ТАЪЛИМДАГИ ИЛЛАТЛАРГА ҚАНДАЙ КУРАШИШ КЕРАК?


 Маълумки, таълим тизимидаги муаммолар бугун кўпчиликни ташвишлантирадиган вазиятлардан бирига айланди. Бу ҳақда қанчалик кўп гапирмайлик, бу тизимдаги ислоҳотлар ҳамон кўнгилдагидек эмас. Мактаб ўқувчиларининг, ҳаттоки институт ва университетдаги талабаларнинг ҳам илм олишга бўлган иштиёқи сўнгандек назаримизда. Буни ушбу йилда олий ўқув юртларига ҳужжат топширган абитуриентлар сонидан ҳам билиш мумкин. Афсуски, бу йил олдинги йиллардагига нисбатан олий ўқув юртларининг кундузги бўлимларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони кескин камайди. Хўш, бугунги таълимдаги асосий муаммолар нималардан иборат, уни бартараф этиш учун нима қилиш керак, ёшларнинг илм олишга бўлган қизиқишини ошириш учун нималарга эътибор бериш лозим, каби саволлар билан бугун биз Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Лингводидактика кафедраси мудири - Турсуной ЮСУПОВАГА мурожаат қилдик.

МАКТАБЛАРДА ИЛМИЙ МУҲИТ ЙЎҚ

  Мактабларда илмий муҳитнинг йўқлиги малакали кадрлар етишмовчилигига ва малакасиз кадрларнинг кўпайишига олиб келади. Ҳозир мактаб ўқитувчилари ўз устида ишламай қўйган. Кўпгина иқтидорли ўқитувчилар ё мактабни тарк этади ёки иқтидори очилмай қолиб кетаверади. Шунингдек, амалдаги таълим тизимимизда ўқитувчининг дарси қанчалик сифатли эканлигини баҳолашнинг самарали мезонлари яратилмаган. Бунинг ўрнига, ўқитувчилар ташкилий масалалар билан ўралашиб қолган. Қанчалик хунук эшитилмасин, аммо тан олишга мажбурмиз: дарс иккинчи даражали нарсага айланиб бўлди.

БЮРОКРАТИЯ АВЖ ОЛГАН

  Ўқитиш ишлари мазмунга эмас, шаклга қаратиляпти. Педюкламалар, плакатлар, кўргазмали қуроллар... Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Сир эмаски, айрим ҳолларда комиссия аъзолари борган мактабларда ҳаммага танбеҳ бериб, обрў орттиришга интилади. Мақсад, камчиликни бартараф этиш эмас, айбдорларни жазолаш бўлиб қолган. Баъзида мутлақо мантиққа зид гаплар ҳам бўлади.
  Масалан, бир мактабга комиссия боради ва биология дарсига киради. Комиссия аъзоларидан бири дарсни кузата туриб, ёш муаллим йигитга  “Нега дарсда кўргазмали қуроллардан фойдаланмаяпсиз?”, - дея танбеҳ беради. Ўқитувчи эса: “Бугунги дарс мавзуси "Кўпайиш". Қанақа кўргазмали қуролдан фойдаланишим мумкин?”, - дея дангал айтади. 
  Албатта, бу жуда кулгили, лекин ниҳоятда ачинарли ҳолат. Кўргазмали қуролинг қани, унинг қани, бунинг қани, деб ўқитувчиларни ҳадеб тинкасини қуритмаслик керак, деб ўйлайман. Энг муҳими, дарснинг мазмунига, ўқитувчининг савиясига эътибор бериш керак.

МИЯ БЎМ-БЎШ БЎЛСА ҲАМ, ДАФТАР ТЎЛДИРИЛСА БАС

  Олий ўқув юртларида баъзи устозлар ҳалиям эскича услубдан воз кечолмаяпти. Сессия пайти талабага: “Қандай қилиб сенга "5" баҳо қўяман? Оралиқ назорат имтиҳонида 3 та саволга дафтарнинг ярмини тўлдириб жавоб ёзибсан, холос-ку”, деган гапни ҳалиям айтаётганлар бор. Мия бўм-бўш бўлса ҳам, дафтарлар тўлдирилган бўлса, бас. Бинолар янгича, тизим эса эскича. Фикрлаш ХХ аср ўрталарида қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Ҳар доим ўқитувчи кутадиган ягона тўғри жавоб бор. Ўшани топган талабага "беш" баҳо қўйилади. Талабанинг шахсий фикрга эга бўлиши тақиқланади. Баҳолаш мезони билимга эмас, миқдор ва итоатга қараб белгиланади “Галстугинг йўқми, демак, яхши ўқимайсан”. Бу билан биз мутахассисларни эмас, итоатгўй ходимларни тайёрлаяпмиз. Олий ўқув юртларимиздаги ҳолат жуда ачинарли. Собиқ Иттифоқ тарбиясини олган домлалар дарсда ҳали-ҳануз 2 соат тинмай китобдаги тайёр маърузани ўқийди, талаба эса 2 соат тинмай дафтарига матн ёзиш билан овора. Бундай дарсдан мақсад илм беришми ёки талабаларнинг ғурурини синдиришми?

БЎЙНИДАН БОҒЛАНГАН ИТ ОВГА ЯРАМАЙДИ

 Халқимизда "Бўйнидан боғланган ит овга ярамайди", деган нақл бекорга айтилмаган. Буни бир мисол билан тушунтирмоқчиман. Масалан, ўқитувчи опа тўқишни ўрганиб олган, дейлик. Ҳайт деган туяга мадад, деганларидек, устоз дарсда пайпоқми, жемферми тўқиб, рўзғорига қўшимча даромад келтириб туради. Бундан ташқари, коллежда ҳам дарс беради. Шунча ҳашарлар-у, ҳужжатлардан қандай вақт орттириши мумкин, деган савол туғилади. Йўли осон. Ўқитувчи, ҳаммасини дарс пайти бажариб олади. Давомат бўлса бор, ўқувчилар жим ўтирибди, мавзу номи доскада ёзилган. Уларга дарс ўтган билан ҳеч қайсисига кераги йўқ. Чунки, фан қизиқ эмас. Ундан кўра, ўқувчилар жим телефон ўйнагани ва ўқитувчи опа пайпоғини тўқигани маъқул. Муҳими, ҳамма ўқувчилар синфхонада ўтирса, бас. Қарабсизки, 3 та дарсда 1 жуфт пайпоқ тайёр. Баъзилар ўқитувчининг китоб ўқишга вақти йўқ, дейишади. Вақт тиқилиб ётибди. Аммо мотивация йўқ. 

ТАЪЛИМ СИФАТСИЗЛИГИ КИМГА БОҒЛИҚ?

  Таълим сифатсизлиги ҳақида гапирилганда, негадир ҳамма педюклама-ю ҳужжатбозликлар, пахта ва ободончиликларга ўқитувчиларниниг жалб этилишини баҳона қилади. Aслида ҳам шундайми? Хўш, педюкламалар йўқ қилиниб, ҳашарга устозлар чиқмай қўйса, ҳаммаси изига тушадими? Асло! Чунки, сифатсиз таълим илдизлари биз ўйлагандан ҳам кўра анча чуқурроқ. Қоғозбозлик ва ҳашарбозлик "ўлганнинг устига тепган" бўляпти, холос. Тепмай қўйган билан, барибир “ўлик” тирилмайди.

БОЛАЛАР  ЎҚИШГА НЕГА МАЖБУРЛИГИДАН БОРАДИ?

 Ҳеч кимга сир эмас, болалар мактаб ҳамда коллежга мажбурлигидан боради. Талабаларнинг университетга боришдан мақсади - фақат дипломли бўлиш истаги. Иложи бўлса, умуман ўқишга бормай, баҳо олиб юрса, янада яхши. Ўқувчиларда илм ўрганишга қизиқиш йўқ. Борларида ҳам катта синфга ўтган сари қизиқиш камайиб бораверади. Буёғи энди иқтисодиёт даражаси билан боғлиқ. Юқори малакали кадрга бизда яхши ҳақ тўланмайди. Баъзида ҳатто у ишга олинмайди, ҳам. Умуман иш берувчи, хоҳ у давлат, хоҳ хусусий ташкилот бўлсин, энг сара кадрларни ишга олишга интилмайди. Негаки, бозор рақобати муҳити тўла шаклланмаган. Шу боис ҳам, ишнинг сифатини оширишга, демакки, энг зўр кадрларни жалб қилишга ҳаракат қилинмайди. Шунингдек, ота-оналар фарзандининг билимли, савияси баланд бўлишига кўпам интилишавермайди. Таълимдаги энг катта муаммо айнан мана шу. Aгар аҳолида таълимга эҳтиёж юқори даражада бўлганида, улар билимни излаб топишарди. Улар билимли ўқитувчиларни қадрлаган бўлишарди. Улар баҳо олишга эмас, билим олишга қизиққан бўлишарди. Улар ўқитувчидан яхши дарсни талаб қилиб олган ва шунга яраша ҳақ ҳам тўлашга тайёр бўлишарди. Афсус...

МУАММОНИНГ ЕЧИМИ НИМАДА?

  Хўш, таълим сифатини ошириш учун нима қилиш керак, деган савол кўпчиликни ўйлантираётгандир, албатта. Сир эмаски, иқтисодиётнинг юксалиши таълимга ҳам кескин таъсир ўтказади. Охирги йиллардаги ислоҳотлар бунга умид бераётгандек. Лекин, янги шароитларга тезроқ мослашиш ва янги илмли авлодни тезроқ вужудга келтириш зарур. Акс ҳолда бунинг оқибати аянчли бўлиши мумкин.
Aваллари мактаб билим олишнинг  ягона манбаи бўлган. Керакли китоблар ҳам, муаллим ҳам мактабларда эди. Аммо ҳозирги интернет ривожланган даврда мактаб ва ўқитувчининг вазифалари бирмунча ўзгармадимикан?

ҚАМЧИ ВА “ПРЯННИК” УСУЛИДАН ВОЗ КЕЧИШ КЕРАК

  Муаллим, демакки ўқув юрти ҳам маълумот манбаи сифатидаги ўз аҳамиятини тобора йўқотиб бормоқда. Бизда ҳали Интернет тезлиги мақтагулик бўлмагани туфайли бу нарса унчалик яққол кўзга ташланмаётгандир. Лекин маълум вақтдан сўнг бу бизда ҳам сезила бошлайди.
  Aгар ўқувчида билимни муаллимсиз қидириб топиш имкони бўлса, унда устоз олдидаги вазифа нима? Мен бунда 4 та асосий вазифани кўрсатган бўлардим:1. Қизиқтириш 2. Тўғри йўналиш бериш 3. Фикрни тарбиялаш 4. Мотивация уйғотиш. Шу ўринда мотивация масаласига алоҳида тўхталиб ўтишни истардим. Бунда бизнинг жуда катта камчиликларимиз кўзга ташланади. Мактабданоқ ўқувчиларни фақат танбеҳ ёки мақтов ёрдамида тарбиялаймиз. "Қамчи ва прянник" услубидан бошқасига ё эринамиз ёки ақлимиз етмайди. Ваҳоланки, боланинг ўзидаги иштиёқни кучайтира олиш зарур. Аммо бизда фарзандларимиз устоздан дакки эшитмаслик  ёки мақтов эшитиш учун ўқийди. Фаннинг ўзига бўлган қизиқиш сўниб қолади. Шу усулда тарбия олган кадрлар кейинчалик қайси соҳада ишласа ҳам "қуллик фалсафаси"га таяниб яшовчи, ўзидан юқори одамга ўйламай-нетмай бўйсунувчи, ўзидан қуйидагини эса бир тийинга олмайдиган манқуртга айланиши турган гап.

ДАВЛАТ МИҚЁСИДА НИМА ҚИЛИШ МУМКИН?

  Бунинг учун аввало, аҳоли, айниқса болалар, ўсмирлар ва ёшлар орасида илм-фанга бўлган қизиқишни уйғотиш, илмни кенг реклама қилиш, уни чиройли қилиб кўрсатиш зарур. Аммо буни ҳаваскорларга ишониб топшириш керак эмас. Бундай ишларнинг ҳам ўз усталари бўлади. Маркетологлар, ижтимоий тармоқ мутахассислари, социологлар бош қотириши керак бунинг учун. Шундай мутахассисларни жалб қилсаккина таълимда ривожланиш бўлиши мумкин. 
  Таълим деганда хаёлимизга фақат мактаб, университет, коллеж, хуллас муайян бир бино келмаслиги керак. Замон шиддат билан тараққий этаётган ҳозирги даврда  илм олишнинг кўплаб бошқа манбалари мавжуд. Масалан, телевидение, интернет, радио, журналлар, газеталар ва албатта, китоблар.Таълим сифатини ошириш учун фақат мактаб ёки университетдаги таълимни эмас, интернет, телевидение, умуман ОAВлардаги ҳамда китоб дўконлари орқали бўладиган таълимни ҳам ҳисобга олиш керак. Масалан, Халқ таълими вазири ўринбосари Aлишер Саъдуллайев "ТЕД Талкс"нинг ўзбекча муқобилини яратамиз, деганида жуда қувонган эдим. Негадир бу лойиҳа ҳалиям амалга ошмади.
  Кейингиси, ўқитувчилар обрўсини ошириш лозим. Бу ҳақида фақат дангасалар бонг урмади, холос. Аҳолининг ҳамма қатлами бу ҳақда ўз фикрини билдиришдан ҳамон тўхтагани йўқ. Ўқитувчининг жамиятдаги нуфузини ошириш керак, бусиз иложи йўқ.Шунингдек,  илм-фанга бағишланган сифатли сайтлар ва каналларни кўпайтириш керак. Бу борада интернет - илм тарқатишнинг жуда самарали йўлидир. Aлбатта, сифатли сайт ёки канал яратиш учун кучли мутахассисларни (хусусан хориждан ҳам) - малакали устозлар, турли соҳа экспертлари ва дастурчиларини жалб этиш даркор.
  Яна бир жиҳат,  "Дунё бўйлаб", "Маданият ва Маърифат" ва "Ёшлар" телеканалларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш зарур.
  Илмий-оммабоп филм ва кўрсатувлар аҳолида илм-фанга бўлган қизиқишнинг орттиришига сабаб бўлади. Бу жуда ҳам самарали йўл. Ҳафтасига камида бир марта "Discovery"ни кўрадиган боладан экстремист чиқмаса керак. Хориждаги муқобил телеканаллар бу соҳада анча илгарилаб кетган. Тўғри, уларнинг бюджетидаги рақамлар бизникидан бир неча хона кўпроқ. Аммо ўзимиз ҳозирча ўша даражада ярата олмасак ҳам, тайёрини таржима қилиш ҳам мумкин-ку. Шундай қилиняпти ҳам. Лекин, ҳозирги эфирга берилаётган дастурларда  15-20 йил аввал ишланганлари таржима қилиб берилаяпти. Бу ҳам замон билан ҳамнафас бўлолмасликдан бошқа нарса эмас.

ТАРИХДА ЎҚИЙДИГАН ТАЛАБАГА ОЛИЙ МАТЕМАТИГА НЕГА КЕРАК?

  Бунинг учун аввало, ўқув дастурларини батамом янгилаш керак. Бу биринчи навбатда олий таълимга тегишли. Талабаларимиз институтни тамомлаб, ишга киргач, ҳамма нарсани нолдан бошлаб ўрганяпти. Университетларимиз ўз ишининг усталарини тайёрлай оламаяпти. Ўтиладиган фанлар жуда кўп. Биз негадир қомусий олимларни етиштиришга интиламиз. Аммо тор доирадаги мутахассислар етишмайди. Тарих йўналишида ўқийдиган  талабаларга Олий математиканинг нима кераги бор? Фанлар сонини кескин қисқартириш пайти келмадимикин? Агар кимки ана шундай ҳар соҳадан бир шингил илм олишни истаса бўш вақтида китоб ўқиб ёки телевизордаги илмий-оммабоп дастурларни кўриб бунга эришса бўлади-ку!  Ҳар томонлама комил инсонларни шакллантириш учун университет дарс жадвалини банд қилиш шарт эмас, деб ўйлайман.
2. Дарсликларни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш керак.
Дарслик жорий қилинишидан аввал уни ана шу китоб бўйича бевосита ишлайдиган инсонлар-мактаб, коллеж ёки университет ўқитувчилари кўриб чиқиши лозим. Aйнан улар маъқул топган дарсликкина тасдиқлансагина нур устига аъло нур бўлмайдими? Чунки  зар қадрини заргар билар, чилангар қайдан билар...
3. Педагоглардан мунтазам фикр сўраб туриш
Ҳа, айнан шундай қилиш керак. Халқ таълимидан комиссия жўнатиб, "анави ҳужжат қани?" , "манави плакат нега йўқ?" демасдан ўқитувчилардан ҳам фикр сўраб туриш керак. Ўқитувчининг ёки директорнинг, ёхуд декан ва ректорнинг олдига бориб "Ҳой, сенинг нима дардинг бор? Биздан қандай ёрдам керак?" деб ҳам кимдир сўраши керак-ку, ахир! 
4. Онлайн дарсларни ташкил қилиш
Бу ўқувчилар учун ўтилган дарсни янада мустаҳкамлаш, ўқитувчилар учун эса тайёр ва текинга малака ошириш бўлади, деб ўйлайман. Яхши янгилик шуки, ҳозир бу масалада илк қадамлар қўйиляпти. Яна ҳам жадалроқ қадамлар ташланишидан умид қилиб қоламиз.
5. Интизомсиз болалар билан ишлашнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш ва унга амал қилиш

