Ишда қолишнинг йўли


Оқ халатга тушган доғ

     Шифокор. Саломатлик посбони. Шифо масканларида эгнига оқ халат кийиб юрганларни кўрган ҳар қандай киши уларни бемор дардига малҳам берадиган нажоткор сифатида қарайди. Бироқ оқ халатга “қора доғ” тушса-чи? Буни кўрганларнинг дили хира тортиб, ижирғанади.

Жиззах шаҳридаги касалхоналардан бирига отасини олиб келган йигит бош шифокор қабулига кириб, вазиятни тушунтирди.

  • Отам қандли диабет касалига йўлиққанлар, шу кунларда хасталиклари хуруж қиляпти. Шифокордан йўлланма бор, — деди.

Бош шифокор Р. Абдусаҳоб йигитнинг қўлидаги йўлланмага эътибор ҳам бермай:

  • Ука, касалхонада жой йўқ, кейинроқ келинглар, — деди.
  • Ака, отамнинг аҳволи оғир, даволанмаса бўлмайди, — деди илтижо билан йигит. — Жой бўлмаса бошимга қўйиб ўтирайми отангни?! — дея жеркиди Абдусаҳоб.
  • Шифокор бу касалликка йўлиққанларни касалхонага навбатсиз қабул қилишади деганди-ку, — ҳайрон бўлиб деди йигит.
  • Бу ерда мен бош шифокорман, касалхонага мен жавоб бераман.

Йигит ноилож чиқиб, йўлакда нима қиларини билмай турганди, бир аёл унинг аҳволини кўриб секин шипшиди:

  • Озгина пул қистирмасангиз, барибир қабул қилмайди.

Йигит бош шифокорнинг муддаоси нима эканлигини билиб, ҳужжатлар орасига юз минг сўм қўшиб яна унинг олдига кириб борди. Буни кўриб Абдусаҳобнинг чеҳраси ўзгарди ва:

  • Отахонни олиб кираверинг, палатадан жой ҳозирлаб беришади, — деди.

Бироз ўтиб бир таниши онасини олиб келганди, ҳеч тортинмай:

  • Пуллик палатадан жой қолди. Мен ўзим хабар олиб тураман, тез кунда тузалиб кетадилар, — деди.

Қариндошидан ҳам юз минг сўм ундирган Абдусаҳоб, чап чўнтаги қуруқ қолаётганини сезиб, уни ҳам қаппайтириш йўлини ахтара бошлади. Хаёлига келган фикрдан қувониб кетиб, бир керишиб олди-да, Моҳичеҳра ва Барно исмли ҳамшираларни чақиртирди.

  • Юқоридан штатларни қисқартириш ҳақида буйруқ келди. Сизларнинг эгаллаб турган лавозимларингиз касалхона учун керак эмас экан. Бўшаш ҳақида ариза ёзаверинглар.

Бу гапдан ҳайрон бўлиб қолган ҳамширалар бош шифокорга эътироз билдиришди.

  • Яқинда иккита янги ҳамшира ишга қабул қилинди-ку, нега энди айнан бизнинг штат қисқартириларкан?
  • Қаёқдан билай, ишда қолгиларинг келаётган бўлса, йўли топилиб қолар, — деди бош шифокор юмшоқлик билан.

Аёллар унинг ҳузуридан чиқишганидан кейин, охирги айтган гапининг мағзини чақишди.

  • Жиғилдонингга ўт тушкур пул тама қиляпти, шекилли, — деди Моҳичеҳра.
  • Билайлик-чи, неча пул сўраркан? — деди Барно.

Моҳичеҳра яна бош шифокор ёнига кириб:

  • Бирор хизмат бўлса тайёрмиз, ишдан айрилиб қолмайлик, — деди.

Абдусаҳоб шуни кутиб турганди, ўзини ачинган кўрсатиб:

  • Сизлардай тажрибали ҳамшираларни ишдан бўшатиб юбориш мен учун ҳам оғир. Майли юқоридагиларни кўндиришга ҳаракат қиламан, бир миллион сўм йиғиб берсанглар, яна ишингларни давом эттираверасизлар, — деди.

Икки аёл штат қисқартирилиши бош шифокорнинг найранги эканига ишонч ҳосил қилиб, гапни бир жойга қўйиб, ички ишлар идорасига мурожаат этишди.

  • Бош шифокорнинг тамагирлиги, порахўрлиги ҳақида хабар олингач, тезда уни жиноят устида қўлга олиш режаси ишлаб чиқилди, — дейди Жиззах вилояти ИИБ ЖҚ ва ТҚКБ тезкор вакили, катта лейтенант Одил Эркабоев. — Илгари ҳам унинг устидан айрим беморлар шикоят хати ёзган экан. Ушбу аризаларда гарчи пуллик бўлмаса-да, бош шифокор уч-тўрт палатани таъмирлатиб, пуллик дея эълон қилган ва даволангани келган беморлар тўлаган пулларни ўзи ўзлаштириб юрганлиги баён этилган эди. Вилоят ИИБ ЖҚ ва ТҚКБ тезкор вакили, катта лейтенант Жасур Каримов билан биргаликда бош шифокорни жиноят устида — ҳамширалардан пул олаётганда қўлга олдик.

Порахўр суд ҳукми билан қонунда белгиланган тарзда жиноий жавобгарликка тортилди.

Юқоридаги воқеадан оқ халатдаги “қора доғ” нима эканини тушуниб олгандирсиз. Шундоқ ҳам хасталаниб, кўзига дунё қоронғи бўлиб турган беморлардан пул тама қилиб, уларнинг кўнглини оғритиш шифокор учун оқ халатига доғ тушириш билан баробар эмасми?! Ўзини шифокор деб юрган бундай шахслар жамиятдаги қора доғдир.

 

 

С. ШАМСИДДИНОВ, Жиззах вилояти.