ИНСОННИНГ НАРХИ ҚАНЧА?


 

Жиноят ва жазо

ЧАҚАЛОҒИН СОТГАН АЁЛ ЁКИ ИНСОННИНГ НАРХИ ҚАНЧА?

 

     “Ўнта бўлса ўрни, қирқта бўлса қилиғи бошқа” дейишади машойихлар. Ўзбек халқи болажон. Шунинг учун улар ҳеч қачон боласидан воз кечмайди. Бироқ  гуруч курмаксиз бўлмаганидек айрим инсонлар борки улар арзимаган пулга ҳам ўз фарзандини сотишдан ор қилишмаяпти. Шундайлардан бири Гуллола Акобирова ( исм-шарифлар ўзгартирилган) бўлиб чиқди.

     Гуллола Сайфуллога шаръий никоҳ асосида турмушга чиқди. Иккита фарзандлик бўлгач, аёл турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, ажрашиб отасининг уйига қайтди.

     Бироздан сўнг у яна ҳомиладорлигини билиб қолди. Афсуски бу пайтда Сайфулло аллақачон бошқа аёлга уйланиб яшаётганлигини эшитди. Гуллола ундан яна ҳомиладор эканлигини айтганида собиқ турмуш ўртоғининг кўзлари олайиб кетди. У оталик масъулиятини ҳис қилмасдан Гуллола билан жанжаллашди. Хуллас, у бу фарзандини ҳеч қачон тан олмаслигини таъкидлади. Қонуний никоҳдан ўтмаганлиги учун аёл ҳам ҳеч қаерга унинг устидан арз қилолмади. Ой куни етиб Гуллола қиз фарзанд кўрди. Бироқ Сайфулло унга ўзининг фамилиясини бермади.

     Латофат боғчада ишлаганида ўша кўчада яшайдиган Гуллола билан танишиб қолиб, ҳол-аҳвол сўрашиб турарди. Улар худди опа-сингилдек иноқлашиб кетганди.

     Бир куни Латофат Гуллолани қўлида чақлоғи билан кўриб қолиб, ундан ҳол аҳвол сўрашди. Аёл эса  бошидан ўтган турмуш қийинчиликларини унга йиғлаб “достон” қилди. Ҳаттоки ҳозирги кунда қўлидаги митти чақалоғини  боқишга имконияти йўқлигини ҳам яшириб ўтирмади.

     Латофат аёлга раҳми келиб унга ёрдам бермоқчи бўлди. Ундан қўлидаги қизини фарзандликка беришини сўради. Чунки шу пайтгача унинг боласи йўқ эди. Фарзандсизликдан қийналиб ҳаттоки турмуш ўртоғи билан ажрашишгача боришганди. Аммо турмуш ўртоғи ҳеч қачон ажрашмаймиз дея унинг кетишига розилик бермаганди. Кейин турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашиб, фарзанд асраб олишга келишишганди. Латофатнинг томдан тараша тушгандек қилган бу таклифига аёл жон жон деб рози бўлди.

     Эртаси куниёқ Латофат турмуш ўртоғи билан Гуллолаларнинг уйига бориб, унинг ўзи ва онаси билан гаплашишди.

     “Паспортим йўқ. Шунинг учун паспорт олишимга 500.000 сўм беринглар”, деди Зилола эру хотинга мўлтираб.

     Улар ўзлари билан олиб келган пуллардан айтилган пулни дарҳол санаб беришди. Чақалоқнинг ҳаттоки гувоҳномаси ҳам йўқ эди. Қизалоқнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси бўлмаганлиги учун Муртазо унга Равшанова Робия Муртазо қизи дея исм фамилия қўйдириб, ФҲДЁдан гувоҳнома тўғрилаб олиб келди. Кейин яна 500.000 сўм пулни Гуллоланинг қўлига тутқазиб қизалоқни олиб кетишди. Аёл битта ташвишдан қутилганига шукр қилиб қолди.

     Афсуски, уларнинг бу ишлари ноқонуний эди. Шунинг учун суд уларга тегишли жазо тайинлади.

 

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист,

Илҳом УСМОНОВ,

Сурхондарё вилоят прокурорининг

катта ёрдамчиси