Юлдуз Исматова (1944- 2004)


   Юлдуз Исматова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, етук раққоса. У 1944 йил 31 октябрда Тошкентда иқтидорли кино ва театр актёри Асад Исматов хонадонида дунёга келган. 
   Ўзбек хореография билим юртида ўқиб юрган даврида, 1963 йили Муқимий номли мусиқали драма ва комедия театрида раққоса бўлиб фаолиятини бошлаган.
   1963 йилдан 1988 йилгача барча спектаклларда якка рақсларни ижро этди. Айниқса, у «Нурхон», «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Паранжи сирлари», «Севги хиёбони», «Қалам қошлигим» спектаклларида ижро этган рақслари ва концерт репертуарига кирган «Муножот», «Тановар», «Завқим келур», «Оразбон лазги», «Гулнор», «Сайёра», «Раққоса», «Гулчи қиз», «Рақиблар» арабча, ҳиндча, афғонча рақслари билан томошабинларни мафтун этди.
   Юлдуз Исматова 1976 йилда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатди.
   Бу йиллар давомида спектаклларда актриса сифатида роллар ҳам ижро этди. «Қайнона»даги Офат, «Ёлғончи даркор»даги Пицакица, «Хотинимнинг эри»даги Зарифа, «Нурхон»даги Қумри, «Ярим тундаги ўғрилик»даги Цица, «Ҳижрон»даги Чарльтон, «Гулбаҳор қани»даги Ҳадича, «Тошболта ошиқ»даги Салтанат, «Жоним фидо»даги Валя, «Менинг жаннатим»даги Нодира, «Она қизим» даги Гўзал, «Қиз булоқ»даги Оҳу, «Оддий мўъжизадаги Малика ва бошқа образлар шулар жумласидандир.
   У балетмейстер сифатида ҳам ижод қилиб, «Лайли ва Мажнун», «Олифта», «Мангулик», «Гулсара», «Тоҳир ва Зуҳра», «Паранжи сирлари», «Нурхон» спектаклларида рақслар саҳналаштирди ва қатор концерт дастурларида янги рақслар, яллалар, мақомлар яратди. «Дилафрузга тўрт ошиқ», «Олтин даврим», «Олифта», «Юлдузлар жамоли» каби спектаклларни саҳналаштирувчи режиссёри ҳам бўлди.
   1988 йилда Ўзбекистон Телерадиокомпаниясида «Тановар» миллий рақс ансамблини ташкил қилиб, Ўзбекистон Республикасида биринчи бор миллий рақс театрини (яъни миллий балетини) яратди.
   Санъаткор спектакллар билан бир қаторда концерт дастурларини ҳам саҳналаштирди.
   1988—1989 йилларда «Муножот» (Якка рақс), «Тановар», «Парвоз айлади», «Хоразмча», «Доира чорлайди», «Соқиномаи савти калон» (мақом), «Эй сарви равон», «Ўхшар», «Сув парилари», «Сумбула», «Адолат тановари» (оммавий рақслар), «Афғон», «Анор-анори» (эронча), «Раққоса келди», «Араб», «Индира Гандига бағишлов» каби якка рақсларни яратди. 
   1990—1991 йилларда «Мавриги», «Шодиёна», «Тановар-2», «Келтурса юз бало» (мақом), «Боғлар соғиндилар», «На бўлди», «Ўйнанг қизлар»,«Ҳо-ҳо-ялли» оммавий рақслари ва «Тонг шуъласи», «Эй ҳамдам» («Бобур» телеспектаклида арабча рақс), «Гулчи қизи», «Дала қалдирғочи», «Сарви гул», «Қараб қўй», «Афғон қизлари», «Рақиблар», «Бухороча рақс», «Уйғурча нимпарда», «Айрилмасин» якка ва уч-тўрт кишилик рақсларни 1993 йилда «Чойхона», «Ҳова-ҳова» (покистонча), «Дуторимни чертаман» (уйғурча), «Сумбул сочинг», «Бурама кўйлак» (оммавий рақс), «Сарвиноз» каби якка рақсларни саҳналаштирган.
   Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллик юбилейига бағишланган Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида театрлашган концертда «Коинот», «Бешик», «Қурбон ўлам», «Юлдузлар», «Абадият» рақсларини саҳнага қўйди. Хўжа Аҳрор Валийнинг 590 йиллик юбилейининг бош балетмейстери бўлган.
   У 1995 йилда Мукаррама Турғунбоева номидаги мукофот билан, 1998 йилда эса «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
   Юлдуз Исматова 2004 йилда Тошкентда вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот