КОРРУПЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ҚАНДАЙ ОЛАМИЗ?


     Жияним Раъно билан қўни-қўшнисидан суриштириб, энг яхши боғча дея таърифланган мактабгача таълим муассасасига бордик.

Ўзимизни таништириб, боғча мудирасини ва ўша даргоҳни кўкларга кўтариб мақтадик. Чунки ҳозирги кунда шундай қилмасангиз ишингиз битмайди, дея бизга қўшнилар ўргатишганди.

     Боғча мудираси биз ўйлагандик анойи эмас экан. Бизнинг мақтовларимизга сираям учмади. Аммо ёққанлиги юз-кўзидан билиниб турарди. Мақтов кимларга ёқмайди дейсиз.

     Мудира ҳозирча бўш жой йўқлигини, шунинг учун керакли ҳужжатларни тегишли жойга топшириб, навбатга туриб, кутишни маслаҳат берди. Жияним аллақачон ҳужжатларни топшириб қўйганлигини, иккита бола билан қийналаётганини айтиб, вазиятини тушунтирди. Ҳар қандай юмуш бўлса қўлидан келса бажаришини таъкидлади.

     Бу гап мудирага маъқул келди. Бизни интизор қилмасдан дилидагини тилига чиқарди. Боғчага қанчадир миқдорда шағал тош ва қум олиб келинишини, ҳайдовчиларга 200.000 сўм бериш лозимлигини уқтирди.

Раъно ноилож рози бўлди. Шундай қилиб мудира порани ўз қўли билан ушламасада яширин пора орқали яъни ҳайдовчиларга пул бериш орқали унинг фарзандини боғчага жойлаштирди.

     Ундан сўнг эса боқчанинг ҳам ички тартиб-қоидалари “йиғ-йиғ”лари бўлди. Бугунги кунда ҳам бу ҳолат давом этиб келмоқда. Бироқ бирорта ота-она юрак ютиб бу ҳақда ҳеч кимга айтмайди, айтолмайди. Чунки ишимиз тезроқ битиши учун ўзимиз уларга пора беришни таклиф қиламиз. Улар эса қай йўсинда бўлсада бу порани олишга ҳаракат қилишади.

     Бу аҳволда биз қандай қилиб коррупциянинг олдини оламиз! Коррупциянинг илдиз отишига сиз билан биз йўл очиб бераяпмиз. Бунинг учун ўзимиз пора беришни бас қилайлик! Пора сўрашса тегишли жойга мурожаат қилайлик! Ана шундагина коррупциянинг олдини олган бўламиз. Шундай эмасми?

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист

Мусаввир - Нодира Мирзаева