ЎЙИНЧОҚ ТЎППОНЧАЛИ СОХТА “МИЛИЦИОНЕР”


     Жавлонбек Одилов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) илгари 2007 йил 21 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан қотиллик жиноятини содир этганлиги туфайли 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилиб, жазони 2016 йил 23 февраль куни ўтаб чиққан. Бу давр ичида у жазони ўташ муассасасида ҳам жиноят содир этиб, “Хавфли рецидивист” бўлишга улгурган. У тайинли бир иш топиш ва ҳалол меҳнат қилишни ўзига эп кўрмади. Аксинча, осонгина мўмай даромад орттириш илинжида кимларнингдир луқмасига кўз олайтиришни афзал билди. У шу мақсадда шаҳар кўчаларини кеза бошлади. Саёқ юрган кунларининг бирида кеч соат 18:00 лар чамасида Фарғона шаҳар Янги Аср кўчасида жойлашган вилоят кўп тармоқли шифохонаси олдига келиб қолди. 15 ёшли Дмитрий Субачёв ва Светлана Хачаковаларни ўзаро суҳбатлашиб турганини кўриб қолди-ю, ичидаги шайтони ғимирлади. Дарҳол вояга етмаганлардан нимадир ундириш илинжида уларнинг ёнларига келди-да, ўзини “Ички ишлар ходими” деб таништирди. Тунги вақтда кўчада юрганлари сабаб уларга тегишли ҳужжатлар расмийлаштиришини айтиб, уларни қўрқита бошлади. Сўнгра икковлонни Жўйдам маҳалласи ҳудудида жойлашган дала майдони томонга олиб борди ва чўнтагида бўлган ўйинчоқ тўппончани ўқотар қуролдек намоён қилиб, болаларга таҳдид қила бошлади. Натижада, қўрқитиш ва таҳдид йўли орқали Дмитрий Субачёвга тегишли бўлган нархи 800.000 сўмлик “Supra” русумли, 2.000.000 сўмлик “Iphone” русумли ҳамда Светлана Хачаковага тегишли бўлган нархи 1.350.000 сўмлик “Samsung J-5” русумли телефон аппаратларини зўравонлик йўли билан тортиб олишга эришди. Албатта, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Хавфли рецидивист бўлган Жавлонбек Одиловнинг ҳам бу қилмиши ИИО ходимларининг эътиборидан четда қолмади. Олиб борилган дастлабки тергов давомида Жавлонбек Одиловдан 1 дона “Omega” номли ўйинчоқ тўппонча ҳамда “Supra”, “Iphone” ва “Samsung J-5” русумли телефон аппаратлари далилий ашё сифатида қайтариб олинди. Жиноятчига нисбатан суд ҳукмига кўра тегишли жазо тайинланди.

 

Жасурбек САЙДАЗИМОВ, Фарғона шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи, капитан

Маъруфа СОЛИЕВА “Қонун ва Ижро” газетасининг махсус мухбири