса, ҳам сўрашсам индамасди. Лекин эркак кишига хоҳ у таниш бўлсин, хоҳ нотаниш бўлсин «Ассалому алайкум», десам ўша соатдан бошлаб қовоқ-тумшуқ, жанжал бошланади. У сенинг киминг, қачон кўргансан, қачон гаплашгансан, қаерда танишгансан, вой-вой сўроқларнинг кети йўқ...
     Тўйдан бир ой ўтгач меҳнат таътилидан сўнг ўз ишимга чиқдим. Зўр можаролар ана ундан кейин бошланди. Автобусда бориб, автобусда келар эдим. Савол-жавоб, жанжалнинг каттаси аввало шундан бошланарди. Шофёри ким эди, олдингда ким кетди, ким билан сўрашдинг, кимни кўрдинг, қайтишингда автобуснинг шофёрига қанча пул бердинг, балким пул бермасдан кўзингни сузиб тушгандирсан, деган саволларга савол қўшилиб, кўнглимнинг бир парчаси совиб борар эди. Ҳар кунги асаб бузарликлар оқибатида эримдан совий бошладим. Лекин ҳол-аҳволимни ҳеч кимга - на онамга, на опа-синглимга билдирмасдим, миқ этмай ишга бориб келаверар эдим.
     Шу орада уриш-жанжаллар билан фарзандлик бўлдик. Энди хархашалар босилар деб ўйлар эдим. Йўқ. Хато ўйлаган эканман, жанжалга ўрганган одам тўхтамас экан.
     Фарзандимиз 2-3 ойлик бўлганда бир кун арзимас гапларни баҳона қилиб юз-кўзимга уриб ташлади. Кейин боламни кўтариб қизлик уйимга бордим. Уйда ҳеч кимга ҳеч нарса демай бир кун ётиб яна қайтдим. Келсам қайнонам билан қайнотамлар ўзаро уришган экан, индамай кутиб олишди.
     Энди эримдан гапнинг каттасини эшитдим: «Сени уйингдагилар бир кун ҳам олиб ўтирмайди. Мендай куёв топиша олмайди икки дунёда. У ҳар жанжалида шу гапни қўшадиган бўлди. Уйга бирор эркак келиб қолса, ана сени ўйнашинг қидириб келди, деб яна жанжални бошлайди. Телефон жиринглаб қолса мен олмайман, ўзи олади. Эрим йўғида кимдир қўнғироқ қилади, трубкани кўтарсам, жим қолади. У кўчада телефон қилиб, яна индамай қўяр экан. Келганида,- «Сенинг ўйнашинг телефон қилди-ку бугун, нега гапирмадинг», деб менга яна савол-жавобини қилиб жанжал бошлайди.
     Шу тахлит 2 фарзандли ҳам бўлдик. Ўз –ўзимга: “Қўй, 2 та болали бўлди. Энди ақли кириб босилар,”- деб ўйлаган эдим. Яна хато ўйлабман.
Энди эрим уриб ташласа, ичиб келса, 2 та бола билан ҳеч қаёққа қочиб қутулолмаскансан. Қизлик уйимдагиларга умуман калтак ейишимни айтмас эдим. Эрим ҳам тўй-маъракаларда ҳеч нарса кўрмагандай бориб, хизматини қилиб келаверар эди.

