САРОБГА АЙЛАНГАН ХАЁЛ


     Инсон қачон ахлоқ меъёрларидан чиқиб кетиши мумкин?! Нимадир асабига қаттиқ таъсир қилганида, тарбиясида ноқислик бўлганида ёки спиртли ичимлик кўп истеъмол қилганида. Қуйидаги шахсни эса ким деб аташни билмайсиз?! 2015 йилда оёғи синган Дилшод Мамаджонов гиёҳвандлик моддаларини қабул қилишни, спиртли ичимлик ичишни кундалик одатига айлантирди. Ўзи ҳеч бир ишни бошини тутмаган, оиласидан ажрашиб бир нафар фарзандни ҳам тирик етим қилган, 50 ёшни қаршилаган Дилшод Фарғона шаҳрида яшайди. Илгари жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан икки марта судланишга улгурган бўлса-да, ўзини ўнглаб олиш ўрнига яна жиноятга қўл урди. Кундалик эҳтиёжлари учун янаям аниқроғи, маишатбозлик учун пул топа олмаган Дилшод Мамаджонов осонгина ўғрилик қилишни режа қилди. Режани амалга ошириш учун кеч соат 1:00 ларда Қ.Ниёзий кўчаси, 69-уйга яширинча кириб келди ва у хонадондан умумий қиймати 1.000.000 (бир миллион сўм) лик пишириқ печи, мантиқасқон ва ошхона пичоқлари тўпламини ўғирлаб олиб чиқиб кетди. Буюмларни пулга зориққанлигини рўкач қилиб, магазин сотувчиси Гулнора Маъриповага сотмоқчи бўлди. Лекин сотувчи бу таклифни рад қилди. Савдоси пишмаганидан боши қотган Дилшод Г. Маъриповага буюмларни гаров тариқасида қолдириб, ундан 100.000 (юз минг) сўм миқдоридаги пулни олиб кетди ва пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборди. Бундан ташқари, у жинояти фош бўлмаганидан қувониб, “давринг келди, суриб қол” қабилида иш тутиб, Садаф кўчаси 65-уйга девор орқали ошиб ўтди. У хонадон эгаси М. Кимнинг Тошкент шаҳрида эканлигидан фойдаланиб, М. Кимга тегишли бўлган умумий қиймати 21.685.000 (йигирма бир миллион олти юз саксон беш минг) сўмлик кийим-кечак, гилам ва шунга ўхшаш рўзғор буюмларини ўғирлаб чиқиб кетди. Қилаётган ишидан заррача афсусланмаган Дилшод яна шу хонадонга ўғирлик қилгани кирди. Аммо бу сафар унга омад кулиб боқмади. Бегона шарпанинг оёқ товушларини сезган қўшнилар М. Кимга қўнғироқ қилишиб, уйида бегона одам юрганлиги тўғрисида хабар бердилар. Ўз навбатида М. Ким уйини хабар олиш учун жияни Л. Канга қўнғироқ қилди. Воқеа жойига етиб келган Л. Кан ўғрини ўз вақтида ушлашга муваффақ бўлди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди ўз биносининг очиқ суд мажлисида Дилшод Мамаджоновга ўғрилик ва босқинчилик жиноятларини содир қилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан 6 (олти) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. 

 

Музаффар Джурабоев, Фарғона шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан.

Маъруфа СОЛИЕВА, “Қонун ва ижро” газетаси махсус мухбири