ҚАРЗ ВА АРЗ


 

     ҚАРЗ ВА АРЗ

 

     Элдона Мухторова (исм-шарифлар ўзгартирилган) “Тошиссиққуввати” ИЧБ УК Яшнобод туман иссиқлик тарқатиш бўлими техник инспектор лавозимида ишлаётганди. Ўша ҳудудда яшайдиган Шоира Шоева Элдонага қўнғироқ қилиб, уйини онасининг номидан ўз номига қайта расмийлаштираётганлигини, шунинг учун иссиқлик манбаидан қарздорлиги йўқлиги ҳақида маълумотнома кераклигини айтди.

Элдона бўлса маълумотнома бериш унинг ваколатига кирмасада бу аёлдан пул олишни ўйлади. Шоирага хонадонида иситиш тизими нотўғри уланганлигини, ҳужжатларни тўғрилаш лозимлигини айтиб маълумотнома берилиши учун 300.000 сўм харажат қилиши кераклигини таъкидлади. Шоира унинг бу таклифига рози бўлди.

     Шундан сўнг Элдона дарҳол ҳамкасби Шерназарга қўнғироқ қилиб бир мижозга маълумотнома кераклигини, эвазига 300.000 сўм беришини айтди.

Пулнинг дарагини эшитган Шерназар унга ёрдам беришга шошилди.

     Орадан уч кун ўтгач, Шоира Элдонага пулларни тайёрлаб қўйганлигини айтиб уйига чақирди.

     Элдона дарҳол Шерназарни топиб, иккаласи йўлга тушишди. Шоиранинг уйига келиб, уй ҳужжатларини  кўришди.

“Қарзингиз йўқ эканлиги ҳақидаги маълумотнома ва далолатнома эртага тайёр бўлади” деди Шерназар.

“Пулларни қачон берасиз?” дея пул олишга ошиқди Элдона.

Шоира уйнинг бошқа хонасига кириб, айтилган пулларни олиб чиқди ва Элдонага узатди. Элдона пулларни санаётганида хонага Департамент ходимлари кириб келишди.

Шундай қилиб бировни чув тушираман деган фирибгарлар қўлга тушди.

          Элдона Мухторова ва Шерназар Алиевлар тегишли жазоларини олишди.

 

ЖАЗО ВА ҚАЗО

 

     Содда, ишонувчан одамлар фарзандини институтларга киритиш учун ўзи ўтга чўққга уришади. Имкони борича таниш-билиш излашади. Гарчи ўша топган танишлари институтларга киритолмаса-да уларга ишонишади. Шундайлардан бири Хотам (исм-шарифлар ўзгартирилган) бўлди. У ўзининг яккаю ёлғиз ўғлини анчадан буён орзу қилиб юрган институтига киритишни мўлжаллади.

Ойпарча таниши Хотамнинг ишончига кириб, унинг жияни Қосимни  15.000 АҚШ доллари эвазига, Ўзбекистон Республикаси МХХ институтига танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишлигини ваъда берди.

16 март куни соат 16:30 ларда, Тошкент шаҳар М.Улуғбек туманида жойлашган “Ле Гранд Палас” меҳмонхонасининг автотураргоҳида Хотам билан учрашди. Унга қуюқ ваъдалар берди. Хотамдан 15.000 АҚШ доллари пулни олиб сумкачасига жойлади. Кетиш иштиёқида эндигина қадам босган ҳам эдики ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари уни тўхтатишди. Ашёвий далил билан ушлашди.

У ўзига тегишли жазони олишга улгурмади. Чунки касаллиги туфайли вафот этди.

Марҳуманинг турмуш ўртоғи Баҳром томонидан судга тақдим қилинган аризада, аёли Ойпарчага нисбатан жиноят ишини вафот этганлиги сабабли айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб, жиноят ишини тугатишни сўради.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 3-бандида – “Айбланувчи, судланувчи вафот этган бўлса, шахснинг жиноят содир этилишида айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб жиноят иши тугатилади» деб кўрсатилган. 

Суд, жиноят иши ҳужжатлари билан танишиб, прокурор фикрини тинглаб, О.Норматовани айблилик масаласини ҳал қилмай жиноят ишини ҳаракатдан тугатиш учун моънелик қилувчи ҳолатлар бўлмаганлиги сабабли уни жиноят содир этишдаги айблилик масаласини ҳал қилмай, жиноят ишини тугатишни лозим топди.

 

 

 

Хонбиби МАХАМОВА,  журналист