     Бир куни катта акамнинг туғилган кунига борган эдик. Кўзим кўкариб турган эди. Акам сезиб қолди. Шунда ҳаммасини ўша ерда айтдим. Айтаяпман-айтаяпман кўзларимдан «шув-шув» ёш қуйилиб кетаяпти. Ўзимни боса олмадим. Роса, хўрликларим келиб-кетди. Эрим келмаган эди. Акам: «Бўлди яшамайсан», - деб, жаҳл устида айтди. Эртасига эрим машинада бизни олиб кетишга келганида акам роса уришди. Яхши гап билан ҳам гапирди.
- «Сени яхши куёв деганман, шундай бўлиб қолгин», - деди ва биз яна уйга қайтдик.
Иккинчи фарзандим 1,5 ёш бўлганида ишга чиқдим. Энди сал бўлса ҳам юрагим ёзилиб, ҳеч бўлмаса кундузи жанжалдан қутуламан деб ўйладим. Болаларимни боғчага бердим. Уйга борсам дадамлар, опамлар, акамлар ҳаммаси эри урмадимикан, сўкмадимикан, деб кўзимга қараб туришарди. Лекин уришиб, калтагини еб келсамда уйдагиларга билинтирмас эдим.
     Бир куни эрим ичиб келдида, оғзидан ёмон гаплар чиқиб сўкиб-уриб кетди. «Нима гап, тинчликми», - деб сўрасам, бир кун аввал тоғасини ўғлининг ЗАГСи бўлган эди, шу ерда қайниларимиз билан ўйнаган эдик. Видеога олишган эди, ўша кассетани кўриб келган экан. Роса урди, ўзиям бошим-кўзим тиниб, ўлакса холига келтириб ташлади. Ишга бир ҳафта боролмадим. Ҳамма жойим оғриб, жойимдан туролмай қолдим. Нега ишга келмади экан, деб опачам хабар олишга келиб қолди. Аҳволимни кўриб: «Бўлди, йиғиштирасан энди, яшамайсан», - деди. Мени олиб кетди, касалхонага ётдим. Ҳеч ким билмади менинг касалхонада эканимни, уйимдагилардан бошқа.
     Касалхонадан тўғри қизлик уйимга бордим. Эрим ҳар куни келиб, иккинчи ундай урмайман, болаларим бор, мени ёмон кўрса ҳам, болалар учун яшасин, деб ялиниб-ёлвориб, яна олиб кетди.
     Икки кун, ишонасизми, икки кун яхши гапириб юрди, учинчи кун: «Ҳа, сенга яхши гапирадиган одам борми! Талтайиб кетдинг», - деб яна эски ҳунарини бошлади.
     Ҳаётим шундай ўтиб, катта фарзандим олтига, кичкинаси тўртга кирди. Ишхонада бир куни янги йил байрамини ўтказиш учун соат иккиларда ўтирдик. Эримдан қўрққанимдан соат 4 гача ўтириб, ўйин-кулгу бошланмай кетиб қолдим. Эрим ишхонада ўтириши бор экан, деб эшитиб қолиб соат 2 дан бошлаб 4 гача дарвоза ёнида кутибди. Ичиб олган экан, кўзлари қаҳру ғазабга тўла, шундай киришим биланоқ бир шапалоқ туширди. «Уйга киргин, сен билан уйда гаплашаман», - деб судраб уйга олиб кириб кетди. Худди куч-қуввати ўзидай эркакни ургандай шундай уряптики... 2 фарзандим эсли-ҳушли бўлиб қолган эмасми. «Онажон йиғламанг бувимларнинг уйига кетамиз. Фақат сиз касал бўлиб қолманг, жон онажон йиғламанг», - деб оёғим тагида ўралашса: «Бу болаларинг ҳам мендан эмас, бировдандир», - деса бўладими. «Ё Оллоҳ, - дедим, - нега шунчалар, шундай қаҳрли одамнинг қўлига тушиб қолдим, менга бу кўргуликларим қайси гуноҳим учун?»...
     Болаларим: - «Дадажон, жон дада, урманг, аям ўлиб қолса нима қиламиз», - деса уларни ҳам ургудек бўлиб,
-«Кўрпангни ичига кириб ёт. Бўлмаса сенларни ҳам уриб ташлайман», - бақирди. Улар ҳам кўрпаларининг ичига кириб пиқ-пиқ йиғлаб, пойлаб ётишди.
     «Энди аниқ мени ўлдиради», деб ҳамма нарсага тайёр эдим, ўша пайт. Гапиради, уради, сигарет чекаман деб гугурт қидириб нариги уйга ўтган эди, сочларим тўзғиб, башарам кўкариб, ҳамма жойим оғриса ҳам жоним борича деразадан тушиб қочдим. Орқамдан ишонасизми, югуриб чиқди. Мен қўшнимизнинг ҳовлисига бир бало қилиб кириб олдим-да, пойлаб ўтирдим.
     Соат тунги 11 лар эди. Машинасини ҳайдаб мени қидиришга чиқди.
     Оёқ яланг бўлиб қўшнимизнинг уйида тонгни бир бало қилиб оттирдим. Болалар нима бўлди экан, деб секин дарвозамиз олдига бордим, машина турибди, дарвозамиз эшиги қулфланмабди, секин ҳовлига кирдим. Ташқаридаги супа-каравотда эрим ётарди, битта кўрпача солиб кийим-боши билан шу совуқда. Мени келиб қолади, деб кутиб ётган шекилли қотиб ухлаб ётибди, туфлисини ҳам, телпагини ҳам ечмай, курткасига ўраниб ётибди. Секин деразадан болаларнинг олдига кирдим, иккаласи ҳам жой-жойида ухлаб қолибди.
     Бир бало қилиб уйғотиб, устларини қалин-қалин қилиб кийгизиб, секин деразадан қочдик.

     Болаларни боғчага обориб ўзим ишга кетдим. Кечқурун эса қизлик уйимга кириб, уйдагилар билан сўрашиб бўлган ҳам эдимки, эримнинг машинаси келиб қолди. Шу заҳоти бошқа хонага югуриб қочиб кириб кетдим. Ишонасизми умуман, бу дунёда эркак башарасини кўргим келмай қолди. Уйимдагилар гап нимадалигини англаб олишди. Дадам: -«Ассалому алайкум» деб ҳеч нарса бўлмагандай кириб келган куёвини,
- Уйдан чиқиб кет, - деб ҳайдаб юборди. Эрим кўчага чиқиб кетди. Бир пайт безбетларча яна уйга кириб келди.
-Дадажон, онажон, энди бу қилиқ такрорланмайди, мана мени уринг-сўкинг, лекин мен хотинимни олиб кетаман», - деб ялинишга ўтди. «Илтимос, олиб кетай», - деб роса эланди.
     Барибир ота-онамнинг яна кўнгиллари юмшади. Улар: «Қизим, майли, яна бир сафар яшаб кўр, агар энди яна шунақа урса милицияга берамиз», - дейишди.
     «Йўқ, кетмайман, агар кетадиган бўлсам ҳозир дўхтирга бориб ётиб оламан, сўнг милицияга бораман. Агар милициялар мени экспертизасиз кўрса ҳам шундоғам эримни қамаб қўяди. Турқини кўрмайман, кетсин», - дедим.
     Эримга онам: «Қизим шундай деяпти кетақол. Эртага олиб кетасан», - деди.
Эртаси куни энди байрам столини ясатиб бўлган эдик, эрим, қайнотам, тоғаси, қайнонамларни бошлаб келибди. Қайнонам: «Мен ажратмайман, болаларни бир кўз қилмайман, келинимни олиб кетаман», - деб йиғлаб туриб олди.
-Шу куни нега урдинг, кеч келган бўлмаса. Ҳамма ўтирадиган байрам столи бўлса, икки соат ўтирса ўтирибди-да», - деган дадамнинг саволларига. Эрим - «Мен ўзимни билмай қолдим, мени кечиринглар, иккинчи бўлмайди», - деб роса ота-онасининг, дадам, онамлар, тоғаларининг олдида кечирим сўраб, ёлғон ваъда-қасамларини ичди.
     Энди билмадим, нима учун, ароқ ичганига шунча ўзини билмай қолади ёки бошқа нарса ҳам чекадимикан, деб ҳар хил ўйга бораман. Ундай дейин десам, ҳеч қачон уйда ҳам, чўнтагида ҳам мен билмаган нарсалар, яъни нашами, қора дорими-эй унақа нарсаларни кўрмаганман, лекин унча эътибор ҳам бермайман-да...
     Қисқаси яна ярашдик, яна ўша жанжал, ўша уриш-сўкишлар, ўша кечирим сўрашлар ҳозиргача давом этаяпти.
Ўзимча ўйлайман-да, қани энди умуман эркаклар йўқ бир юрт бўлсаю шу ерларга кетсанг, дейман. Қизларга маслаҳатим, иложи борича ўзингиздан камида 4 ёш катта йигитларга турмушга чиқинг.
     Ёши катта барибир катта, балким хотинини аяб яшар...
     Агар менинг турмушим яхши, биз синфдошмиз ёки тенгдошмиз, оилада унча-мунча икир-чикирлар чиқади. Лекин у нарсалар кўнгил совушига йўл қўймайди, деганлар бўлса фикрингизнисизларнинг маслахатларингизни кутаман.


ДУРДОНА


     Мана, азиз ўқувчим, Дурдонанинг дил изҳорини ўқиб ҳам чиқдингиз. Кўнглингиздан қандай ўй-фикрлар кечди, қандай хулоса чиқардингиз, Дурдонага айтадиган сўзингиз борми? Албатта бу борада ўз фикрингизни ёзиб юборасиз.
     Лекин Дурдона менинг ҳам сўзимни кутаяпти. Мен умуман бировнинг оиласи масаласидаги фикримни юқорида айтдим. Ахир бировнинг жигаргўшасини - бир заифани - онани ўсиб келаётган фарзандлари кўз ўнгида наҳот шунчалар даражада хўрлаш мумкин? Йўқ, бу ҳолатга чидаб бўлмайди», - деб Дурдонага ажралишини маслаҳат берсаму, бир кун келиб, (йиллар ўтиб, оғриғу аламлар битиб кетгач), Дурдона: «Менга ажрал деб маслаҳат беришувди, бу гапга кириб бекор қилган эканман-а», -демасмикан... «Ажралманг, чиданг. Эҳ-ҳе бу ҳаётда нималар бўлмайди. Турмушнинг муштларига чидаган кишигина охир-оқибатда муродига етади,»- дея маслаҳат берсам... Дурдона ҳаммасига чидаб-чидаб, охир-оқибатда сочлари оқариб, тишлари тўкилиб азиз умрининг энг яхши дамлари ўтиб кетгач ҳам, бир ёруғлик кўрмаса, уриш-сўкишлар, маломатлар ботқоғидан чиқолмаса... Шунда Дурдона: «Чида дейишувди, нима чидадим, лекин нимага эришдим, умрим ҳам ўтиб кетибди. Ўтган умримни, ёшлигимни, соғлигимни энди менга ким қайтаради?, - дейиши ҳам мумкин...
     Йўқ, бу борада ҳеч нарса деб бўлмайди. Лекин бу муттасил уришлар, сўкишлар, қадр-қимматнинг топталиши...

     Мен бирор муддатга Дурдонани ўз фарзандим ўрнида қўйиб кўргим келди... Не азобу уқубатлар чекиб, ўстириб вояга етказган қизимни кимдир шунақа муттасил урса, сўкса, кун бермаса. Мен бу ёқда қандай тинчгина яшаб юришим мумкин? Ва ёки мен отаси, акаси, опаси, синглиси бўлсам-у, жигаримни кимдир биров хўрласа, қадрини ер билан битта қилиб топтаса... Бунга чидаб бўладими... Йўқ...
Улуғ бобомиз-соҳибқирон Амир Темур,- «Заифаларингизни қўрингиз!», - деган эканлар...
-«Дўст бўлсанг ёнимда тур», - деган қўшиқ бор.
     Биримиз падари бузруквор, биримиз волидаи муҳтарама, биримиз ака-ука, опа-сингил бўлсак-у, яқинимизда-ёнгинамизда хўрлик ва зўрлик исканжасида азоб чекаётган заифа жигаргўшамиз кўзларидаги ёшни артиб қўймасак, қадрини тиклаб олишга кўмак бермасак, қалбига яшаш завқини сингдирмасак, ҳаммамиз бир муштга айланиб бахтсизликлар манбаи бўлмиш муштумзўрнинг танобини тортиб қўймасак, не деган одам бўлдик, азизлар!

 

Дилбар САИДОВА