Бепарволик ортидаги фожиа


 

     Муҳаммаджон Носиров (исм-фамилиялар ўзгартирилди) Фарғона туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасида машинист лавозимида ишлаб келарди. У Фарғона шаҳар, Оқариқ кўчасида асфальт ётқизиш ва таъмирлаш ишлари олиб бориш жараёнида, “Пинма каток ХР-163” русумли асфальт босиш машинасида, ушбу кўча бўйлаб орқа тарафлама ҳаракатланиб кетаётган вақтида хаёли қочиб, йўлга эътибор беришни унутди. 
Натижада, Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан 1996 йил 14 августда 273-сон билан давлат рўйхатидан ўтган намунавий Низомнинг 167-бандидаги, “Меҳнат муҳофазаси, қонунчиликда ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларга амал қилиши шартлиги” ҳамда 2018 йил 4 январь куни корхона бош муҳандиси томонидан тасдиқланган “каток бошқарувчилари учун техника хавфсизлиги бўйича йўриқнома”нинг 3-бандидаги “Каток механизми ишлаётган майдончада машинистдан бошқа ҳеч кимнинг бўлишига рухсат этилмайди”, деган талабларини қўпол равишда бузди. У бепарволик қилиб, ушбу йўлда йўл таъмирлаш ишларини олиб бораётган йўл ишчиси А.Охуновни махсус техниканинг орқа томони билан босиб юборди. Натижада, жабрланувчи ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этди.
     Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, А.Охуновнинг ўлимига ўнг оёқ панжа суяклари кўплаб майдаланиб синиши, юмшоқ тўқималар, мушакларни узилиши, мажақланиши, бош мия ва ўпка шишуви сабаб бўлгани, бу тан жароҳатлари ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикастлар тоифасига кириши кўрсатиб ўтилди.
     Бўлиб ўтган суд мажлисида Муҳаммаджон Носиров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 102-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 102-моддаси 1-қисми билан Жиноят Кодексининг 45-моддаси қўлланиб, 2 (икки) йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ҳар ойлик иш ҳақининг йигирма фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 

Ферузахон СИДДИҚОВА -
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судьяси,
Маъруфа Солиева - "Қонун ва ижро" газетасининг махсус мухбири.