ЎҚИТУВЧИ ҲАТТО ЖИНОЯТЧИ ЎҚУВЧИГА ҲАМ ТИШИНИ-ТИШИГА ҚЎЙИБ ЧИДАШГА МАЖБУР

  Яхши ўқимайдиган  болаларни синфдан синфга қолдириш амалиёти деярли йўқолиб кетди. Нега? Чунки биз статистикадан қўрқамиз. Ҳозирги тизимда интизомсиз ўқувчиларга қарши ҳеч қандай тайинли чора йўқ. Дарс қолдирса  ҳам, вазифа қилмаса ҳам ёки синфдошини ҳақорат қилса ҳам  қатъий белгиланган жазо йўқ. Ўқитувчи ва мактаб маъмурияти ҳатто жиноятчи ўқувчиларга ҳам тишини-тишига қўйиб чидайди. Чунки тегишли жойга хабар берса, калтак яна ўзининг бошида синади. Нега тарбиявий ишлар билан шуғулланмагансанлар, деган дакки эшитади. Оқибатда, директорлар тартибсиз, билимсиз болаларни ҳам яхши қилиб кўрсатишга одатланишган.  Аммо касалини яширгани билан барибир  иситмаси ошкор қилади. Энг ёмони, бу “иситма” жамиятимизга ҳам салбий таъсир ўтказади.

 САВОДХОНЛИК НЕГА КАМАЙИБ КЕТЯПТИ? 

  Албатта, саводхонлик ҳар бир шахснинг фазилати, ахлоқи ва масъулиятидан далолатдир. Саводхонликка амал қилмаслик шунчаки имло қоидаларини бузиш эмас, балки мантиқий номувофиқликларга, фикрнинг нотўғри ифода этилишига олиб келади. Масалан, мантиқий хатолар кўп ҳолларда паронимларни қўллаш билан боғлиқ. Шаҳримиз муассасаларида “Ҳуш келибсиз!” деган хитобга кўп кўзимиз тушган. Хуш ва ҳуш пароним (талаффузи ўхшаш) сўзлар бўлиб, хуш “ёқимли”, ҳуш “ақл” маъноларини ифода етади. Юқоридаги ҳолатда “ёқимли, хуш (қадам билан) келибсиз” мазмунидаги илтифот ўрнига “ақлли келибсиз” тарзидаги номувофиқ боғланиш юзага келиб қолган.
  Халқимизда “Онангни бошингда тутсанг синглингни кафтингда тут” деган мақол бор. Бу мақолда айрим ўринларда кифт сўзининг ўрнига унинг пароними – кафт бирлигини ёзиш ҳолати кузатилади. Кифт “елка қисми”ни ифода етади, кафт  эса “қўл ояси, қўл ҳовучи” (“қўл ояси” кафт сўзининг бугун истеъмолдан чиқиб кетган, шевада қўлланган шакли). Кифт сўзи қўлланганда “сингилни эъзозлаш, онадан кейинги ўринда тутиш” англашилади, кафт сўзи қўлланганда ҳам сингилни эъзозлаш тушунилади. Қизиғи шуки, қўл кўтарилганда кафт бошдан юқори бўлиши мумкин...
  Бир расмий йиғинда касбдошим “Гижжаларни даволаймиз!” деган эълон мазмунига эътиборимизни қаратди. Мақсад “гижжаларни даволаш”ми? Қани бу ерда мантиқ? Aхир гижжаларни даволамайдилар, гижжалардан халос этилади.
  Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Демак, саводхонлик фикрни тўғри ифодалаш, мазмунни тўғри  англатиш ҳамдир. Афсус, ҳозир бу борада бизда анча оқсашлар мавжуд. Ёшлар орасида саводхонлик пасайиб кетяпти. Бунинг учун ҳамма бирдек курашиши ва масъулият ҳис қилиш лозим.

Гулруҳ ЁРМАТОВА - журналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот