“Санитария эпидемия вакиллари” ниқоби


   Маълумки, фирибгарлар инсонларнинг таҳликага тушиб қолганидан ва оғир вазиятидан унумли фойдаланишади. Худди шунингдек, бу иллат баҳонасида чўнтакларини қаппайтириш илинжида бўлган савдо ходимлари-ю тижоратчиларнинг сохта акцияларини гапирмасак ҳам бўлади. Асосий масала, чинакам фирибгарлар борасида. Италияда коронавирус тарқалганидан унумли фойданган бир гуруҳ фирибгарлар тўдаси уйларга бориб, сохта тиббиёт ходимининг ҳужжати ва мажбурий тиббий кўрикдан оилавий ўтиш ҳақидаги қалбаки фармойишни кўрсатишиб, бўйсунмаганларга жиноий чора кўрилиши билан огоҳлантириб (пўписа қилиб), уларни уйларидан чиқаришга муваффақ бўлишган. Натижада, уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган фирибгар талончилар жиноий шериклари билан тил бириктиришиб, хонадонларни тунашган. 
   Яна айрим фирибгарлар бу касалликка қарши дори чиқарилгани, фақат давлат идоралари ходимларигагина бу сир аёнлигини, пул зарурати туфайлигина сотишга мажбур бўлганини, тиббиёт лабораторияларидан бирида ишлашини таъкидлаб, дорихонадардаги оддий ёнғоқ мойи солинган идиш устига ўзлари ўйлаб топган дори ва принтерда чиқарилган йўриқномаларни кўрсатишиб, қиммат нархларда пуллашган.
   Зотилжамга қарши вакцина тузатармиш, намакоб билан бурунни ювса юқмасмиш, саримсоқни қайнатиб ичилса ёки туз қўшиб ейилса тузалармиш, антибиотиклар қабул қилиш самара берармиш, давоси топилди, қабилидаги интернет орқали ёки маҳалладаги миш-мишчилар тарқатилаётган асоссиз гапларга асло ишонманг! Намакоб, яъни тузли сув таркибида ишқор бўлса-да, туз ва саримсоқ коронавирусни нобуд қилиш хусусияти борлиги аниқланмаган. Антибиотиклар эса вирусларни эмас, бактерияларнигина ҳалок қилишга қодир. Агар бу касалликка қарши вакцина ишлаб чиқилса ва давоси топилса расмий сайтлар ва ойнаи жаҳон орқали барчага бу ҳақда маълум қилинади. Айниқса, содда халқимизнинг аксарияти сохта табибларга, куф-суфчи домлаларга ишониб кетишади. Чўкаётган одам хасга ёпишганидек, уларнинг ёлғон ваъдалари-ю баландпарвоз гапларига чув тушганларини ўзлари ҳам сезмай қолишади.
    Энди, бизда ҳам шундай ҳолат кузатилмаслигига ким кафолат беради? Шунинг учун, биринчи галда, ҳар кимга ва ҳар қандай гапга ишонмаслигимиз керак. Уйингизга шу каби даъволар билан “санитария эпидемия вакиллари” ниқоби остида қаллоблар ташриф буюргудек бўлса, уларни уйга киритмасдан, бу ҳақда 71-276-59-28 рақамидаги ишонч телефонига, тегишли идораларга, жуда бўлмаса тез ёрдам хизматига қўнғироқ қилиб, аниқлаштириб олиш, агар фавқулодда ҳолат жорий этилгани ёлғон бўлса, ҳуқуқ тартибот ходимларига қўнғироқ қилиш зурур. Агар ҳушёрликни оширмас эканмиз, ваҳимага берилиб, ҳар қандай лўттибознинг уйдирмаларига ишонсак, зарар кўришимиз турган гап.

Музаффар Муҳаммадназар.